Бугун ҳеч бир соҳа ривожини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аҳолининг ҳам бу имкониятлардан фойдаланишга талаби кундан-кун ортмоқда. Ўтган даврда бу бўйича муайян ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, шу йил бошида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан уч баробар кўп, яъни қўшимча 2,8 мингта мобиль алоқа таянч станцияси ўрнатилди. Мамлакатимиз бўйича мобиль алоқа қамрови даражаси 99 фоизга, кенг полосали мобиль интернет қамрови 96 фоизга етказилди. Юқори тезликда ишловчи мобиль интернет фойдаланувчилари сони 712 мингтага ошди.
Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида ахборот технологиялари соҳасидаги натижалар ва жорий йилги вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда соҳадаги қатор камчиликлар кўрсатиб ўтилди, барча тармоқ ва ҳудудларда рақамлаштиришни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. Хусусан, мамлакатимизни минтақавий ахборот технологиялари марказига айлантириш бўйича вазифа белгилаб берилди.
Беш йил аввал бундай вазифани хаёлга ҳам келтириб бўлмас эди. Ахборот технологиялари экспорти ҳажми атиги 600 минг АҚШ долларига тенг эди. Соҳага қаратилган эътибор натижасида ўтган йилги экспорт ҳажми 46 миллион АҚШ долларига етди. Жорий йил бу кўрсаткични 100 миллион, яқин икки-уч йилда 500 миллион АҚШ долларига етказиш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон МДҲда мустақилликка эришгандан бери аҳолиси энг кўп ўсган мамлакатдир. Бунинг устига, океанга чиқиш учун камида иккита давлатдан ўтишимиз керак. Бу эса моддий экспорт учун транспорт харажати ошишига сабаб бўлади. Демак, асосий умид сервис соҳаси экспорти, хусусан, IT аутсорсингидир. Шу боис, юртимизни IT аутсорсинги бўйича минтақавий марказга айлантириш зиммамиздаги энг катта ва масъулиятли вазифа бўлиб қолади.
Ҳозир ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари учун мамлакатимизда қулай шарт-шароит яратилган. Етакчи аутсорсинг компаниялар ўз офисини кенгайтирмоқда. Уларнинг ижобий тажрибасини ўрганиб, бошқа йирик IT компаниялар ҳам Ўзбекистонда фаолият бошлашни режалаштиряпти. Айни пайтда юртимизга кириб келган ахборот технологиялари мутахассислари сони 3 мингдан ошди. Уларнинг 2 минг нафари “TashRush” дастури доирасида келган бўлиб, ҳозир IT парк резидент-компанияларида фаолият юритмоқда.
Йиғилишда вилоятларда ВРО (масофавий хизматлар) марказлар тузиш бўйича зиммамизга алоҳида вазифа юкланди. Бунинг учун чет тилни билиш зарур. Агар фарзандларимиз Тошкентда туриб АҚШдаги юк ташиш машиналарига диспетчерлик қилаётган бўлса, нега шу ишни Жиззах ёки Мўйноқда туриб амалга ошириб бўлмайди, деган масала ўртага қўйилди. Жорий йил охиригача юртимиздаги 14 та ҳудудда ВРО марказлар ташкил этиш ва Жаҳон банки билан биргаликда ишни тезлаштириш бўйича топшириқ берилди.
Жаҳон банки билан бирга амалга ошириладиган “Ўзбекистонда рақамли инклюзия” лойиҳасининг асосий вазифаси келгуси беш йилда 100 та масофавий хизматлар экспорти марказини ташкил этиш, уларни замонавий талаблар асосида жиҳозлаш ва юртимизга хорижий мижозларни жалб этишдан иборат. Бу эса 35 минг ёшни юқори маошли иш билан таъминлаш имконини беради.
Йиғилишда соҳадаги яна бир устувор вазифа — ўқитиш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бугун иқтисодиётни рақамлаштириш учун яна 12 минг нафар юқори малакали мутахассисга талаб борлиги қайд этилди. Шунинг учун Тошкент ахборот технологиялари университетини илмфан ва таълим кластерига айлантириш, замонавий IT парк университетини ташкил этиш таклифи билдирилди. Бу соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш баробарида ёшларнинг юқори даромад олиш имкониятини кенгайтиради.
Айни пайтда хусусий ташкилотлар томонидан ахборот технологиялари таълимига инвестиция киритилаётгани ва ҳар йили мингдан ортиқ битирувчини чиқариш имкониятига эга бўлган IT академиялар ташкил этилаётгани соҳага қаратилган юксак эътибордан далолат.
Жумладан, йирик компаниялардан бири бўлган “Epam” ташкилоти маҳаллий кадрларни тайёрлашга инвестиция киритмоқда. Жорий йилда ахборот технологиялари парки ва мазкур ташкилот билан ҳамкорликда 10 минг нафаргача битирувчини чиқариш имкониятига эга бўлган онлайн университет — “IT Park University” очилиши режалаштирилган.
Шерзод ШЕРМАТОВ,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири