Умумий ютуғимиздан руҳланиб, бугун юртимизда хавфсиз туризмни ривожлантириш тамойиллари, янгича тартиб-қоидалар самарадорлиги ҳақида гапирмоқчимиз. Гап шу ҳақда кетар экан, аввало, Ўзбекистон яқин-йироқ давлатлар, барча халқлар учун очиқлик сиёсати йўлига ўтгани, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун этиб белгилангани, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш асосий мақсадимиз эканини таъкидлаш ўринли. Бугунги ислоҳотларимиз миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, уларга қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш мақсадида Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари, Тошкент шаҳри ички ишлар тузилмаларида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил этилди.
Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларига танлов асосида бир нечта хорижий тилларда эркин сўзлаша оладиган, касбий жиҳатдан етук ҳамда юксак муомала маданиятига эга ходимлар жалб қилинди. Уларнинг асосий вазифалари сифатида, энг аввало, туризм объектларида жамоат тартибини сақлаш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатар ва таҳдидларни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини, шу жумладан, уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини турли жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, тезкор ва сифатли ёрдам кўрсатиш белгиланган.
Бундан ташқари, ушбу бўлинмалар ходимлари мамлакатимизга хорижий давлатлардан ташриф буюрган расмий делегация вакилларини кутиб олиш, ташриф чоғида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва кузатиш каби муҳим вазифаларни ҳам бажариб келмоқда.

Юклатилган вазифаларни самарали бажариш учун бошқармалар замонавий техника воситалари билан жиҳозланган, алоҳида белгилар ва логотиплар билан ажралиб турувчи автобус, енгил хизмат автомашиналари, патруллик хизматини олиб бориш учун мототцикл, скутер, сегвей, планшетлар билан таъминланган. Шунингдек, ходимларнинг ўзига хос имижини юксалтириш учун экипировка ва ташқи кўринишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари учун дизайнерлар билан ҳамкорликда замон талабларига мос, туну кун хизмат олиб бориш учун ҳар томонлама қулай янги хизмат кийими ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоят ИИББ ҳамда Самарқанд вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаларига синов тариқасида тарқатилди. Шу кунларда аҳоли ва ходимларнинг фикрлари ўрганиб чиқилмоқда.
Бугунги кунда хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари фаолиятига янада янги техника воситаларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Масалан, Тошкент вилоятининг экотуризм имкониятларидан келиб чиқиб, келгусида гидротцикл ва катерлар харид қилиш назарда тутилган.
Халқчил саъй-ҳаракатларимиз юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларига куч ишлатар тизим сифатида эмас, аксинча, ўзларининг хавфсизлигини кафолатловчи, ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки, шаъни ва қадр-қимматини турли тажовузлардан муҳофаза қилувчи, муаммоли вазиятларда тезкор ва сифатли ёрдам кўрсатишга доимо тайёр ҳимоячиси сифатида қарамоқда. Сайёҳларнинг бу борадаги фикр ва мулоҳазалари ижтимоий тармоқларда ҳам ўз аксини топган.

Ҳар қандай мамлакатнинг турли йўналишлар бўйича эришган ютуқлари халқаро рейтинг агентликларининг тадқиқот натижалари бўйича баҳоланади. Бу рейтинглар кейинги йилларда мамлакатимиз аксарият соҳаларда сезиларли ютуқларга эришаётганини кўрсатаётгани ҳам қувонарлидир.
Таҳлиллардан маълумки, сайёҳлар, биринчи навбатда, ўзлари саёҳат қилишни истаган мамлакат гўзаллигига эмас, балки хавфсизлик даражасига эътибор қаратмоқда. Айниқса, таҳликали кейинги йилларда бу ҳол яққол намоён бўлмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон иштирокида ўтказилган рейтинг натижалари сайёҳларни юртимизнинг кўҳна кентлари, гўзал табиатига оҳанрабодек чорламоқда.
Шу ўринда айрим халқаро ташкилотларнинг мавзуга доир ўтказган рейтинг натижалари таҳлилига тўхталишни жоиз топдик.
“International SOS and Control Risks” халқаро компанияси экспертлари 2018 йили ўтказган тадқиқотда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги ишлаш ва саёҳат қилиш бўйича энг хавфсиз давлат сифатида қайд этилди. Шу йил бошида АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган маълумотда ҳам мамлакатимиз саёҳат қилиш учун энг хавфсиз давлатлар рўйхатига киритилди. АҚШнинг “Gallup Global” компанияси Глобал қонун ва тартиб рейтингида Ўзбекистон 2018 йил натижалари бўйича 91 балл билан саёҳат қилиш учун энг хавфсиз бўлган давлатлар бешлигига кирди. Бу рейтингда мамлакатимиз билан бирга Цингапур, Норвегия, Исландия ва Финляндия етакчилик қилган.
Жаҳон иқтисодий форуми экспертлари ўтказган “The travel and Tourism Competitiveness 2019” халқаро рейтингида ҳам Ўзбекистон 5-ўринни забт этди. Шу йили Буюк Британиянинг “The Telegraph” нашри Ўзбекистонни туризм йўналишидаги энг чиройли ва ажойиб жойлар ТОП-10 рўйхатига киритди ҳамда ҳақиқий (аутентик) туризм йўналишида 1-ўринга лойиқ кўрди.
