Менинг тилим — қуш тилидур,
Менинг қўлим — дўст қўлидур.
Мен булбулман, дўст гулимдур,
Билинг, гулим сўлмас менинг.
Юнус Эмро
Мақоламизни бошқа ном билан аташимиз ҳам мумкин эди. Лекин айнан ушбу сарлавҳада тўхталишимизнинг сабаби бор: 2021 йил Адана шаҳрида нуроний бир ўзбек онахондан дуо олар эканмиз, унинг қалбидан дур каби тўкилган эзгу тилаклар қатори “Ўзбекистон ва Туркия омон бўлсин!” деган сўзлар бизни қаттиқ тўлқинлантириб юборди. 92 ёшли Саодат аянинг ана шу самимий дуосида ўз оила аъзолари билан бирга бир пайтлар турли сабаблар туфайли турк заминидан бошпана топган минглаб ўзбекларимизнинг ҳам тилаклари мужассам эди. Бу ҳақда мақоламиз охирида яна тўхталамиз. Келинг, дастлаб бу йил 30 йиллигини нишонлаётганимиз ўзбек-турк дипломатик муносабатлари, ҳамкорлик алоқаларимизнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр юритайлик.
Туркия ҳақида гап кетганида, халқимиз доимо миннатдорлик билан эсга оладиган бир ҳақиқат бор: Ўзбекистонимизни жаҳон майдонида мустақил давлат сифатида биринчи бўлиб тан олган давлат айнан Туркия дир. “Жигар — жигар, дигар — дигар”, деганларидек, ёш мамлакатимиз халқаро муносабатлар дунёсига қадам қўяр экан, аввало, азалий қардошимиз Туркия чин дилдан қутлаб қарши олганини халқимиз, Ватанимиз ҳеч қачон унутмайди.
Мен элчилик фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, 70 йиллик собиқ шўро тузуми даврида турк қардошларимиз бизнинг миллий истиқлолимизни интизор бўлиб кутган, орзу этган экан. Ушбу руҳни ўз халқига Туркия Жумҳуриятининг асосчиси Мустафо Камол Отатурк сингдириб кетган, десак, тўғри бўлади. 1933 йилдаги бир нутқида Отатурк совет империяси ҳақида тўхталиб, “Вақти келиб, СССР ҳам худди Усмонийлар давлати, Австрия-Венгрия каби парчаланиб, бўлиниб кетиши мумкин... Шундай замонлар келганида Туркия нима қилиши кераклигини билмоғи шарт. Бизнинг тили муштарак, келиб чиқиши бир биродарларимиз бор. Уларга кўмак бериш учун тайёр бўлишимиз зарур”, деган эди. Турк қардошларимиз ана шу сўзларнинг амалдаги ифодаси сифатида Ўзбекистонни юртимиз мустақилликка эришган биринчи кунлардан бошлаб қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Ўтган йили мамлакатимиз истиқлолининг 30 йиллигини кенг нишонлашга бағишланган қабул маросимида Туркия Республикаси Президенти Бош маслаҳатчиси Ялчин Тўпчу жаноблари бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтган эди: “Мустақиллигингизнинг 30 йиллиги билан қутлайман. Шу билан бирга, мамлакатингиз замини 3000 йиллик давлатчилик тарихига эга эканини алоҳида қайд этмоқчиман. Ҳатто бизнинг кечмишимиз ҳам сизларнинг тупроқларингизда ибтидо топган. Биз бу ерларга кўчиб келган бўлсак-да, Мовароуннаҳрнинг маънавият булоқлари асрлар давомида Онадўли муҳитини суғориб келган...” Тўпчу жанобларининг ушбу сўзлари чин юракдан айтилганини турк жамиятининг ичига кирган, оддий турк фуқароси билан мулоқот қилган ҳар бир инсон сезади, ҳис этади. Мамлакатимизни янада кенгроқ танитиш мақсадидаги Онадўли бўйлаб амалга оширган 50 дан ортиқ хизмат сафарларимда бунга такрор ва такрор амин бўлдим ва бўлмоқдаман. Чамаси, 2019 йилнинг бошида Чўрумга зиёрат вақтида маҳаллий расмийлар ва тадбиркорлар билан учрашувдан сўнг оддий бир турк оиласида меҳмон бўлдик. Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, “Етти пир” зиёратгоҳлари ҳақида ҳам гап очилди. Шунда оиланинг кенжатой ўғилчаси “мен ҳам олтин силсилани биламан”, деб Бухорода мангу ором топган валийларимизнинг номлари ва фаолиятлари ҳақида айта кетди. “Сизга ким ўргатди буларни?” деб қизиқдим. Болакай ёнимда ўтирган отасига ишора қилди. Айни савол ифодаси билан боққанимни англаган Мансур Бей Абдухолиқ Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандга қадар бўлган азиз авлиёлар шажарасини бобосидан эшитгани, улар ҳақида ўрганганларини ўзи ҳам фарзандларига етказгани ҳақида фахр билан сўзлай бошлади...
