Президентимизнинг ўзбек тили байрами муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида айтилганидек: “Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида она тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда. Айниқса, она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради”.
Ҳақиқатан ҳам, ўзбек тилини халқаро миқёсда баралла янграётгани барчамизга қувонч билан бирга улкан масъулият ҳам юклайди. Энди бу борадаги илмий-амалий ишларни янги босқичга кўтариш, ўзбек тилини ўрганаман, бебаҳо бойлигини тадқиқ этаман деганлар билан ҳамкорлик ишларни жадал олиб боришни тақозо этади.
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори илмий тадқиқот институтида ҳам бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Халқаро илмий-тадқиқот институтлари, профессор, ёш олимлар билан ҳамкорликда дунё миқёсида ўзбек тилининг муносиб ўринга эга бўлиши, илмий доирада янги қирраларини тадқиқ этишга алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда.
Хорижий олим ва адиблар иштирокида ташкил этилган “Ўзбек тили ва адабиётини жаҳон миқёсида тарғиб этиш: натижа ва вазифалар” мавзусидаги онлайн халқаро илмий-маърифий анжуман ҳам бу борадаги ишларимизни яна бир поғонага олиб чиқди.
Анжуман Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилиб, ўзбек филологияси соҳасида тадқиқот олиб бораётган республика ва хориждаги олимлар, тадқиқотчилар, докторантлар ва ёш олимларнинг 100 нафарини қамраб олди.
Таниқли тилшунос олим Низомиддин Маҳмудов ўз сўзида бугунги кунда ўзбек тилини дунё миқёсида кенг ўрганилаётгани, чет элдаги олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедраси мавжудлиги тил тарғиботидаги муҳим ислоҳотлар натижаси эканини таъкидлади. Анжуманда сўзга чиққан Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов аввало, барчани халқимизнинг эртанги кунга бўлган юксак ишончи, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги, юрт келажаги учун муҳим бўлган сайлов натижалари билан қутлаб, ўзбек тилини тадқиқ этиш нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам муҳим эканини баён қилди.
Хусусан, Покистон, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон давлати ва бошқа чет мамлакат олимларининг маърузалари дунёда ўзбек тили, адабиёти ва фольклори тадқиқига бўлган қизиқиш ошиб бораётганини кўрсатди.
Анжуман ўз ишини ўзбек тилишунослиги, адабиётшунослик ва фольклоршунослик йўналишларида алоҳида шўбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди. Шўбаларда муҳокама қилинган мавзулар келажакда мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Ситора Барлибоева,
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори
институти таянч докторанти.