Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Фарғона шаҳридаги “Asia” меҳмонхонасининг анжуманлар залида Япония инвесторлари иштирокида “Shogun City” лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов, Фарғона шаҳар ҳокими Восилжон Назаров, “Ўзбекистон–Япония савдо уйи” раҳбари Бунёдбек Ибрагимов, вилоятимизга ташриф буюрган Окуда Такефуми бошчилигидаги Япония ишбилармонлар делегацияси ва тадбиркорлар иштирок этди.
Япон боғи, меҳмонхона ва ресторанлар мажмуасини ўз ичига олган йирик ва замонавий “Shogun City” лойиҳаси Япониянинг “Micado Development” компанияси томонидан Фарғона шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массиви — “Экочаҳар” ҳудудида амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида япон маданияти ва меъморчилиги анъаналари уйғунлашган замонавий турар-жой мажмуаси ҳамда бизнес маркази барпо этилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Япония давлатлари раҳбарлари ўртасидаги яқин, ўзаро ишончга асосланган муносабатлар натижасида сўнгги йилларда кўплаб соҳаларда ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини, юртимизда инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилганини алоҳида таъкидладилар.
Фарғона вилояти билан Япония ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришда “Shogun City” лойиҳаси муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
— Лойиҳанинг умумий қиймати 60 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу менинг шахсий фаолиятим ва Япония учун ҳам жуда катта лойиҳа. Келгусида Ўзбекистон ва Фарғона учун йирик бизнесга айланишига ишонаман, — деди Окуда Такефуми.
Шунингдек, ушбу лойиҳа япон инвесторлари учун вилоятда фаолият бошлашда ўзига хос платформа бўлиши, ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир доирасида вилоят раҳбарияти, инвесторлар ва ҳамкорлар иштирокида лойиҳага расман старт берилди.
Шунингдек, Окуда Такефуми бошчилигидаги Япония ишбилармонлар делегацияси Фарғона шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан танишди. Ушбу ҳудудда “Shogun City” лойиҳасининг биринчи босқичи — “Sakura Garden” замонавий турар-жой мажмуаси офисининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.