Мазкур тадбирга Германиянинг Кёлн халқаро бизнес университетида стратегик бошқарув ва консалтинг бўйича профессори, Гарвард университети Тадбиркорлик кафедрасида Карнеги тадқиқотчиси, Озарбайжон дипломатия академияси ва Голландиянинг Маастрихт университети Executive МВА дастурида «Инновация ва стартаплар» фани ўқитувчиси, ватандошимиз Одилжон Абдураззоқов таклиф қилинди.
О.Абдураззоқов стартапларда рискларни минималлаштириш, стартапларни молиялаштириш, ангел-инвестор ва венчур капитал компаниялари билан инвестиция шартларини келишиш, инвестиция шартномаси каби масалалар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини баён қилди, шунингдек хорижий тажрибалар бўйича тушунтиришлар берди.
Тадбирда стартапларни молиялаштириш усулларини (краудфандинг, фаришта инвесторлар, венчур молиялаш тизими) Ўзбекистонда жорий этиш билан боғлиқ муаммолар ва ечимлари бўйича таклифлар берилди. Жумладан, стартап лойиҳаларни молиялаштиришда жаҳон тажрибасига таяниш, шунингдек кўп маблағ сарфлаб етарлича натижа олмаган давлатларнинг хатоларини такрорламаслик кераклиги айтилди. Шунингдек, стартап лойиҳалар ишлаб чиқиларкан, уларнинг истеъмолчилари фақат Ўзбекистон ҳудуди билан чегараланиб қолмаслиги, балки стартапчилар кўрсатадиган хизматлар, ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар жаҳон аҳамиятига эга бўлиши зарурлиги ҳақида фикрлар билдирилди.
Профессор Абдураззоқов «Риск капитали», баъзи холларда «пай капитали» (equity саpital) деб номланадиган инвестиция манбалари, маълум улуш эвазига таваккалчилик даражаси юқори бўлган инновацион лойиҳаларни, стартапларни молиялаштиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Одатда, инновацион бизнесни қўллаб-қувватлаш функциясини бажарувчи акселераторлар томонидан саралаб олинган стартаплар бир неча ойлик тайёрлов дастурларини ўтаганларидан сўнг ўз лойиҳаларини инвесторлар олдида намойиш қилади. Муносиб кўрилганларига фирманинг маълум улуши эвазига инвестиция киритилади. Аксарият ҳолларда тажрибали моҳир тадбиркорлар стартаплар муваффақиятидан манфаатдор экани сабаб ҳам ўз фикр ва маслаҳатлари билан кўмак беради.
Тадбир якунига кўра шу каби тадбирларни тизимли равишда ўтказиш ҳамда етук мутахассислар билан бевосита мулоқотларни ташкил этиш юзасидан таклифлар берилди.