Йиғилишда икки давлатнинг асосий вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари, шунингдек, дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир иштирокчиларига қутлов сўзи билан мурожаат этар экан, делегациялар раҳбарлари икки мамлакат ўртасида ўсиб бораётган ишонч ва юқори даражадаги доимий мулоқотни юқори баҳолади. Чехия ҳукумати раҳбарининг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга ташрифи қайд этилди. Таъкидланганидек, самарали ҳукуматлараро алоқалар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, инвестицияларни жалб этиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратяпти.

Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг ижобий динамикаси қайд этилди. Хусусан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сўнгги бир неча йил ичида икки баравар ошди. Ўзбекистон ва Чехия ишбилармон доираларининг узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шартнома ва битимлар тузишга қизиқиши кузатиляпти.

Йиғилишда кончилик, электротехника, қишлоқ хўжалиги, гидроэнергетика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, банк соҳасида ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама этилди. Томонлар мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича ўзаро муносабатларни оширишга тўлиқ тайёр эканликларини билдирдилар.

Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши доирасида, шунингдек, делегациялар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Лазиз Кудратов ва Йозеф Сикел қатор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилди. Конструктив фикр алмашиш ҳамкорликни фаоллаштиришнинг бир қатор истиқболли тармоқларини аниқлаш, эришилган келишувларни мониторинг қилиш ва назорат қилишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш имконини берди.

Йиғилиш якунлари бўйича ҲК йиғилишининг Якуний баённомаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Чехия ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма “Йўл харитаси” имзоланди, унда янги ўзаро манфаатли лойиҳалар ва илғор ташаббуслар ўз аксини топди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.