Германиянинг оммабоп бўлган “BILD” онлайн нашри томонидан тузилган 2020 йилда энг яхши туризм йўналишидаги давлатлар рейтингида Ўзбекистон яна биринчи ўринда. Россиянинг “Oktogo.ru” сайти ўтказган рейтингда энг арзон туризм йўналишидаги шаҳарлар қаторида Тошкент шаҳри ТОП-5 рўйхатига киритилди.
Мамлакатимизда зиёрат туризми ҳам жадал ривожланмоқда. Фикримизни “Crescent Rating” компанияси томонидан 2015 йилдан буён юритиладиган “Global Muslim Travel Index”нинг 2019 йилги натижаларига кўра, Ўзбекистон зиёрат туризми учун энг қулай бўлган давлатлар рўйхатидан жой олгани мисолида ҳам тасдиқлаш мумкин. Австралиянинг “Lonely Planet” нашри эса Ўзбекистонни саёҳат давомида саргузаштларни қидириш учун энг яхши давлатлар рейтингида 2-ўринга лойиқ, деб эътироф этди.
Юқорида фахр билан айтганимиз, куни кеча Gallupʼs Америка жамоатчилик фикрини ўрганиш институти ҳар йили жаҳон миқёсида ўтказилган қонун ва тартиб индексига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон 92 балл билан Норвегия, Австрия, Швейцария ва БАА қаторида хавфсиз мамлакатлар ўнталигига киргани том маънода биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз самараси эканини таъкидлаш, албатта, ёқимли. Шу ўринда айтиш жоизки, ушбу халқаро институт хавфсиз мамлакатларни баҳолашда фуқароларнинг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ишончи, фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланганини ҳис қилиш даражалари, давлат ҳудудида туну кун эркин ва хавфсиз юриш масалаларига ҳам эътибор қаратади.
Албатта, биз бу борадаги ишларни аниқ мақсад асосида йўлга қўйганмиз. Жумладан, хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари шахсий таркибини жамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай бўлинмаларга, энг аввало, чет тилларни биладиган, малакали ва кўркам йигит-қизлар ишга қабул қилиняпти.
Юртимизга хориждан келган сайёҳларнинг аксарияти инглиз тилида сўзлаша олади. МДҲ мамлакатларидан келаётганлар эса, асосан, рус тилида гаплашади. Шу боис, ходимлар рус ва инглиз тилларини мукаммал билиши шарт. Айни пайтда кадрларнинг тил бўйича билимларини оширишга қаратилган тизимли ўқув машғулотлари ўтказиб келинмоқда. Ходим учун нафақат тил, балки ўзи хизмат олиб бораётган ҳудуднинг тарихи, маданиятини яхши билиши муҳим. Шунингдек, у хорижлик сайёҳ билан эркин суҳбатлаша олиши, саволларига батафсил жавоб бериши лозим.
Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларига қўйиладиган талаблар, энг аввало, ватанимизга содиқ, фидойи, танлаган касбини ардоқлайдиган, олдига қўйилган вазифаларни бенуқсон бажара оладиган, маънавий етук, билимли, жисмонан бақувват, юксак маданиятли, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган, интилувчан, ўз тақдирини мамлакат тақдири билан боғлаган, ёрдам беришга доимо тайёр ходим бўлмоғи лозим. Хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси доирасида бошқармалар фаолиятига замонавий технологияларни жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги ситуацион марказни мисол қилиб келтирадиган бўлсак, бу ердаги замонавий технологияларни қўшни мамлакатлардан ташриф буюрган делегация вакиллари ҳам юқори баҳолади. Ситуацион марказни Самарқанд шаҳрининг «виртуал кўзи» дейиш мумкин. Тезкор алоқани таъминлаш мақсадида Регистон майдонида “SOS” видеоалоқа тугмаси ишламоқда. Марказдан туриб Самарқанд шаҳридаги туристик намойиш объектларида, аҳоли гавжум бўлган жойларда барча вазиятни узоқдан кузатиб бориш имконияти мавжуд.
Бу каби ситуацион марказ Шаҳрисабз шаҳридаги ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси маъмурий биносида ҳам ташкил этилган. Бугунги кунда Хоразм ва Тошкент вилоятлари ИИБ ХТТБларининг маъмурий биноларида ҳам бундай марказларни ташкил этиш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, коронавирус пандемияси сабаб дунё миқёсида чет эллик сайёҳлар оқими камайган бўлсада, маҳаллий туризмни ривожлантириш, хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонларга янада хавфсиз ва қулай шароитлар яратиш, уларда мамлакатимиз ҳақида ижобий фикрлар уйғотиш устида зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари сайёҳларга доимий равишда хизмат кўрсатиш, уларга ёрдам беришга шай. Тизим ходимлари Ўзбекистонга келадиган сайёҳларнинг мамлакатимиз ҳақида гўзал хотиралар билан қайтишига барча имконият ва салоҳиятини сафарбар этишда давом этади.
Сарварбек УСМАНОВ,
Ички ишлар вазирлиги Хавфсиз туризмни таъминлашни
мувофиқлаштириш бошқармаси масъул ходими