Тадбирда Халқаро кураш ассоциацияси президенти, Осиё Олимпия кенгашининг Осиё ўйинлари департаменти бош директори Ҳайдар Фармон, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, шунингдек, IKA мутасаддилари, қитъалардаги кураш ассоциацияларининг раҳбарлари, Ўзбекистон кураш федерацияси вакиллари иштирок этди. 

Унда 2023 йил IKA таснифида ўтадиган халқаро мусобақалар тақвими кўриб чиқилди.

Анжуманда  жорий йилдан бошлаб ўтказиладиган «Kurash–World Series Pro» мусобақаси режаси тасдиқланди. Унга кўра, ҳар бир қитъада йилига икки бор «World Series Pro (WSP)» турнири ўтказилади. Мусобақалар давомида курашчиларнинг рейтинги шакллантириб борилади. Ушбу турнирлар якунида ҳар бир қитъанинг ўз вазнидаги энг кучли 2 нафар курашчиси Тошкентда ўтадиган якуний WSP-Masters мусобақасига йўл олади. 

Беллашувлар эркаклар ўртасида -66 кг, -81 кг, -100 ва мутлақ вазн, аёллар ўртасида эса -57 кг, -70 кг ва мутлақ вазн тоифаларида ўтказилади. Йиғилишда турнирнинг регламенти атрофлича кўриб чиқилди. Мазкур сериядаги ҳар бир мусобақа IKA томонидан ташкил этилади ва ташкилот мутахассислари томонидан назорат қилинади. 

Шунингдек, йиғилиш давомида Ўзбекистон Президент қарорига биноан миллий спорт тури - курашни халқаро майдонда янада кенг тарғиб қилиш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу спорт энди ривожланаётган мамлакатларга кураш гиламларини етказиб бериш масалалари ҳам кўриб чиқилди.