Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйичи вакили (Омбудсман) ҳамда ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйичи вакили (Омбудсман) матбуот хизмати хабар берди.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммедзаде, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раис ўринбосари Рената Винтер, Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шухрат Бафаев, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилорам Ташмухамедова ҳамда мамлакатимизда бола ҳуқуқларини таъминлаш учун масъул тегишли давлат органлари ва идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида болалар омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилиш зарурлигини таъкидлади. Бу боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда  муҳим дастуриламалдир. Жумладан, Президентимиз боланинг асосий ҳуқуқлари билан боғлиқ бир қатор масалаларни ҳам айтиб ўтди. Булар ривожланиш, умрбод таълим, ижтимоий ҳимоя, болаларни ҳимоя қилиш ва болаларнинг жамиятда тўлиқ иштирок этиш масалаларидир. Aлбатта, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг самарадорлиги, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан ижтимоий таъминот тизимини ислоҳ қилиш, ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва улардан фойдаланиш, ижтимоий ишларни такомиллаштириш ва ижтимоий ишчиларни тайёрлашга боғлиқ.

"Бу Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини илгари суришдаги муҳим қадамдир", - деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. "Қонун қабул қилингач, у Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ Ўзбекистондаги болалар, айниқса ҳимояга энг муҳтож болаларнинг ҳуқуқлари янада мустаҳкамлашга кўмак беради", деб таъкидлади у.

Кўпгина хорижий мамлакатларда Болалар омбудсмани фаолияти махсус қонунлар билан тартибга солинади. БМТнинг Бола ҳуқуқлари қўмитаси ва бошқа инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги шартномавий органлари томонидан олиб борилган болалар ҳуқуқларининг халқаро мониторинги Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмаслиги билан боғлиқ қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Давра суҳбати иштирокчилари шуни алоҳида таъкидладиларки, бола ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган омбудсман фаолияти боланинг шахсига ҳурматни кучайтиришга ҳамда ҳар бир боланинг шаъни ва қадр-қиммати, эркинликлари ва қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

“Болалар Ўзбекистоннинг келажагидир. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун биз жавобгармиз. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши эса мана шу муҳим вазифани амалга оширишга ҳисса қўшади”, - деди Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Aлия Юнусова.

"Болалар омбудсмани тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг асосий мақсади Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институтини ташкил этиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ жамоатчилик билан алоқаларни тартибга солиш, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Ўзбекистон Республикасида болалар ва ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги бошқа халқаро ҳужжатларнинг қоидаларини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.

Хорижий тажрибалар шуни кўрсатадики, Бола ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган омбудсманлар фаолияти бола манфаатлари йўлида давлат бошқарувини такомиллаштириш, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қоидаларини қонун ҳужжатларига ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этиш, боланинг шахсига ҳурматни кучайтириш, жамоатчилик онги даражасини ошириш, давлат тузилмалари томонидан, ота-оналар ва уларни ўрнини босувчи шахслар томонидан боланинг шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний ҳамда энг устун манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Халқаро давра суҳбати давомида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро институтларнинг тажрибасини ўрганиш ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Ўзбекистондаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ҳуқуқий асосларни яратиш юзасидан фикрлар алмашилди.