Хусусан, миллий иқтисодиёт ривожини транспортсиз тасаввур этиб бўлмайди. Транспорт инфратузилмаси сифати унинг жаҳон миқёсидаги рақобатбардошлиги даражасини, сифатли хизмат кўрсатиш кўлами кенгайиши эса жамиятнинг қанчалик ривожланиб бораётганини кўрсатади. Транспорт тармоқлари орасида фуқаро авиациясининг алоҳида ўрни бор.
Мазкур соҳа савдо-сотиқ, туризм, бизнес, илмий тадқиқот юритиш каби йўналишларни жадал ривожлантиришга ҳам катта ёрдам кўрсатадиган устувор тармоқлардан бири саналади. Тартибли, оқилона йўлга қўйилган ҳаво йўллари хизмати эса бир пайтнинг ўзида мамлакат иқтисодиёти, сиёсати, ижтимоий ҳаёт барқарорлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Илк қадамлар
Йўқ, фуқаро авиацияси тарихини батафсил баён этмоқчи эмасмиз. Аммо баъзи маълумотларни келтириб ўтиш соҳа борасидаги тасаввуримизни янада бойитади деб ўйлаймиз.
Юртимиз ҳудудида фуқаро авиацияси тарихи 1924 йилдан бошланган. Биринчи фуқаролик рейси Тошкент — Бишкек — Олмаота йўналишида амалга оширилган. 1927 йилда эса Тошкент — Кобул йўналишидаги биринчи халқаро йўналиш ташкил қилинган. 1958 йилда Тошкент аэропорти халқаро аэропорт мақомига эга бўлди.
Шу кунгача босиб ўтилган бир асрлик йўл ҳазилакам вақт эмас, албатта. У тузум, замон, мавжуд шарт-шароит, имкониятларга кўра, бир текис ривожланмаган. Ўтган давр мобайнида соҳада тарих саҳифаларига муҳрланган кўплаб воқеалар бўлиб ўтгани, ўзгаришлар амалга оширилгани табиий ҳол. Бироқ бутун дунё мамлакатлари ўртасидаги ҳаво йўллари бир-бири билан чамбарчас туташиб кетаётгани фуқаро авиациямизда катта ислоҳотларни талаб қилаётир.
Ўтган вақт давомидаги соҳанинг тараққиёт босқичларини инкор этмаган ҳолда, мустақиллик йилларида бошлаган миллий авиация фаолияти ўзгача синов, жиддий ижобий ўзгаришлар даври бўлди. