Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ривожланишининг ҳозирги даражаси баҳоланиб, пандемия давридаги Ўзбекистон-Хитой кўп қиррали ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ва жорий натижалари қайд этилди.

Хусусан, элчи таъкидлаганидек, пандемия ва унинг оқибатларига қарамай, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида энг юқори даражада мунтазам сиёсий мулоқотлар олиб борилмоқда. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Си Цзиньпин 7 май куни телефон орқали ўзаро фикр алмашдилар. Ҳамкорликнинг турли соҳалардаги қисқа ва ўрта муддатли устувор вазифаларини белгилаб олдилар.

Элчининг сўзларига кўра, “COVID-19” пандемияси дунё иқтисодиёти учун жиддий муаммолардан бирига айланди. Бу ҳолат савдо, иқтисодиёт, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда халқаро ҳамкорликнинг ритвожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон ва Хитойдаги вазият ҳам бундан мустасно эмас.

Бундай шароитда мамлакатларимиз аҳолисини зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ва тиббий буюмлар билан узлуксиз таъминлаш масалалари айниқса долзарбдир. Ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирлари, халқаро ва минтақалараро траснспорт ва алоқа йўллари, автомобиль ва темир йўл транспортида узилишлар мавжудлигини ҳисобга олиб, минтақада транспорт ва транзит йўналишларининг диверсификацияланган тизимини шакллантириш учун ҳаракатларни фаоллаштириш муҳимдир.

Шу билан бирга, суҳбатда таъкидланганидек, пандемия шароитида жаҳон иқтисодиёти таркибидаги ўзгаришлар, айниқса, ортиб бораётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун янги ўсиш нуқталарини топиш муаммосини актуаллаштирмоқда.

Мазкур жараён юқори технологиялар, рақамли иқтисодиёт, электрон тижорат ва қишлоқ хўжалигига инновацияларни жорий этиш каби соҳаларда ҳамкорлик олиб боришга туртки бериши мумкин.

Элчининг сўзларига, Ўзбекистон “Бир камар, битта йўл” ташаббуси доирасида аниқ инновацион, инфратузилма, танспорт, коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш тарафдоридир, бу барқарорликни мустаҳкамлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга ҳисса қўшади. Айнан шу муаммолар Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор вазифалари билан ўзаро боғлиқдир.

Пандемия глобал уланишга таъсир кўрсатиб, глобал иқтисодиётга зарар етказди. Бошқа томондан, Covid-19 жамоат ҳаёти ва халқаро савдонинг барча соҳаларини рақамлаштиришга кучли туртки берди. Бахтиёр Саидовнинг сўзларига кўра, юқори технологиялар, инновациялар, сунъий ақл ривожланиши, фаровонликнинг асосий омилига айланмоқда.

Шу нуқтаи назардан жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳозирги замон воқелигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда 2020 йил “Илм-фан ва рақамли иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди.

Бахтиёр Саидов Марказий Осиё-Хитой формати ривожланиш ва хавфсизликнинг долзарб масалалари бўйича ўзаро манфаатли конструктив ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни ишлаб чиқиш учун самарали майдонга айланишига ишонч билдирди. Бунга мамлакатларимизнинг Евросиёнинг юрагида жойлашганлиги, кенг халқаро ҳамкорлик учун очиқ бўлган ва гуллаб-яшнаган зонани шакллантиришдаги умумий узоқ муддатли манфаатлари ёрдам беришини таъкидлади.