Шукрулло Юсупов 1921 йилда Тошкентнинг Олмазор маҳалласида зиёли оилада дунёга келган. Педагогика билим юрти ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институтида таҳсил олган.

1951 йилда Ўзбекистон давлат нашриётида ишлаб юрган пайт миллатчилик ва советларга қарши тарғиботда айбланиб, ҳибсга олинади ва 25 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилади. Жазони Сибирдаги лагерлар ўтаган Шукрулло шўролар доҳийсининг ўлимидан сўнг озод этилган ва оқланган.

Унинг дастлабки шеърий тўплами «Биринчи дафтар» ва «Қалб қўшиқлари» 1949 йилда нашр этилган.

Ўнлаб шеърий ва насрий китоблар, жумладан, Сибирдаги меҳнат лагерида бошидан кечирганлари ҳақида ҳикоя қилувчи «Кафансиз кўмилганлар» ҳамда «Тирик руҳлар» роман-хроникаси муаллифи.

Шоирнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Цензура йўқолди, Худога шукур,

Лекин қувонмоққа ҳали эртароқ.

Чунки қуёш чиқса соя йўқолур,

Соя солган асли қолади бироқ.

Сочилган тасбеҳга ўхшайди ҳаёт,

Ҳамма ўзига хон, ўз-ўзига бек.

Гўё эшикларга қулфу занжир ёт,

Аммо дард айтишга борар жойинг берк.

Айтган гапларингиз ҳаммаси тўғри,

Бундан одамларга наф ҳам тегади.

Гап шу ерда қолсин, менга ачининг,

Юқоридан менга гап ҳам тегади!..