Бир нарса аниқки, қадимий Ўзбекистон заминида илк турк қабилалари пайдо бўлган, ҳукм сурган, дунёнинг чор тарафи узра ўктам ёйилган. Бежиз эмаски, ҳозирги замонавий турк сиёсатчиларининг, нафақат сиёсатчию олимлари, балки турк халқининг аксарияти бир овоздан Ўзбекистонни «ота юрти»миз деб фахрланади, улуғлайди, зиёрат қилиш илки билан яшайди.
Заминимизда инсоният тамаддуни цивилизациясининг илк намуналаридан тортиб, бутун оламни ҳозиргача ҳайратга солиб келаётган ренессанслар силсиласи бардавом бўлган. Халқимизнинг аждодлари ўзларининг барча соҳалардаги буюклиги билан бутун башарият ривожи ва тараққиётига беқиёс хизмат қилган ва зиё таратган.
Табиийки, бунинг ҳаммаси бутун турк оламининг ҳам ғурур-ифтихорини матрицаси, мустаҳкам пойдеворидир. Алишер Навоий каби буюк аждодларимиз турк адабий тилини, луғатидан тортиб, шакли-шамойилини белгилаб кетганлар.
Мен ислом давлатларидан бирида хизмат сафари билан бўлганимда икки араб давлат арбобини қизиқ баҳсини эшитганман. Биттаси, биз араблар сизларга муқаддас ислом дини билан ислом маданиятини туҳфа қилганмиз, деганида, бир араб донишманди унга айтган эди: биз араблар ҳали кўчманчи қабила бўлиб, уфқда кўринган хурмо дарахтини топиб ундаги мевасини тановул қилиб, туя сути ичиб юрган даврларда ўзбеклар китоб қўлёзмалар битишган, ўзбекларга нисбатан бундай гапларни сўзлаш мутлақо ўринсиз, дея ўз ҳамкасбига дашном берган эди.
Кўҳна қўлёзмалар ва китобларни варақлаганимизда, экспонатлар ва эпиграфикали меъморий ёдгорликларни кўздан кечирганимизда бунга бевосита гувоҳ бўламиз. Ушбу мерос хазиналари ҳамиша халқаро ҳамжамият ва айниқса, туркий халқлар зиёлиларини илмий қизиқишларига сабаб бўлиб келган.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кўп асрлик тарихга эга маданий меросимизни асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, мамлакатимиз, қолаверса, дунё миқёсида кенг тарғиб қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Президентнинг, Вазирлар Маҳкамасининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Табиийки, бу маданий мерос бойликлари авваламбор ўзбек халқининг, қолаверса, бутун туркий халқларнинг, кенг маънода олганда эса инсониятнинг ғурурини ифода этадиган ўлмас бойлик, тарихий ва маданий меросдир.
Илҳомбахш ва масъулият юклайдиган таклифлар
Бу ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимиз куни кеча Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши навбатдаги саммитида туркий халқлар келажаги учун тарихий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари сурди. Бунинг учун бутун турк олами ўзбек халқи етакчисидан миннатдорлигини яширмади.
Давлатимиз раҳбари тарихий аҳамиятга эга ўз нутқида қадимий Хива ва Қўқон шаҳарларида бўлиб ўтган туркий тилли давлатлар маданият ва туризм вазирларининг самарали учрашувлари, турк дунёси халқлари нақадар бой тарихий ҳамда маданий меросга эга эканини алоҳида таъкидлаб, туризм соҳасида Кенгашга аъзо мамлакатларда катта имкониятлар борлигига урғулади.
«Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш ва реставрация қилиш ҳамда бошқа йўналишларни қамраб олган «йўл харитаси»ни биргаликда ишлаб чиқишни таклифи ўз тарихига чинакам меҳр ва муҳаббатнинг юксак тимсолидир.
Шунингдек, саммитда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Туркий дунё бирлигига салмоқли ҳисса қўшган улуғ мутафаккир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш ҳақидаги қарори қабул қилинди.
Маълумки, ҳар бир цивилизация илм-фан, яратувчилик, иқтисодиёт, сиёсат ва маданиятда жаҳон тамаддунида қолдирган изи билан баҳоланади. Шу маънода, ўрта асрларда олимлар, фузалолар, илоҳиётшунослар, қурувчи-меъморлар ва ҳунармандларнинг бир неча авлодини етиштирган, уларнинг қуввати-ҳофизалари билан ўлмас асарлар, кашфиётлар, санъат асарлари бунёд этилишига сабабчи бўлган ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунида, хусусан, турк дунёсида тутган ўрни беқиёсдир. Ушбу цивилизациянинг алломалари қолдирган бебаҳо маънавий мерос ичида аждодларимизнинг ўрни ҳам муҳим ва салмоқлидир.
Жумладан, Президентимизнинг Ўзбекистонда муштарак тарихимиз ва маданиятимизга оид 200 мингга яқин ноёб қўлёзмалар мавжудлиги ва уларни ўрганиб келажак авлодга етказиш кераклиги ҳақидаги ажойиб ташаббус бизни ҳам илҳомлантирибгина қолмай, катта масъулият ҳам юклади.
Анжуманда илгари сурилган Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Туркий халқлар тарихи ва маданиятига оид нодир асарларни биргаликда ўрганиш, уларни таржима қилиш, ягона электрон базасини яратиш, бу соҳага рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида «Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот маркази»ни ташкил этиш таклифи юқоридаги ташаббусларнинг мантиқий ва тўлдирувчи давом бўлди.
«Зар қадрини – заргар билар» дейди доно халқимиз. Президентимиз турк дунёси учун маданий меросни сақлаб қолиш борасида мутлақо янги формат, шакл, яъни навигаторни таклиф қилди. Бу ҳам Учинчи Ренессанс остонасида турган Ўзбекистон турк оламининг маданий мерос марказларидан бири бўлиб қолаверишининг яна бир исботидир.
Бунинг учун янги Ўзбекистонда улкан имкониятлар эшиги бутун турк олами маданиятшунос ва санъатшунослари учун очиқ демакдир. Бу салоҳият ва имкониятлардан самарали фойдаланиш эса барча туркий оламни маънавий руҳий ва маданий бойишига дастури амал бўлиб хизмат қилади, қардош эллар ва келгуси авлодлар, умуман бутун дунё аҳлига уларни етказишга муҳим ҳисса қўшади.
Турсунали Қўзиев,
Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги
Маданий мерос агентлиги
директори вазифасини бажарувчи,
академик.