Учрашувда болаларни сайёҳлик соҳаларига оммавий жалб қилиш тизимини яратиш, болаларнинг туризм, ўлкашунослик бўйича билим даражасини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Мавжуд вазиятни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, маданий ва тарихий жойлар, шунингдек, музейлар, бадиий галереяларда болаларнинг ташрифи ҳамда болалар манфаатларига йўналтирилган оилавий туризмни ҳам ташкил этиш паст даражада.

Бунда болаларга туризм, ўлкашунослик, саёҳат маданияти, жумладан мактабгача таълим муассасаларида таълим беришни ташкил қилишда тизимли ёндашув зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилинди. Турли йўналишдаги саёҳатчилар учун эса болалар ва ўлкашунослик клублари, ҳар бир ҳудудда туристик жиҳозлар учун турли ёшдаги ижарага бериш пунктларини яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Болалар туризмининг умуммиллий ҳаракатини шакллантиришни жадаллаштириш учун «2030 йилгача бўлган даврда болалар ва ўсмирлар туризмини ривожлантириш давлат консепсияси»ни, шунингдек уни амалга ошириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш ишлари бошланди.

Шунингдек, мамлакатда болалар ва ўсмирлар туризмини ривожлантириш учун муҳим услубий ва мувофиқлаштирувчи марказ сифатида «Республика болалар туризм, ўлкашунослик ва экскурсиялар маркази»ни яратиш имкониятларини ўрганиш борасида сўз юритилди.

Бу борада, барча туризм соҳаси вакиллари, ушбу масалага қизиқувчи олимлар ва мутахассислар, Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар туризмини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини Туризм ва спорт вазирлигига юборишлари мумкин, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.