Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг маълум қилинишича, 11 мартдан 31 майгача Амударё ва Сирдарёда, 26 апрелдан 10 июнгача Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятидаги табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш тақиқланади. Шунингдек, бошқа барча табиий сув ҳавзаларида 16 апрелдан 31 майгача балиқ овлаш мумкин бўлмайди.
Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлдаги «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги 627-сонли Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 февралдаги 80-сон қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур давр балиқларнинг кўпайиш мавсуми ҳисобланади. Агар шу вақтда балиқ овланса, уларнинг сони кескин камайиб, айрим турлари йўқолиб кетиш хавфи юзага келади.
Шу билан бирга, мазкур тақиқ сунъий сув ҳавзалари ёки ирригация тармоқларида интенсив технологиялар асосида балиқ етиштириш, аквакультура фаолияти ҳамда садок мосламаларида балиқ етиштириш ва овлаш жараёнларига татбиқ этилмайди.
Эслатиб ўтилишича, тақиқланган муддат ва ҳудудларда балиқ овлаш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.