Адлия вазири Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар «алоҳида стратегик шериклик» даражасига кўтарилганини қайд этди.
Учрашувда А.Ташкулов Корея томонини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва новациялар билан таништирди ҳамда икки вазирлик томонидан амалга ошириладиган вазифа ва функциялар ўхшашлигини таъкидлаб, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда мавжуд идоралараро муносабатларни янада чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш мақсадида вазирликлар ўртасида келгуси йилларга ҳамкорлик дастурини имзолашни таклиф қилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан Корея Республикаси Ҳукумат қонунчилиги вазирлиги ўртасида ҳамкорлик алоқалари 2009 йилда имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум асосида амалга оширилади.
Ҳукумат қонунчилиги вазири Ли Ван-Кю, Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларни юқори баҳолади ва, ўз ўрнида, икки вазирликнинг ўхшаш вазифалари ҳамда фаолиятидаги ютуқларни ўзаро ўрганиш зарурлигига мамнуният билан ишонч билдирди.
Учрашув якунида томонлар қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёнлари, шу жумладан жамоатчиликнинг қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш механизмларини, уларни амалиётдан келиб чиққан ҳолда талқин қилиш, аҳоли учун ноқулайликлар келтириб чиқарадиган қонунчилик ҳужжатларини аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги тажрибани ўрганиш мақсадида мутахассислардан иборат делегациялар билан алмашишга келишиб олди, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.