Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси Баҳодир Аҳмедов бошчилигида чим устида хоккей бўйича мамлакатимиз ўсмирлар терма жамоаси аъзолари шу кунларда Беларус пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро турнирда иштирок этяпти. Халқаро турнир 26 апрелга қадар давом этади.
Беларусга ташрифнинг илк кунида Баҳодир Аҳмедов бошчилигидаги делегация аъзолари ушбу мамлакат чим устида хоккей федерацияси кузатув кенгашининг раиси Валерий Иванов билан учрашди.
Унда дастлаб икки давлат ўртасида 2018 йилда имзоланган меморандумнинг ижроси муҳокама этилди. Шунингдек, келгусида икки давлат миллий терма жамоалари ўртасида халқаро ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш, тренерлар ва шифокорлар ўртасида ўзаро тажриба алмашинуви масалаларида ҳам келишувга эришилди.
Шу куннинг ўзида мамлакатимиз делегацияси аъзолари Беларус давлат жисмоний тарбия университети раҳбарияти билан ҳам учрашди. Унда томонлар ўсиб келаётган ёш авлодни халқаро тоифадаги тренерлик йўналиши бўйича билимларини янада ошириш мақсадида ушбу олийгоҳ профессор-ўқитувчиларини Ўзбекистонга таклиф этган ҳолда тажриба алмашинувига келишиб олинди.
Бевосита халқаро турнирга келсак, мусобақанинг иккинчи кунида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Беларуслик тенгқурлари билан куч синашиб, унда ҳамюртларимиз майдон эгаларидан йирик 4-1 ҳисобида устун келишди. Мусобақа давом этади, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.