Ушбу ташкилот мамлакатда қатор йўналишлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацияларга асосланган лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Охирги бир неча йилда ҳамкорлик портфели уч баробар кенгайгани ўзаро ишонч ва глобал масалалардан бири бўлган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги умумий манфаатларнинг янада бирлашиб бораётганидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Италияга ташрифининг биринчи кунида ФАО офисига ташриф буюрганини кузатиш асносида ўзаро ҳамкорликнинг ривожланиш тенденцияси ва бугунги ҳолати ҳақидаги таҳлиллар яна бир карра хаёлимдан ўтди.
Бу ҳамкорлик Ўзбекистон 2011 йил 2 октябрда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти аъзосига айланганидан бошланган. 2014 йилда Тошкентда ФАО ваколатхонаси иш бошлади ва бугунги кунда муваффақиятли фаолият юритиб келяпти. Халқаро ташкилот билан ҳамкорлик бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ваколатли орган этиб белгилангани ҳам унинг мақсад ва вазифалари, асосий йўналиши шу тармоқни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборатлиги билан боғлиқ. Ана шу мақсадда ўтган йиллар давомида мамлакатда ФАО билан ҳамкорликда 15,3 миллион долларлик 33 лойиҳа амалга оширилди. Улар орасида Подшоота дарёси трансчегаравий бассейни сув кам ҳудудида сувни тежаш технологияларини жорий этишни жадаллаштириш, Ўзбекистонда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда тегишли қишлоқ хўжалиги амалиёти (GAP)ни илгарилатиш учун институционал салоҳиятни шакллантириш, Ўрмон ерлари ва ўтин ресурсларини комплекс баҳолаш сингари йирик лойиҳалар кўп.
Аммо сўнгги бир неча йилдаги ҳамкорлик ҳақида гап борганида, кўлам анча кенгайиб бораётгани кўзга ташланади. Бу бир томондан Ўзбекистоннинг дунё давлатлари учун очилиб, халқаро ҳамкорликлар кўламини кенгайтиришга фаол киришгани билан, иккинчи томондан, мамлакатнинг глобал масалаларда ўз позицияси, жаҳон майдонида ўз таклифларини илгари сура бошлагани билан боғлиқ экани кўзга ташланади.
Ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳалар сони ва қиймати 2018 йилдан буён мунтазам ўсиб боргани ҳам бунинг исботи. Энг кўп ўсиш 2020 ва 2021 йиллар — Ўзбекистоннинг илк бор ФАО Минтақавий конференциясида раислик қилган даврларга тўғри келади. Бу вақтда умумий қиймати 32 миллион долларга тенг 26 та минтақавий ва миллий грант лойиҳалари йўлга қўйилди. Минтақавий миқёсда амалга оширилаётган МҲД лойиҳаларининг асосий донорлари Глобал экологик фонд, Яшил иқлим фонди, Жаҳон банки, Туркия, ХХР, Корея Республикаси, Япония ҳукуматлари ва бошқалар бўлди.
Бугунги кундаги лойиҳалар ҳам салмоқ жиҳатидан аввалги йиллардагидан асло кам эмас. Хусусан, ҳозирги кунда Ўзбекистонда ФАО томонидан жами 55,14 миллион долларлик 33 лойиҳа амалга ошириляпти. Уларнинг 12 таси миллий лойиҳа бўлса, 21 таси минтақавий аҳамиятдаги ҳаракатлардир. Миллий лойиҳаларда кўпроқ ердан фойдаланиш, ўсимликшунослик, тупроқ ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгариши каби йўналишлар эътиборга олинган бўлиб, минтақавий лойиҳалар табиат ресурсларидан фойдаланиш, зараркунандаларга қарши курашиш, чорвачилик ҳамда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг кенг кўламли жиҳатларини қамраб олади.
Биргина CACILM-2 ҳаракатини оладиган бўлсак, мазкур минтақавий лойиҳа қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида ердан фойдаланишни яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда табиий ресурсларни комплекс бошқариш бўйича амалиётлар кўламини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли экани кўринади. Бу бўйича мутахассислар тавсиялар ишлаб чиқиб, ҳудудларда инновацион ёндашувлар ва технологияларни қўлламоқда. “Ғузор” қоракўлчилик хўжалиги МЧЖ ҳудудида атрофи ўралган яйлов ўсимликлари уруғлик майдони бунга мисол. 30 гектар майдонга яйлов ўсимликлари уруғлари белбоғ усулида экилиб, кейинчалик хўжалик эҳтиёжлари ва сотиш учун уруғлик етиштириш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида Бухоро ва Қамаши туманлари қишлоқ аҳолисини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, ўтган йили фермерлар ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги техникалари, иссиқхоналар, қурғоқчилик ва шўрга чидамли экинлар уруғлари беғараз етказиб берилди.
ФАО ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигидаги “Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик” лойиҳаси эса иссиқхоначиликни ривожлантиришга қаратилган. Яъни, қишлоқ жойлардаги кичик иссиқхоналарни замонавий усулда модернизация қилиб, илғор технологияларни қўллаш ҳисобига маҳсулот етиштиришда юқори сифат ва ҳосилдорликка эришиш мақсад қилинган. Лойиҳа Ўзбекистонда 2020—2024 йиллар давомида амалга оширилади. Жараёнда асосан кичик ҳажмдаги иссиқхоналар танланди. Илк босқичи 2021 йилда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида бошланди. Ўшанда 20 хонадон танлаб олиниб, уларнинг иссиқхоналари лойиҳа гранд маблағлари ҳисобидан охирги технологиялар асосида қайта таъмирланди. Барчасига насослар, фильтрлар, сув идишлари ва шланглардан иборат замонавий томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилди. Хуллас, иштирокчиларнинг замонавий технологиялар асосида бир неча баробар юқори ҳосил олишига эришилди.
Умуман, ФАО Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишдан тортиб уни амалга оширишни ҳам қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки томон ўртасида умумий қиймати 17 миллион долларга тенг 2021—2025 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат ҳадли дастури (МҲД) ҳам имзоланган. Дастур иккита муҳим стратегик йўналиш — саломатлик, фаровонлик ва барқарор гуллаб-яшнашга олиб борувчи инсон капиталининг инклюзив тараққиёти ҳамда иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда барқарор тараққиётга қаратилган ҳаракатларни белгилаб беради.
Бундан ташқари, қиймати 41,3 миллион долларга тенг 4 та лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Улар Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш, хавфли кимёвий моддалар билан оқилона муомала қилиш соҳасидаги техник ёрдам, ФАО Техник кўмак дастури бўйича лойиҳалар, шунингдек, Пандемия фонди учун “Марказий Осиёда “Ягона саломатлик” ёндашувлари ёрдамида пандемияга тайёрлик ва жавоб чоралари минтақавий лойиҳа”си каби йўналишларни қамраб олади.
Ҳозирда ФАОнинг техник кўмагида иқлим ўзгаришига қарши курашиш, унинг қишлоқ хўжалигига таъсирини юмшатиш ва мослаштириш учун қиймати 6,5 миллион долларга тенг Глобал экологик фондининг грантини жалб қилиш устида ҳам иш олиб бориляпти. Мамлакат билан биргаликда доимий равишда халқаро тадбирлар, конференциялар ўтказилиб, глобал масалалар кўтарилибгина қолмай, хорижлик мутахассислар билан уларнинг ечимлари изланмоқда.
Жорий йил сентябрь ойида Самарқандда ФАО шафелигида озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган юқори даражадаги халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган. Унда яна бир карра озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун импорт инфляция даражасини пасайтириш чораларини кўриш ва соҳадаги бошқа глобал масалалар ўртага ташланади. Йирик тадбир ушбу масалалар бўйича халқаро миқёсда, ўзаро ҳамкорликда аниқ чора-тадбирлар белгиланишига йўл очади.
ФАОнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги эса бундан кейин ҳам фаол давом этади. Зеро, ҳамкорликдаги лойиҳалар қишлоқ хўжалиги соҳасида маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш, қўшимча қийматни яратиш, юқори ҳосилдорлик, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳажмларининг ошишига хизмат қилмоқда.
Шерзод УМАРОВ,
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг
Ўзбекистондаги вакили ўринбосари