Албатта, бундай тарихий, маънавий-руҳий яқинлик — минглаб йиллар давомидаги жараёнларнинг табиий натижаси. Бугун минглаб километр йироқда бўлган туркқардош ларимиз билан қачонлардир бир бешикда улғайганимиз, бирга вояга етганимиз — айни ҳақиқат. Қорахонийлар ва Салжуқийлар ҳукмронлиги вақтида қўшни бўлганимиз, Алоуддин Самарқандий ва Абу Бакр Косоний каби алломаларимизнинг Онадўлига келиб, олимлик ва элчилик фаолиятларини амалга оширгани тарих китобларида битилган. Юқорида эслаганимиз “Етти пир”нинг бош бўғини — Абдухолиқ Ғиждувоний ҳам Туркиянинг Малатиясидан Бухорога келиб ўрнашган оилада ўсиб-улғайгани, Мирзо Улуғбекнинг яқин шогирди Али Қушчининг Самарқанддан Истанбулга бориб, Аё София мадрасасида дарс бергани каби ўзаро илмий-маънавий алмашинувларимиз чуқур илдизларга эгадир.
Бир турк профессори ўзаро суҳбатимизда қизиқ гапни айтган эди: “Биласизми, Туркия 350 мингдан кўпроқ қўлёзма асарлар мероси билан бу борада дунёда биринчи ўринда туради, лекин бу мерос ўзбек қардошларимизники ҳам ҳисобланади. Чунки ушбу қўлёзмаларнинг аксарияти ёки Мовароуннаҳр уламоларининг асарлари ёхуд уларга битилган шарҳлардан иборат...”.
Ҳақиқатан ҳам, Туркиядаги қўлёзма фондлари тадқиқ қилинса, Бухорий, Насафий, Хоразмий, Фарғоний каби нисбали алломаларимизнинг ўн минглаб асарлари топилади. Бу ҳам — асрлар оша мамлакатларимиз ўртасида давом этган сиёсий-дипломатик, илмий-маънавий муносабатларнинг ёрқин далили. Масалан, Туркиянинг давлат архивида Усмонийлар ва юртимиз ҳудудидаги хонликлар ўртасидаги изчил дипломатик ёзишмалар, элчилик ҳайъатлари алмашинуви, Онадўлига келган ўзбеклар ҳақида камида 500 та тарихий ҳужжат мавжуд. Улар ўзаро муносабатларимиз нақадар теранлигини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Усмонийлар давлатида фаолият кўрсатган “Ўзбек такялари” (Özbek tekkeleri) қайсидир маънода мамлакатимизнинг Онадўлидаги илк консулхоналари эди, десак, муболаға бўлмайди.
Туркияда янги бошқарув тизими ўрнатилган бир давр — ўтган асрнинг 20-йиллари ҳам дипломатик муносабатларимиз тарихида муҳим ўрин тутади. Қарийб 100 йил аввал Бухоро Республикасидан келиб, Мустафо Камол Отатуркка Истиқлол урушида ғалаба тилаган ва маънавий жиҳатдан қимматли ҳадялар берган ўзбек ҳайъати ҳақидаги маълумотлар Туркия Буюк Миллат Мажлисининг ҳужжатларида муҳрланган. Дарвоқе, 1921 йил қабул қилинган ва ҳар бир турк фуқароси юксак ғурур билан айтадиган Туркия Давлат мадҳияси — Истиқлол маршининг муаллифи бухоролик ўзбек аёлининг фарзанди Меҳмет Акиф Эрсўйдир. Яна бир жиҳат: Туркия Президентининг штандартида акс этган 16 юлдуз — тарихдаги буюк туркий империяларни, жумладан, ярмидан кўпроғи бизнинг заминимиздаги давлатларни ифода этади. Энг муҳими, ушбу 16 юлдуз ҳам Туркияга кўчиб ўтган ватандошларимиздан бири — Акиб Ўзбекнинг таклифи бўлиб, турк расмийлари томонидан қабул қилинган.
“Борсанг — қариндош, бормасанг — бегона”, дейдилар. Шу жиҳатдан, қарийб 70 йиллик айрилиқ даврида икки фарқли муҳитда ривожланган халқларимизнинг дунёқараши ва тасаввурларида маълум тафовутлар шакллангани ҳам рост. Мустақиллигимизнинг илк йилларида жадал суръатлар билан бошланган ўзаро муносабатларимиз 2000 йилларга келиб, муайян сабабларга кўра, турғунлик даврига кириб қолганини ҳам тан олишимиз керак. Аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг улкан сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати туфайли бу турғунликка барҳам берилди ва қардош давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихида мутлақо янги давр бошланди.
2016 йилнинг 17-18 ноябрь кунлари 13 йиллик танаффусдан сўнг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййиб Эрдоған мамлакатимизга норасмий ташриф билан келганини яхши эслаймиз. Аммо ўша ташрифнинг ташкил этилиши осон кечмагани, Юртбошимизнинг катта жасорат билан, таъбир жоиз бўлса, кимларнингдир қош-қовоғига қарамай кескин қарор қилганларини ҳамма ҳам билмайди. Президентимизнинг оқилона қарорлари сабабли Туркия билан ўртамизда пайдо бўлган музлар эрий бошлаган эди…
* * *
Ўзбекистон ва Туркия дипломатик муносабатларининг 30 йиллигига умумий назар ташлайдиган бўлсак, ҳеч шубҳасиз, сўнгги 5 йил алоқаларимиз тарихидаги энг ёрқин саҳифа бўлиб гавдаланади. 2017 йилнинг октябрь ойида муҳтарам Президентимизнинг Туркияга амалга оширган расмий ташрифлари кўп жиҳатдан ушбу тарихий саҳифанинг очилиши бўлди. 21 йиллик танаффусдан сўнг энг олий даражада Туркияга амалга оширилган мазкур ташрифда 22 та янги битим имзоланди. Президентлар ўзаро муносабатларнинг стратегик даражага кўтарилганини алоҳида таъкидладилар. Дарвоқе, стратегик алоқаларимизнинг асослари ўрнатилган ушбу ташрифга бу йил 5 йил тўлишини алоҳида қайд этиш зарур.
Юқорида зикр этилган тарихий ташрифни ташкиллаштиришда бевосита қатнашиш шарафига эга бўлганим — дипломатик фаолиятим давомидаги унутилмас хотира бўлиб қолади. Ташриф давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Режеп Таййиб Эрдоған жаноблари билан очиқ ва самимий мулоқотлари, делегацияларимиз ўртасидаги кўп йиллик соғинч ва ҳаяжон муҳитида ўтган учрашувлар ҳақиқатан ҳам ўзаро муносабатларимиз тарихида янги даврни бошлаб берди. Ўшандан кейин ўзаро ташрифлар изчиллик касб этди. 2018 йил 30 апрель — 1 май кунлари Туркия Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи, 2020 йил 19-20 февраль кунлари Ўзбекистон Президентининг Олий даражадаги Ўзбекистон — Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун Туркия Республикасига давлат ташрифи, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 12 ноябрда Туркий кенгаш саммитида иштирок этиш учун Истанбул шаҳрига ташрифларини алоҳида қайд этиш жоиз.
Айниқса, 2020 йилги ташриф чоғида Юртбошимизнинг Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонаси очилиш маросимида хориждан ягона олий мартабали меҳмон сифатида иштирок этишлари икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар нақадар юксакка кўтарилганининг ёрқин ифодаси эди. Президент Эрдоған мазкур маросимда “Ўзбекистон — бизлар учун тамаддунимизни иншо этишда меҳнати сингган олимларни етиштириб берган замин, илму ирфон ва маданий қарашларимизнинг манбаи бўлган энг муҳим ҳаёт булоғимиздир. Беруний, Ибн Сино, Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби алломалар, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби маънавият пешволари — Мовароуннаҳрнинг бизларга армуғонидир”, деб айнан Ўзбекистон раҳбарининг ушбу тарихий воқеада иштирок этаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаган эди.
Шу ўринда эътироф этиш керакки, бевосита давлат раҳбарлари ўртасида қарор топган яқин дўстлик ва самимий биродарлик вазирлик ва компаниялар, давлат ташкилотлари ва муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик учун қулай имкониятлар яратди. Ўтган беш йилда Бош вазир ўринбосари ва вазирлар даражасида — ўнлаб, ташкилот-муассасалар ва ҳокимликлар даражасида эса — юзлаб делегацияларнинг ўзаро ташрифлари амалга оширилиб, ҳамкорлик ва тажриба алмашинув бўйича аниқ ва салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Албатта, ўзаро учрашувларда турк биродарларимизнинг кўплаб соҳаларда тараққиёт борасида анча илгарилаб кетганини пайқаш мушкул эмас. Қарийб юз йиллик жумҳурият тарихига эгалиги, қолаверса, Европа Иттифоқига яқинлиги сабаб дўст Туркияда давлат, жамият ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида, турли соҳалар бўйича янгилик ва инновацияларни татбиқ қилишда муайян тажриба шаклланган. Туркиядаги ўзгаришларни кўрган инсон сўнгги 20 йиллик даврда эришилган оламшумул тараққиётни яққол сезади. Турк иқтисодиёти кўп тармоқли, ўз минтақасида энг йирик, жаҳонда жадал ва изчил ривожланиб бораётган иқтисодиётлардан бири. Мамлакат — экспортбоп мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришда дунёда етакчилардан саналади. Кўплаб турк дўстларимиз ўзаро суҳбатда бугунги ютуқларнинг асосларини ислоҳотпарвар Тургут Ўзалнинг 80-йиллардаги ташаббуслари билан боғлайди ва мамлакатимиздаги бугунги ислоҳотлар жараёни билан қиёслайди. Ўша даврларда марказдан бошқарув ўрнига бозор механизмига ўтиш, чет эл сармояси ва технологиясини жалб этиш, эркин минтақалар, божхона ва солиқ тизимини қулайлаштириш, уюшган саноат зоналари (Organize Sanayi Bölgeleri) каби янги тушунча ва тадбирлар мамлакат иқтисодий тараққиётининг тамал тоши бўлиб хизмат қилди. Иқтисодий ислоҳотлар муваффақият қозонишида Туркия палаталар ва биржалар иттифоқи (TOBB) ва маҳаллий шохобчалари, Туркия экспортёрлари мажлиси (TİM), Турк саноатчилари ва ишбилармонлари ассоциацияси (TÜSİAD), Мустақил саноатчилар ва ишбилармонлар ассоциацияси (MÜSİAD), Халқаро сармоядорлар ассоциацияси (YASED) каби ишбилармонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи, маслаҳат ва тавсиялар билан қўллаб-қувватловчи жамоат ташкилотларининг иштироки ҳам катта аҳамият касб этди.
Бугунга келиб янги индустриал мамлакатлар сафига қўшилаётган Туркия саноатида автомобилсозлик, кемасозлик, энергетика, металлургия, электроника, кимё, фармацевтика, тўқимачилик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва кўнчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш етакчи ўринда. Сўнгги йилларда электроника саноати, айниқса, жадал ривожланди. Маиший техника, тайёр кийим ва тўқимачилик маҳсулотлари, пластмасса ва бўёқ саноатида ҳам Туркия дунё етакчилари қаторида. 2022 йил охирига қадар мамлакатда 100 фоиз маҳаллий асосда электромобиль ишлаб чиқариб, сотувга қўйиш режалаштирилган. Учувчисиз учиш аппаратлари борасида мамлакат жаҳондаги кучли учликка кириб улгурди ва бу йўналишдаги салоҳиятини мунтазам ривожлантирмоқда. Яқин келажакда Туркия “Мега саноат минтақалари” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиб, янги технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ниятида. Мамлакатда фуқаролик ва ҳарбий учоқлар, вертолёт, электр автобуслар, самолёт ташувчи кема, танк ва зирҳли техникалар ишлаб чиқариш лойиҳалари кун тартибида турибди. 2022 йилда 35 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад келтириши кутилаётган туризм ҳам турк иқтисодиётининг стратегик секторларидандир.
Мамлакатда истиқболдаги тараққиётни белгилаб берувчи муҳим иқтисодий соҳа — энергетика мутаносиб ўсишда бўлиб, 2023 йилда йиллик энергия ишлаб чиқариш қуввати 110 минг мегаваттга етиши кутилмоқда. Туркиянинг яхши ривожланган транспорт тизими биз учун Европа йўналишидаги қулай коридор бўлиб хизмат қилиши мумкин. Босфор бўғози устидаги 3 та осма кўприк, бўғоз остидан ўтувчи “Евроосиё” туннели, яқиндагина қурилиб фойдаланишга топширилган Дарданел бўғози орқали ўтувчи “Чаноққалъа 1915” осма кўприги, шунингдек, янги қурилган Боку — Тбилиси — Карс темир йўли ҳам “Замонавий темир ипак йўли” лойиҳасининг ажралмас таркибий қисмлари ҳисобланади. Кетма-кет иккинчи йил дунёнинг энг яхши аэропорти деб тан олинаётган Истанбул янги тайёрагоҳи Туркиянинг авиация соҳасидаги ютуқларини кўрсатиб турибди. Истанбул, Мерсин, Измир, Трабзон, Искандарун ва Самсун каби шаҳарлардаги портлар эса, денгиздан йироқ мамлакатимиз учун муқобил транспорт йўлаклари вазифасини ўташи мумкин.
Албатта, турк биродарларимизнинг бундай ютуқлари бизларни ғоят хурсанд қилади. Чунки қардошнинг муваффақияти қардошга албатта наф келтиради.
Турк биродарларимиз билан қанча яқин бўлсак, улар эришган ютуқларга ҳам шунчалик яқинлашамиз. Дарвоқе, сўнгги йиллардаги ўзаро иқтисодий кўрсаткичларимиз ҳам мазкур фикрни тасдиқлаб турибди. 2021 йил якунларига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ҳажми қарийб 3,4 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бу — ўтган йилга нисбатан қарийб 60 фоизлик ўсиш дегани.
