Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг бошқарма бошлиғи А.Заҳадуллаев “Кавказ ва Марказий Осиёда ўрмон ландшафтини тиклаш бўйича ютуқлар – муаммолар – интилишлар” мавзусидаги йиғилишда асосий спикер сифатида қатнашди. Унда ФАО, ЕИК вакиллари, Арманистон, Грузия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон вакиллари ҳам иштирок этди.
Мазкур йиғилишда Кавказ ва Марказий Осиё минтақасининг ўрмон ландшафтларини тиклаш ва кўкаламзорлаштириш стратегияси лойиҳаси тақдим этилди. Ўзбекистон вакили томонидан ҳужжат лойиҳаси ва унинг асосий хулосалари тақдим этилди.
Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил майдонларни кенгайтириш ва Орол денгизининг қуриган тубида амалга оширилаётган комплекс ўрмонлаштириш чора-тадбирлар ҳамда 2022-2026 йиллар учун соҳада белгиланган устувор йўналишлар тўғрисида иштирокчиларга маълумот берилди.
Ўзбекистон вакили минтақада ўрмон ландшафтларини тиклаш бўйича тадбирларни, жумладан, миллий сиёсатнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш орқали кенгайтириш ва ўрмон ландшафтларини тиклаш бўйича миллий стратегия ва ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш ғоясини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Минтақада ўрмон ландшафтини тиклаш бўйича “Билимлар алмашинуви платформаси”ни ишлаб чиқиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Шу билан бирга сессияда ўрмончилик ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро боғлиқлик ва ерлардан барқарор фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу сессия давомида иштирокчиларга Ўзбекистон тажрибаси ҳақида сўзлаб берилди.
Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб бир даврда Ўзбекистонда ўрмонлардан кўп томонлама фойдаланиш йўлга қўйилгани, жумладан доривор ўсимликларни етиштириш, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва ёғочга оид бўлмаган ўрмон маҳсулотларини етиштиришга кенг эътибор қаратилгани сессия иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
ФАО Европа ўрмонлари комиссиясининг йиғилиши якунида навбатдаги давр учун ушбу комиссия раиси ва унинг ўринбосарлари сайланди. Сайлов натижаларига кўра, 2023 йил ноябрь ойига қадар Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси вакили А.Заҳадуллаев ФАОнинг Европа ўрмонлари комиссияси раиси ўринбосари этиб сайланди.