COVID-19 пандемияси дунё ҳаётига кучли салбий таъсир кўрсатди ва глобал аҳамиятга эга жиддий муаммоларни юзага келтирди. Буни, айниқса, иқтисодий соҳада яққол кузатиш мумкин. Дунё пандемия оқибатларидан ҳамон қутула олгани йўқ. Боз устига, сайёрамизнинг айрим минтақаларида нотинч вазият юзага келди. Бу ҳам иқтисодий барқарорлик ва тараққиётга салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмаяпти.
Бундай вазиятда озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, транспорт логистикаси тизимлари ривожи билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишни жаҳондаги ҳар бир мамлакат олдига муҳим вазифа сифатида қўймоқда. Чунки бунинг ортида миллионлаб инсон тақдири бор.
Ўзбекистон 2022–2026 йилларда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, инсон капиталини ривожлантириш ва камбағалликни камида 2 баробар қисқартиришни мақсад қилган. Унга эришиш учун туб ўзгаришлар амалга ошириляпти. Буни иқтисодиётда хусусий сектор ролини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг камбағал ва эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда инфляция суръатларини жиловлаш, ҳамкор давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган дастурлар мисолида кўриш мумкин. Албатта, иқтисодий ислоҳотлар замирида, аввало, инсон манфаатлари ётибди.
Бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини беря пти. Макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишга эришилаётгани, озиқовқат хавфсизлиги таъминланаётгани халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётир. Биргина мисол. Ўзбекистон Глобал озиқовқат хавфсизлиги индексида 85-ўриндан 73-ўринга кўтарилди ва озиқ-овқат хавфсизлиги мўътадил бўлган мамлакатлар тоифасига киритилди. Рейтинг муаллифларининг фикрича, Ўзбекистон сўнгги уч йил ичида бу борада энг катта муваффақиятга эришган мамлакатлар ўнталигида биринчи ўринни эгаллаган. Бироқ олдинда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳам кам эмас. Кўзланган мақсадларга эришишда, шубҳасиз, халқаро ташкилотлар, йирик хорижий компаниялар ва таниқли экспертлар билан ҳамкорликнинг роли катта. Жорий йилнинг 3-4 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган II Ўзбекистон иқтисодий форумида ҳам ана шу ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Форумда халқаро молиявий институтлар, тадқиқот муассасалари, консалтинг ва юридик компанияларнинг 900 нафардан ортиқ вакили иштирок этди. Анжуманда 600 нафарга яқин маҳаллий мутахассис қатнашди.
Макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлаш, хусусий сектор, саноат, энергетика, молиявий бозорни ривожлантириш, гендер тенгликка эришиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, иқлим ўзгариши ҳамда “яшил” иқтисодиётга ўтиш, қулай ва очиқ бизнес муҳитини шакллантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш форум иштирокчиларининг муҳокама марказидаги мавзулар бўлди. 14 та панел сессия Тараққиёт стратегияси мақсадларига бағишланди. Бундан ташқари, ҳамкорлар томонидан долзарб иқтисодий мавзуларга оид тадбирлар ўтказилди.
Ҳар қандай тадбир ҳаётда қандай амалий из қолдириши билан баҳоланади. Шу нуқтаи назардан, Самарқанд форуми натижалари салмоқли бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. Форум доирасида хусусий секторни молиялаштириш, давлат-хусусий шериклик, бюджетни қўллаб-қувватлаш, таълим, энергетика, шаҳарларни комплекс ривожлантириш ва саноат соҳаларига тааллуқли умумий қиймати 3,8 миллиард АҚШ долларига тенг 62 лойиҳа юзасидан битимлар имзоланди. Бу эса халқаро ташкилотлар, йирик молиявий муас саса ва компанияларнинг Ўзбекистонга, бу ердаги иқтисодий шароит, инвестицион муҳит, ҳамкорлик истиқболига ишончи юқори эканидан далолат беради.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари хорижлик иштирокчилар ўртасида ўтказган ўзига хос сўров ҳам бу фикрни яна бир карра тасдиқлади. Сўровномадан “Ўзбекистондаги ҳозирги иқтисодий вазиятни қандай баҳолайсиз?”, “Ўзбекистоннинг бундан кейинги тараққиётидаги асосий манбаларни нималарда кўрасиз?”, “Форумнинг асосий ютуқларини қандай тавсифлайсиз?” каби саволлар жой олди.
Институт экспертлари “Ўзбекистондаги ҳозирги иқтисодий вазиятни қандай баҳолайсиз?” деган саволга берилган жавобларда “ўсаётган”, “очиқ”, “имкониятлар”, “салоҳият”, “барқарор” каби сўзлар кўп қўлланганини қайд этди.
“Ўзбекистоннинг бундан кейинги тараққиётидаги асосий манбаларни нималарда кўрасиз?” саволига жавобларда “ахборот технологиялари”, “молия” ёки “замонавий технологиялар” эмас, балки “инсон капитали”, “инновация”, “шаффоф лик”, “тўғридан-тўғри хорижий инвес тициялар”, “ҳамкорлик” асосий сўзлар бўлди.
“Форумнинг асосий ютуқларини қандай тавсифлайсиз?” саволига жавобларда эса “ишонч”, “очиқ мулоқот”, “келишувлар”, “алоқалар”, “режалар” каби сўзлар тез-тез такрорланди.
Шу билан бирга, халқаро ҳамкорлар томонидан форум доирасида кузатишлар ва хулосалар билдирилди. Жумладан, халқаро ҳамкорлар Ўзбекистон тўғри йўналишдаги иқтисодий сиёсат ва ижтимоий чоралар туфайли COVID-19 пандемиясини барқарор ҳолатда ўтказганини ижобий баҳолади.
Жаҳон банкининг баҳолашича, Ўзбекистон минтақа даражасида ўз барқарорлигини намойиш этяпти ва у Европа ва Марказий Осиё миқёсида энг юқори иқтисодий ўсиш суръатига эришадиган мамлакатлардан бири бўлади.
Халқаро экспертлар фикрича, давлат корхоналарини хусусийлаштириш, шунингдек, ахборот технологиялари муҳим роль ўйнаши лозим бўлган таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида ислоҳотларни давом эттириш ҳам аҳамиятли.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш яқин йилларда ҳам жиддий муаммолигича қолиши инобатга олинадиган бўлса, минтақавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва савдо алоқаларини яхшилаш катта аҳамиятга эга. Ўзбекистондаги бундан кейинги иқтисодий ўсишда давлат эмас, балки хусусий сектор ёнилғи вазифасини ўташи керак.
Форум иштирокчиларининг таъкидлашича, Ўзбекистон энергетика соҳасида муваффақиятга эришяпти. Энди эса уни банк соҳасида ҳам намойиш этиш пайти келди. Молия секторини ривожлантиришда инклюзивликка эътибор қаратиш лозим. Инклюзив молия тизими нафақат облигация ва акциялар, балки деривативлар ва бошқа молиявий воситаларни ҳам ўз ичига олади. Фонд бозорига ички бозорнинг янги иштирокчиларини жалб қилиш учун аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш жуда муҳим.
Барқарор тараққиёт ислоҳотлар марказида бўлиши керак. Ривожланишнинг кун тартибини ҳам у белгилайди. Айни чоғда ҳукумат томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаш стратегияси ишлаб чиқиляпти. У молиявий хатоларни бартараф этиши ва миллий мақсадларга эришишда давлат ва хусусий молиялашнинг мос йўналишини таъминлаши мумкин.
Гендер тенгликни таъминлаш ҳам форум иштирокчилари эътиборидан четда қолмади. Халқаро мутахассисларнинг қайд этишича, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш хайрия лойиҳаси эмас, балки иқтисодий ўсиш учун зарур асосдир. Аёллар тадбиркорлиги билан боғлиқ бир қанча муаммолар мавжуд. Болалар парвариши бўйича сифатли ва арзон хизматлар йўлга қўйилиши аёлларнинг меҳнат бозорига қайтиши учун кенг имконият яратади.
Таълим масаласига келганда, уни демографик муаммоларни бошидан кечираётган маҳаллий, минтақавий ва глобал бозорларнинг ҳозирги ва келгусидаги эҳтиёжига мослаш ва ҳамкорликни яхши йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон табиий ресурслар, инсон капитали, илмий салоҳият нуқтаи назаридан катта имкониятларга эга мамлакат. Энг асосийси — ана шу имкониятдан оқилона фойдаланиш. Самарқандда ўтказилган иқтисодий форум мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун катта ва жуда яхши платформа вазифасини ўтади.
Умид ОБИДХЎЖАЕВ,
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори