Тарихда шундай шахслар бўладики, уларнинг номи йиллар, асрлар ўтса-да, унутилмайди. Гап шу ҳақда кетганида тинчлик, озодлик, юрт равнақи, авлодлар бахтли ҳаёти йўлида заҳмат чеккан инсонларни хотирлаймиз. Уларнинг бемисл жасоратидан фахрланамиз, куч оламиз. Тинчлик ва осойишталикнинг қадрини англаб етамиз. Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган инсонлар хотирасини абадийлаштириш, фахрийларимизни ардоқлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз замирида шундай буюк ҳаётий ҳикмат мужассам.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни пойтахтимиздаги Ғалаба боғида бўлиб ўтган тантанали маросимда Президентимиз таъкидлаганидек, орадан қанча йиллар, асрлар ўтмасин, ота-боболаримизнинг фашизмга қарши курашда кўрсатган матонатини халқимиз ҳамиша қалбида, хотирасида сақлайди, бу жасорат ёшларимиз учун абадий ибрат намунаси бўлиб қолади.

Шу боис, бугунги кунда тарихимизнинг ушбу шонли саҳифаларини асл ҳолича ўрганиш ва келажак авлодларга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жанг майдонларидан эсон-омон қайтиб келган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, орамизда соғ-саломат юрган нуронийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда. Уларни тиббий-ижтимоий ҳимоялаш бўйича салмоқли ишлар амалга ошириляпти.

Президентимизнинг 2021 йил 20 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони уруш фахрийларига кўрсатилаётган эҳтиромнинг яна бир ёрқин намунасидир. Фармонга мувофиқ, барча шаҳару қишлоқларда, маҳаллаларда уруш қатнашчилари ва ногиронларига давлатимиз раҳбари номидан 12 миллион сўм пул мукофоти, эсдалик совғалар тантанали равишда топширилди. 

Тарихий ҳақиқатни, боболар жасоратини тиклаш йўлида

Шу вақтгача Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон халқи кўрсатган бемисл жасорат, қаҳрамонликлар ҳақида шунчаки рақамлар ва баъзи архив маълумотлари орқали таниш бўлиб эдик. Урушнинг аччиқ ҳақиқатлари аслида қандай бўлгани билан кўп ҳам қизиқмадик. Ниҳоят, орадан 76 йил ўтиб Президентимиз ташаббуси билан ўша суронли йиллар тарихини жиддий ўрганишга киришдик, янги тадқиқотлар бошланди.

Пировардида илгари бизга номаълум бўлган факт ва рақамлар келиб чиқди, ўша даврда халқимиз бошидан ўтказган аччиқ, мудҳиш кунлар манзараси кўз олдимизда жонли акс эта бошлади.

Уларнинг айримларини эслайлик. Шу пайтгача уруш йилларида беш азамат ўғлидан жудо бўлган Зулфия ая, Президентимизнинг кечаги нутқида эҳтиром билан тилга олинган, бошига катта фожеа тушган бўлишига қарамай, икки фарзандини қонли жанггоҳга кузатган Маъсума ая ҳақида билармидик!? Афсуски, йўқ. Ёки бу даҳшатли урушда 2 миллионга яқин юртдошимиз иштирок этгани ҳам кейинги тадқиқотлар жараёнида маълум бўлди. 1941 йилда мамлакатимиз аҳолиси сони 6 миллион 800 мингдан зиёдни ташкил этганини ҳисобга олсак, демак ҳар 3 нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб фашизмга қарши жанг қилган. Афсуски, уларнинг  500 мингдан зиёди жанг майдонларида ҳалок бўлган. Бу рақамлар ортида фарзандидан жудо бўлган ота-оналар, турмуш ўртоғидан бевақт айрилиб, ёш умри хазон бўлган аёллар, етим қолган болаларнинг аянчли тақдири эса урушнинг оғир оқибатлари янада ойдинлаштиради. Бу фожеали манзара ҳар биримизни огоҳ ва ҳушёр бўлишга, тинчликнинг қадрига етишга ундайди.