Йирик савдо шерикларимиз орасида 5-ўринда бўлиб келган Туркиянинг 2021 йилда 4-ўринга кўтарилганини ҳам таъкидлаш зарур. Мамлакатларимиз савдо айланмасидаги яна бир ижобий сифат — экспорт ва импорт нисбатларининг мутаносиблиги. Ўтган йили Туркиядан 1 миллиард 698 миллион доллар ҳажмда маҳсулот харид қилиш баробарида 1 миллиард 690 миллион АҚШ доллари миқдорида сотувлар амалга оширилган. Савдо ҳажмидаги бундай мутаносиблик ҳамма давлат билан алоқаларимизда ҳам кузатилавермайди. Ҳажм кўп бўлгани ҳолда, экспорт миқдори кам бўлган шерикларимиз ҳам мавжуд. Шу сабабли ҳам, умумий савдо ҳажми бўйича тўртинчи бўлса-да, хорижга экспорт миқдори жиҳатидан Туркия учинчи ўриндаги шеригимиз ҳисобланади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-инвестициявий муносабатлар тараққиётини ёрқин акс эттирувчи яна бир рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман: 2021 йилда мамлакатимизда хориж капитали асосида очилган фирмалар сони жиҳатидан Туркия етакчилик қилди. Йил давомида турк сармояси билан 407 та янги тадбиркорлик субъекти фаолият бошлади ва бундай фирмалар сони 1882 тага етди. Ҳозирда ушбу кўрсаткич бўйича 3-ўринда бўлган турк фирмалари, юқоридаги тенденция сақланиб қоладиган бўлса, 2022 йил охирига бориб 2-ўринга чиқиб олишини тахмин қилиш қийин эмас.
Мазкур кўрсаткичлар сўнгги йилларда Туркия билан савдо-иқтисодий шериклигимиз ҳақиқатан ҳам янги босқичга кўтарилгани, Туркия биз учун стратегик иқтисодий шерикка айланганини кўрсатади. Албатта, бундай натижаларга эришишда турк биродарларимиз билан ўртамиздаги яқин миллий-маданий қадриятлар, ўхшаш тафаккур ва тушунчаларнинг таъсири билан бир қаторда муҳтарам Президентимиз томонидан биз дипломатлар олдига вазифа қилиб қўйилган иқтисодий дипломатия борасидаги марраларнинг ўрни ҳам катта. “Турк инвестори билан кўришмаган кун мен учун бекор ўтган бўлади” деган шиор остида элчихонамизда ҳар куни камида бир турк инвестори билан музокара ўтказиш, ҳар ой Туркиянинг иқтисодий салоҳиятли вилоятларига сафар қилиб, мамлакатимизнинг савдо- инвестициявий салоҳиятини тарғиб қилишни анъанага айлантирдик. Эшигимизни қоққан ҳар бир ишбилармон билан обдан гаплашиб, имкония ти ва қобилиятига қараб, албатта, Ўзбекистонга йўналтириш сўнгги тўрт йилда асосий вазифамиз бўлди, десак, муболаға бўлмайди.
Кучли иқтисодий муносабатлар ўз-ўзидан ижтимоий-гуманитар ҳамкорликнинг ривожланишига ҳам туртки бўлар экан. Бинобарин, мамлакатларимиз ўртасида бу борада ҳам салмоқли ишлар амалга оширилаётгани ва бундан кейин ҳам ушбу ҳамкорлик кенгайиб бораверишини қайд этиш керак. Ўзимнинг илк меҳнат фаолиятим бевосита кадрлар билан ишлаш соҳасида бўлгани сабабли ушбу йўналишга бугун ҳам алоҳида қизиқиш билан қарайман. Муҳтарам Президентимизнинг давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш ва кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ташаббус ва ғояларини инобатга олиб, элчихонамиз ҳам ушбу йўналишда Туркия тажрибасини чуқур ўрганди. Натижада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ресурслари идораси ўртасида жуда самарали муносабатлар ўрнатилди. Ўтган йиллар давомида юзлаб давлат хизматчиларининг Туркияда малака оширишига ва бу йўналишда қисқа муддатли таълим курсларини ташкил қилишга эришилди. Ушбу ишларни бу йил ҳам янада кенгайтириб, давом эттирамиз.
Юксак малакали замонавий кадрлар тайёрлаш ҳақида гап кетганида, таълим тизимининг сифати ва имкониятлари ҳақида алоҳида тўхталиш ўринли бўлади. Зеро, ҳар бир жамиятнинг тараққиёти аввало миллий таълим, жумладан, олий таълим ривожига боғлиқ. Президентимиз илгари сурган Учинчи Ренессанснинг энг муҳим ҳалқаси ҳам, ҳеч шубҳасиз, илмий тадқиқотларни изчил йўлга қўя олган, замон билан ҳамнафас, дунёдаги ҳамкорлари билан жадал ҳамкорлик олиб борувчи профессор-ўқитувчиларимиздир. Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим соҳасида ҳақиқатан ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилганига гувоҳ бўлмоқдамиз. 2016 йилда 77 та бўлган олийгоҳлар сони бугунга келиб 159 тага етгани, давлат грантлари мунтазам ошириб борилаётгани, қисқа муддатда олий таълим қамрови 28 фоизга чиққани, сўнгги йилларда 23 та хорижий олийгоҳ очилгани ҳам бу борадаги ишлар салмоғини кўрсатиб турибди.
Ушбу йўналишда Туркия билан ҳам муайян ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилди. Тошкентда фаолият бошлаган Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи ҳузуридаги Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиали, Бухорода очилган Туркия тиббиёт фанлари университети факультети бунинг ёрқин далилидир. Бевосита давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори сабабли бу соҳадаги ҳамкорлигимиз ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Президентимизнинг таклифлари ва раҳнамолигида Ўзбек-турк университетини таъсис этиш ишлари бошлаб юборилди. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида барпо қилинадиган мазкур олий даргоҳ Янги Ўзбекистон келажаги учун етук кадрлар етказиб беришга, умуман, салоҳиятли турк профессор-ўқитувчиларининг билимларидан мамлакатимиз халқ хўжалигининг турли соҳалардаги тараққиётида фойдаланишга хизмат қилади. Туркия Олий таълим кенгаши раиси, профессор Эрол Ўзвар ўзаро суҳбатимизда мазкур университетнинг энг илғор ва етакчи даргоҳ бўлиши учун турк томони барча имкониятларни сафарбар этишини қайд этди. Шу йил бошида Эрол жаноблари Туркиянинг энг нуфузли 10 та университети ректорлари билан мамлакатимизга ташриф буюргани ҳам бежиз эмас. Мақсад — олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, Ўзбек-турк университети лойиҳасини мукаммал ва энг намунавий шаклда амалга ошириш.
Ўтган йиллар давомида маданий алоқаларимиз ҳам юксак даражага кўтарилди. Аслида ҳар қандай оғир даврларда ҳам маданий муносабатларимиз ҳеч қачон тўхтаб қолмаганини қайд этиш зарур. Туркиядаги бирор байрам тадбирлари ва фестиваллар Ота Юрт — Ўзбекистондан келган санъаткорлар иштирокисиз ўтмаган. Охирги йилларда бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги даражага кўтардик. Турк кино усталари билан ҳамкорликда суратга олинган “Мендирман Жалолиддин” сериали, 2019 йил апрель ойида Хоразм вилояти мусиқали драма театрининг Туркияга ташкил этилган ижодий сафари, 2021 йил октябрда Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрининг Истанбулдаги “Малтепе” халқаро мусобақасида қатнашиб, ғолиб бўлгани, ноябрда ўтказилган “Қўрқут Ота Турк дунёси фильмлари” фестивалида санъаткорларимизнинг муваффақиятли иштирок этгани бу борадаги ишларимизнинг айримлари, холос. 2021 йилнинг декабрь ойида Туркиянинг турли шаҳарларида ташкил этилган “Ўзбекистон маданияти кунлари” маданий алоқаларимиздаги лойиҳаларнинг гултожи бўлди, дейиш мумкин.
Мазкур тадбирларни амалга ошириш жараёнида Туркияда ишлаётган, таълим олаётган ёки бошқа мақсадда келиб яшаётган фуқароларимиз билан бирга маҳаллий аҳолининг ҳам катта қизиқиш билан иштирок этгани эътиборлидир. Ушбу ҳолат хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва диаспора вакиллари билан муносабатлар соҳасида Туркия мисолида алоҳида ёндашув зарурлигини кўрсатади. Мамлакатимиздан таълим олиш, меҳнат қилиш, оилавий ва бошқа сабаблар туфайли вақтинча Туркияда бўлиб турган қарийб 70 минг фуқаромиз қаторида илгари асрлар давомида келиб жойлашган тарихий ватандошларимизни ҳам инобатга олишимиз керак, деб ўйлайман. Янада кенгроқ қаралса, Туркиядаги аҳолининг деярли ярми ўзини у ёки бу даражада маданий-тарихий нуқтаи назардан Ўзбекистон билан боғлайди. Бу ерда суҳбатлашган ҳар икки турк биродаримиздан бири, албатта, ўз оиласининг қачонлардир Мовароуннаҳрдан кўчиб келганини ва бу кўчиш ҳикояси авлоддан-авлодга етказилганини айтади. Шу билан бирга, биз учун ўта мураккаб мустабид тузум даврида турли йўллар билан Туркияга келиб қолган ва бугунга қадар Ватанимизга маънавий ва маданий нуқтаи назардан мансубликни унутмаган, “Туркистонликлар” жамиятлари номи остида Истанбул, Адана, Шонли Урфа шаҳарларида ўзбек урф-одат ва қадриятларини муҳофаза қилиб келаётган яқин ўтмишдаги ватандошларимизни ҳам алоҳида қайд этмоқчиман.
Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита эътиборлари сабабли Ватанимизнинг миллий истиқлоли йўлида мардонавор курашган қаҳрамонларимизнинг номи тикланиб, уларга чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, таъбир жоиз бўлса, тарихий адолат жойига қўйилмоқда. Ўтган йил август ойида юздан ортиқ аждодларимиз оқлангани ҳам аслида Янги Ўзбекистондаги инсонпарварлик ғояларининг тантанасидир.
Дарвоқе, мақоламиз аввалида тилга олганимиз Саодат ая ҳам ўз даврида Ватанимиз миллий озодлиги учун курашган, аммо большевикларнинг таъқиби сабаб, хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган шерюрак аждодларимиздан бирининг авлоди экан. Бундай ватандошларимиз Туркияда жуда кўп ва она юрт муҳаббати уларнинг эзгу орзу-ниятларида, қон-қонида, тарихий хотирасида ҳануз яшамоқда. Давлатимизнинг уларга қаратаётган эътибори ва эҳтироми — кўп йиллардан бери орзиқиб кутилган адолатнинг ёрқин ифодасидир. Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги тантаналари арафасида Саодат аянинг фарзанди — Адана шаҳрида яшаётган ўзбекларимиз етакчиси Усмон Бек “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди. Унга ана шу юксак мукофотни тақдим этар эканмиз, Усмон Бек, у кишининг оила аъзолари ва Саодат ая билан бугунги дориламон кунлар ҳақида дилдан гурунглашдик. Давлатимиз раҳбари ҳаққига эзгу дуолар қилдилар. Онахоннинг кўп йиллик ҳаёт тажрибаларига асосланган суҳбатлари ва ўгитларини доимо хотирамизда сақлаймиз.
Мақоламиз сўнгида муҳтарама онахон билдирган ўша эзгу тилакларни биз ҳам чин дилдан таъкидлаймиз: Ўзбекистон ва Туркия омон бўлсин!
Алишер АЪЗАМХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикасининг
Трукиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси