Унда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва кенгайтириш масалалари ҳамда икки ва кўп томонлама муносабатлар доирасида қўшма ташаббусларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати муҳокама қилинди.
Жумладан, томонлар жорий йил охиригача Тошкентда ташқи ишлар вазирларининг «Италия – Марказий Осиё» иккинчи учрашувини «1+5» шаклида ўтказиш масалаларини ҳамда бўлажак икки томонлама тадбирларни муҳокама қилдилар. Инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси соҳасига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзаро савдони жадаллаштиришга доир самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида икки томонлама идоралараро ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини аниқлаш мақсадида икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари ўртасида бевосита алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма тадбирлар ташкил этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасига тўхталиб, томонлар Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Геология фанлари университети ва Италиянинг Пиза университети ўртасида Тошкент шаҳрида даргоҳнинг филиалини очишга доир эришилган келишувларнинг юқори аҳамиятини таъкидладилар.
Учрашув якунида томонлар бизнес алоқаларни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, икки давлатда иқтисодий фаолиятни тиклаш ва ковиддан кейинги даврда минтақавий ва минтақалараро шерикликнинг янги шакл ва схемаларини ишлаб чиқиш учун икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш мажбуриятини билдирди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.