Яна бир мисол. Олиб борилган илмий изланишлар натижасида орден ва медаллар билан мукофотланган юртдошларимиз сонига ойдинлик киритилди. Маълумотларга кўра, 200 мингдан зиёд аскар ва офицеримиз жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Ватандошларимизнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга, 70 нафардан ортиғи учала даражадаги “Слава”  орденига сазовор бўлган.

Инсоният тақдири ва келажаги ҳал бўлаётган ўша суронли йилларда Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базаси бўлиб хизмат қилди. Юртимиз уруш майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берадиган муҳим таянч марказларидан бирига айланди. Ишлаб чиқариш корхоналари ҳарбий мақсадларда қайта ташкил этилди. Жумладан, кўп миллатли аҳолимизнинг фидокорона меҳнати билан ўша вақтдаги 300 га яқин корхонада ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шу даврда фронт ҳудудларидан юртимизга 151 та завод кўчириб келтирилиб, қисқа фурсатда ишга тушрилди.

Ўта оғир ва машаққатли йилларда халқимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари яққол намоён бўлди. Бу борада ҳам янги аниқланган маълумотларга кўра, уруш бўлаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 200 мингдан зиёд бола эвакуация қилинган. Халқимиз бу одамларга бошпана бериб, ота-онасидан жудо бўлган етим болалар “Сен етим эмассан!” деб ўз бағрига олгани инсонпарварликнинг чинакам намунаси бўлди.

Шу тахлит халқимиз тарихнинг ана шундай бешафқат ва суронли синовларидан ёруғ юз билан, ҳар томонлама муносиб ўтиб, бугунги ёруғ кунларга етиб келди. Эндиликда бундай қора кунлар қайта такрорланмаслиги учун тарихдан тўғри хулоса чиқариш, ёшларимизга ўтмишимизни асл ҳолича ўргатиш муҳим вазифадир.

Ғалаба боғи – шонли тарих, аждодлар куч-қудрати, халқимиз матонатидан сўзловчи асар

Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси барпо этилиши бугунги кунда бу йўналишда амалга оширилаётган хайрли ишларнинг, қаҳрамон аждодларимиз хотирасига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромнинг юксак намунасидир. Бугунги кунда бу даргоҳ пойтахтимизнинг энг гавжум, табаррук зиёратгоҳ масканларидан бирига айланмоқда. Бу ерда турли учрашувлар, маънавий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тадбирларни ўтказиш яхши анъанага айланди. Ўтган қисқа даврда Ғалаба боғига 350 мингга яқин юртдошимиз ва чет эллик меҳмон ташриф буюрган. Уларнинг орасида ўқувчи ва талаба-ёшлар, муҳтарам нуронийлар, ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, юқори мартабали хорижий делегациялар аъзолари борлиги, айниқса, эътиборга сазовор.

Ғалаба боғининг Президент Шавкат Мирзиёев томонидан яратилган асар, дея эътироф этилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, бу маскан ота-боболаримиз жасоратини улуғлайдиган, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган табаррук зиёратгоҳга айланиб бормоқда. Бугунги кунда мажмуа таркибида фаолият кўрсатаётган “Шон-шараф” давлат музейида 12,5 мингдан зиёд экспонат тўпланган бўлиб, уларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Ушбу музейдаги янги экспозициялар билан танишув чоғида Президентимиз Қуролли Кучлар, ҳуқуқ-тартибот тизимидаги вазирлик ва идоралар раҳбарларига ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш юзасидан қатор топшириқлар берди.

Қаҳрамон аждодларимиз хотираси олдида фарзандлик бурчимиз

Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимда сўзланган  нутқда илгари сурилган яна бир ташаббусни алоҳида қайд этиш жоиз. Президентимиз Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги бор ҳақиқатни аниқлаш ва халқимизга етказиш, аждодлар хотирасини абадийлаштириш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини айтди. Ҳар бир қишлоқ, маҳалла, таълим муассасаси, давлат ва нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчиликни уруш иштирокчиларига доир материалларни тўплаш ҳамда тарғиб этишда янада фаол бўлишга даъват этди.

 Албатта, бу бугунги тинч, эркин ва ёруғ кунларимиз учун жон фидо этган  қаҳрамон аждодларимизнинг ўчмас хотираси олдидаги қарзимиз ва фарзандлик бурчимиздир. Сўнгги йилларда Олий Мажлис Сенати томонидан ҳам бу борада салмоқли ишлар қилинмоқда. Ана шундай изланишларимизга мисол сифатида 2020 йилда бухоролик меҳнат фронти қатнашчиси Солиҳ Абдушукуровнинг ҳужжатлари тиклаб берилганини айтиб ўтмоқчиман.

  Солиҳ Абдушукуров уруш даврида Бухоро шаҳридаги пойабзал фабрикасида меҳнат қилган. Аммо ҳужжатида фабрикада ишлагани тўғрисидаги ёзув ўчиб кетган. Ҳалол меҳнати билан Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага, қолаверса, юрт равнақига ҳисса қўшган отахон ўзининг 1941-1945 йилларда фронт ортида, мамлакат ичкарисида меҳнат қилган фуқароларнинг тарихий рўйхатига киритилишини орзу қилган.

Отахоннинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва ундаги ёзувларни тиклаб бериш тўғрисидаги аризаси Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўрганилиб, Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош марказининг хулосаси олинди. Ҳақиқатан ҳам С.Абдушукуров 1932 йил 22 сентябрда Бухоро шаҳрида туғилгани, шунингдек, пойабзал фабрикасида меҳнат қилгани тасдиқланди. 

Вақт ўтади, замонлар ўтади, лекин узоқни кўзлаб, ҳаётнинг ўзи ўртага қўяётган талабларни инобатга олиб, одамийлик, инсонпарварлик фазилатларини улуғлаш, умуман, Ватан учун, элу юрт учун хизмат қилган инсонларнинг номларини сақлаш, инсон хотирасини қадрлаш йўлида қилинган бундай савобли ишлар ҳеч қачон унутилмайди.

Мамлакатимиздаги бу борадаги ишларга дунё ҳамжамиятининг ҳам ҳаваси келаётгани барчамизни қувонтиради. Масалан, яқинда Россия Давлат думаси Мудофаа масалалари қўмита раиси, Россия қаҳрамонлари ассоциацияси президенти Владимир Шаманов бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи ва улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар  бунга исботдир.

Жумладан, В.Шаманов: “Кейинги йилларда Ўзбекистондаги яхши ўзгаришлар, туб ислоҳотларни кузатиб ҳам қувонаман, ҳам фахрланаман. Шавкат Мирзиёев мамлакат ёшлари таълим-тарбиясига, илм-фан тараққиётига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс эпкини бошланганидан ҳам яхши хабардормиз. Сизларга фақат олға юришни, залворли марраларни забт этишни тилаб қоламан”, деган эди.

Дунё халқларининг нияти бир – уруш бўлмасин. Ўзбекистон ўз Президенти бошчилигида дунёга тинчликпарвар сиёсат тарғиботчиси сифатида танилгани эса кўнглимизни хотиржам қилади. Зеро, бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида минтақада ва дунёда ўзаро дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бебаҳо бойлигимиз – тинчлик ва барқарорликни, миллатлар, динлараро аҳиллик, тотувликни таъминлаш доимий эътиборда. Бу эзгу ишлардан кўзланган асосий мақсад тинчликни кўз қорачиғидек асраш, инсониятни ҳамиша эзгулик ва юксалишга даъват этишдир.

Қутбиддин БУРХОНОВ,

Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва

хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси