Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев ва Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Чху Кюнг Хо ҳамраислик қилди.

Суҳбат чоғида кун тартибидаги асосий масалалар, жумладан, жорий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари юзасидан конструктив фикр алмашилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмларининг ўсишида ва Корея инвестицияларини жалб этишда барқарор ижобий тенденция кузатилаётгани қайд этилди. Хусусан, 2023-йил бошидан буён Ўзбекистоннинг Кореяга экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга кўпайган, Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган тўғридан-тўғри Корея инвестицияларининг умумий ҳажми эса 7 миллиард доллардан ошди. Томонлар савдо-иқтисодий, молиявий-техник ҳамкорликни, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашда муносабатларни янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўришга қатъий содиқликларини билдирдилар.

Молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, EDCF Жамғармаси билан биргаликда амалга оширилаётган Фармацевтика ва Тиббиёт кластерларини яратиш каби лойиҳаларнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди. Тегишли қўшма “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Бундан ташқари, Кореянинг KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда олиб борилган ишлар самарадорлиги қайд этилди. Агентлик кўмагида Ўзбекистонда умумий қиймати 141 миллион долларлик 33 та лойиҳа амалга оширилган ва ўзбекистонлик мутахассислар учун Кореяда 2 мингдан ортиқ малака ошириш курслари ташкил этилган, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Томонлар кун тартибидаги бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.