Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, замонавий кураш қоидалари асосчиси Комил Юсупов меҳмонларга ўзбек кураши тарихи, унинг спорт тури сифатида халқаро майдонга олиб чиқилиши йўлидаги ҳаракатлар, дунё аренасидаги ривожланиш жараёни ҳақида гапириб берди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу йил 4 ноябрда имзолаган «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги тарихий қарори мазмун-моҳияти эса алоҳида мавзу бўлди.
Жанубий кореялик мутахассислар таэквондони ёзги Олимпия ўйинларига киритилиши йўлида олиб борилган саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб берди.
Учрашувда икки томонлама меморандум имзоланди. Унга кўра, келажакда курашни Олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жаҳон ёшларини кураш билан шуғулланишга кенг жалб этиш, курашни ўзбек бренди сифатида жаҳон дурдонасига айлантириш ва халқаро нуфузини юксалтириш, мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликка келишиб олинди.
Меҳмонлар Тошкентдаги Кураш музейида бўлиб, кураш тарихи ва бугуни ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатлар, маълумотлар билан танишар экан, кураш халқаро майдонда замонавий ва истиқболли спорт тури сифатида ривожланиши учун барча имкониятлар мавжуд эканини эътироф этди.