Тадбирда  Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукур, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Э.Маликов, “Mahalla” телерадиоканали давлат муассасаси директори И.Чориев, “Ғунча” журнали бош муҳаррири Д.Шомаликова,  миллий медиамаконда журналистиканинг ўрни, Президентимиз томонидан унинг ривож топиши йўлида амалга оширилаётган  чора-тадбирлар ҳамда тадбиринг асосий қаҳрамони бўлган С.Ўрмоновнинг яқиндагина нашрдан чиқган “Тележурналист” китобининг  маънавий аҳамияти хусусида сўзга чиқдилар.

Инсон қалбини мунаввар қилишда китобларнинг ўрни бениҳоя катта. Китоб одамзотнинг буюк ихтироси ҳисобланади. Унинг кучу-қудратини фақат қуёшгагина менгзаш мумкин, дейди – Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров. –  Шундай китоблар борки, уларни  ўқиганинг сари тафаккуринг теранлашиб, онгу шууринг мусаффолашиб, ҳаётга бўлган ишончинг ошиб бораверади. Ҳаёт  йўлларингда беминнат ҳамроҳингга айланган асарни мутоалаа қилиш баробарида ўзинг учун энг муҳим нарсаларни кашф этасан одамийликни, оддийликни, ҳалоллик, эзгулик ва яхшиликни.  Саодат Ўрмонованинг  китобида эса айнан тележурналистиканинг келажаги учун муҳим бўлган, ёш журналистларга намуна бўла оладиган воқеа ва ҳодисалар ёниқ юрак, юксак маҳорат ва халқчиллик  билан қаламга олинганки уни шунчаки ўқиб бўлмайди...

Дарҳақиқат,    Саодат Ўрмонова   ўзбек тележурналистикаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган тиниб-тинчимас,  иқтидорли ижодкорлардан  ҳисобланади.

Журналистик фаолиятини Ўзбекистон телеканалида бошлади ва 1990 йилларда машҳур бўлган “Ёшлик видеоканали”нинг уч бошловчисидан бири сифатида  телетомошабинлар тилига тушди.  Шу билан бирга  фаолияти  давомида “Тележарида”,  “Рўзғор  ташвишлари”,  “Ассалом, Ўзбекистон”  тонгги дастури ва “Қишлоқ ҳақида ўйлар”, “Қишлоқдан мактублар”, “Кўнгил ободлиги” каби қатор кўрсатувлари  ўз мухлисларини  топди ва уни элга танитди.

“Тележурналист”  китобини С.Ўрмонованинг ана шу кўп йиллик сермашаққат ва айни пайтда  меҳр билан йўғрилган  фаолиятининг ўзига хос сарҳисоби дейиш мумкин.

Тадбирда  С.Ўрмоновага Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси  гувоҳномаси  ва кўкрак нишони  топширилди. Унинг  ҳаёти ва ижодига  бағишланган телелавҳа намойиш этилди.   “Тележурналист” китоби  тақдимоти  ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бундан буён  журналист-ижодкорлар асарларининг тақдимотини   мунтазам ўтказиб боришини  маълум қилади.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги ЎЗбекистон” мухбири