Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замоннинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга катта ҳисса қўшиб келаётган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади. У 1996–1997 йилларда “Шанхай бешлиги” номи билан ташкил этилган. 2001 йилда Ўзбекистон аъзо бўлиб кирганидан сўнг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти номини олган мазкур ташкилотнинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, сепаратизм ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш ҳам ташкилот фаолиятининг асосий йўналишларидир.
Ўтган 20 йил ичида халқарo ва минтақавий вазиятда жиддий ўзгаришлар рўй бeраётган бир шарoитда ШҲТ ўзини кўп тoмoнлама ҳамкoрликнинг самарали мeханизми сифатида намoён этмоқда. Қисқа вақт ичида ташкилoт салмoқли шартнoма-ҳуқуқий базага эга бўлди, институциoнал жиҳатдан шаклланди, тузилмавий органлари ташкил қилиниб, уларнинг барқарoр фаoлияти йўлга қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, ташкилот “Шанхай руҳи” тамойили асосида ташкил қилинган бўлиб, ушбу тамойил ўзаро ишонч, манфаат, тенглик, маслаҳатлашув, маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш, умумий тараққиётга интилиш каби муҳим қоидаларни ўзида мужассам этади. “Шанхай руҳи” ташкилотга аъзо давлатларнинг сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий қудрати ҳар хил ўлчамда бўлишига қарамай, уларнинг барчаси ўзаро тенглигини билдиради. Чунончи, ШҲТ доирасида барча қарорларнинг консенсус асосида қабул қилиниши тамойили ҳам “Шанхай руҳи”нинг мазмун-моҳиятини намоён этади. Ушбу тамойил ташкилотнинг “ўрта” ва “кичик” аъзоларига Хитой ва Россия каби йирик давлатлар билан бир қаторда ШҲТнинг устувор йўналишларини белгилашда фаол иштирок этиш имконини беради.
Агар ШҲТни бошқа минтақавий ва трансминтақавий халқаро ташкилотлар билан солиштирадиган бўлсак, у нақадар катта кучга эга эканини кўрамиз. ШҲТга аъзо давлатларнинг иккитаси – Россия ва Хитой БМТ хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланади. Дунё аҳолисининг деярли ярми ШҲТга аъзо мамлакатларда истиқомат қилади. Ташкилотнинг умумий макони Евросиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллайди. ШҲТга аъзо давлатларнинг ялпи ички маҳсулоти жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 23 фоизини ташкил қилади.
Ўзбекистон ана шундай нуфузли ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида у билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ШҲТ доирасида янги ҳамкорлик платформаларини ишга тушириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази очилди. Ташкилотга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувлари механизми йўлга қўйилди. Самарқандда Ипак йўли халқаро туризм институти ташкил этилди. Бу пойтахтимизда муқаддам очилган Минтақавий аксилтеррор тузилмасига қўшимча тузилмалар сифатида Ўзбекистоннинг аҳамиятини янада кучайтиради.
Умуман олганда, ўтган 5 йил мобайнида Ўзбекистон томони 30 дан ортиқ ташаббусни илгари сурди. Бу анча жиддий ва катта кўрсаткич ҳисобланади. Энг муҳими, Ўзбекистон ташкилот доирасида ўз ташаббусларини шунчаки эълон қилмасдан, балки уларни амалий чора-тадбирлар орқали ҳаётга изчиллик билан жорий этишга ҳаракат қилмоқда.
Мамлакатимиз ШҲТ фаолиятини янги мазмун билан тўлдириш, минтақалараро транспорт ва транзит йўлакларини яратиш, инновацион ва рақамли технологияларни ривожлантириш, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини излаш, иқлим ва экологик таҳдидларга қарши курашда аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларни бирлаштириш каби истиқболли йўналишларга катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон ШҲТнинг амалий аҳамиятини ва халқаро обрўсини ошириш учун унинг янги кун тартибини шакллантиришга ўз конструктив ҳиссасини қўшишга тайёрлигини намоён этмоқда.
ШҲТнинг жорий йил 16–17 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган юбилей саммитида ШҲТнинг 20 йиллик фаолияти асосий натижалари, ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилиниши кутилмоқда. Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан батафсил фикр алмашадилар. Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган инқироз оқибатларини бартараф этиш бўйича ШҲТ доирасида қўшма лойиҳалар кўриб чиқилади.
Душанбедаги саммит якунлари бўйича ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Эрон Ислом Республикасини ШҲТга тўлиқ аъзо давлат сифатида қабул қилиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қарорини қабул қилиш кутилмоқда. Бундан ташқари, Миср Араб Республикаси, Қатар давлати ва Саудия Арабистони Подшоҳлигига “мулоқот бўйича шерик” мақомини бериш режалаштирилмоқда.
Саммит кун тартибидан терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик дастури, халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи бўйича ҳаракатлар режаси, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий салбий оқибатларининг олдини олиш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси, яшил белбоғ дастури, сайёҳлик ва маданият пойтахтлари ҳақидаги низом, шунингдек бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик бўйича англашув меморандумларини тасдиқлаш ўрин олган.
Саммитда, шунингдек, ШҲТнинг янги Бош котиби ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори тўғрисида қарорлар ҳамда ШҲТ мадҳиясининг қабул қилиниши кутилмоқда. Янги мадҳия саммит якунида биринчи марта янграйди.
Тарихий саммит натижасида ШҲТнинг 20 йиллигига бағишланган Душанбе декларацияси ва ўттизга яқин қарор қабул қилиниши режалаштирилган. Умуман, саммит якунида қабул қилиниши кутилаётган ҳужжатлар “Шанхай руҳи”ни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни кенг муҳокама қилиши кутилмоқда. Умуман, саммит ушбу муаммони муҳокама килиш учун жуда қулай дипломатик “майдон” ҳисобланади. Хусусан, Афғонистон билан ўзаро муносабатлар, хавфсизлик ва Афғонистонга ёрдам бериш билан боғлиқ барча масалалар атрофлича муҳокама қилиниши кутилмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ушбу масалага жиддий эътибор қаратиб, келгусида Афғонистонга ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатишнинг аниқ дастурини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурмоқда.
Душанбе саммитидан сўнг Ўзбекистон учун энг муҳим воқеа – 2021–2022 йилларда ШҲТда раисликнинг мамлакатимизга ўтишидир. Бу жуда катта ва масъулиятли миссия бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва таъсирини янада кучайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, ҳозирги вақтда бутун дунёда ва минтақада кечаётган фундаментал ўзгариш ва тенденцияларни инобатга олсак, Ўзбекистон ШҲТ орқали бу жараёнларга бевосита таъсир кўрсатиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
сиёсий фанлар доктори