Ушбу халқаро симпозиумнинг 16 май куни бўлиб ўтган сессиясида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди.
Хусусан, Э.Туляков ўз маърузасида Ўзбекистонда сўнгги йилларда маъмурий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда эришилган натижалар таҳлилига батафсил тўхталиб ўтди. Жумладан, давлат органларининг инсон манфаатларини кўзлаб фаолият юритиши натижасида, ислоҳотларда самарадорликка эришилгани, шунингдек, 2017 йилда фаолияти йўлга қўйилган Маъмурий судлар жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари билан юзага келган муносабатларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаётганини эътироф этди.
— Сўнгги 5 йилда маъмурий судлар томонидан 72 мингта мурожаат ва шикоятлар кўриб чиқилиб, улардан 65 фоизи жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган хуқуқларини тиклаган ҳолда қаноатлантирилган, – деди Э.Туляков. – Ҳозирда Ўзбекистонда ҳуқуқи бузилган оддий фуқаро ёки юридик шахснинг ҳуқуқини маъмурий судлар орқали тез ва қониқарли тикланиши борасида қонунчиликни янада такомиллаштириш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотлар давом эттирилиб, давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилмоқда. Хусусан, уларнинг функция ва вазифалари қайта кўриб чиқилиб, янада конкретлаштирилмоқда, такрорланувчи функция ва вазифаларнинг олдини олишга доир ислоҳотлар амалга оширилмоқда, ҳукумат ҳамда вазирлик ва идоралар оптималлаштирилиб, ихчам тизим яратиш устида саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Мақсад – фуқароларнинг давлат органлари билан муносабатга киришганда ҳар қандай тўсиқ ва ғовларга йўлиқмаслигини таъминлаш, фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини тўлақонли ва самарали тиклашдан иборат.
"Тараққиёт стратегияси" маркази
Ахборот хизмати