Янги рақамли платформа экология соҳасидаги тарқоқ маълумотларни ягона тизимга бирлаштириш ҳамда мамлакатнинг табиий меросини ўрганиш, мониторинг қилиш ва муҳофаза этиш учун замонавий ахборот асосини яратишга хизмат қилади.

Тақдимот маросими “Греэн Университй” ҳузуридаги Марказий Осиё экология ва атроф-муҳит илмий тадқиқотлари марказида бўлиб ўтди. Унда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури (УНДП), “Греэн Университй”, илмий ҳамжамият, халқаро ташкилотлар, ривожланиш бўйича ҳамкорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

«ECODATA платформасининг Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш кунида ишга туширилиши рамзий аҳамиятга эга. Бу сана атроф-муҳитни асраш нафақат экологик масъулият, балки замонавий воситаларни ҳам талаб қилишини эслатади, — деди Экология қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков. — Бугунги кунда рақамли технологиялар табиий жараёнларни анча аниқ кузатиш имконини бермоқда: қайси тур қаерда учраши, унинг сони қандай ўзгараётгани, қайси ҳудудлар энг катта босим остида экани ва қаерда қўшимча муҳофаза чоралари зарурлигини аниқлаш мумкин. ECODATA экологик маълумотларни давлат органлари, олимлар, мутахассислар, халқаро ҳамкорлар ва жамият учун амалий воситага айлантиради. Чунки табиатни самарали муҳофаза қилиш ишончли маълумотлардан бошланади. Келажак авлодлар учун табиий меросни асраб қолиш эса билимга асосланган қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ».

Платформа «Маълумот → таҳлил → қарор» тамойили асосида яратилган. Тизим экологик маълумотларни нафақат сақлайди, балки вақт давомида юз бераётган ўзгаришларни кузатиш, ҳудудлар бўйича кўрсаткичларни таққослаш, алоҳида турлар ва ҳудудларнинг ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда бошқарув қарорларини янада асосли қабул қилиш имконини беради.

Платформа Экология қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ва Глобал экологик фонд (GEF) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Арал Сеа Wетландс” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган.

Ягона тизим яратилишидан аввал экологик маълумотлар турли формат ва манбаларда сақланарди. Бу эса маълумотларни таққослаш, мониторинг олиб бориш ва таҳлилий материаллар тайёрлашни мураккаблаштирарди. ECODATA эса ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ўрмонлар, сув ҳавзалари, яйловлар, табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда мониторинг натижалари ҳақидаги маълумотларни ягона рақамли маконда жамлайди.

Бугунги кунда платформа 7 та модул, 60 дан ортиқ ўзаро боғланган жадвални ўз ичига олади ва мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Платформанинг асосий йўналишларидан бири Ўзбекистоннинг биохилма-хиллиги тўғрисидаги маълумотларни тизимлаштиришдир. Тизим ҳайвон ва ўсимлик турларини, жумладан, Қизил китобга киритилган турларни ҳисобга олиш, уларнинг сони, тарқалиши ва муҳофаза мақомини кузатиш имконини беради. Шунингдек, давлат қўриқхоналари, миллий боғлар, буюртмахоналар, ўрмон ва овчилик хўжаликлари, балиқчилик хўжаликлари ҳамда экологик туризм ҳудудлари бўйича маълумотлар билан ишлаш имкониятини ҳам яратади.

ECODATAнинг муҳим жиҳатларидан бири — табиий ҳудудларда мобил модул орқали маълумотларни бевосита йиғиш имкониятидир. Мутахассислар кузатувларни GPS координаталари ва фотосуратлар билан бирга қайд этишлари мумкин. Интернет алоқаси бўлмаган тақдирда ҳам маълумотлар сақланади ва тармоққа улангандан сўнг автоматик равишда синхронлаштирилади.

Шунингдек, фуқаролар ҳам платформада иштирок этиши мумкин: улар ўсимлик ва ҳайвонлар ҳақидаги кузатувларини юборадилар, ушбу маълумотлар эса мутахассислар томонидан текширилади.

ECODATA нафақат ахборот базаси, балки табиий ресурсларни бошқариш воситаси сифатида ҳам яратилмоқда. Платформа долзарб маълумотлар асосида квоталарни ҳисоблаш, айрим давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш ҳамда илмий тадқиқотлар ва узоқ муддатли экологик мониторинг учун ягона маълумотлар базасини шакллантириш имконини беради.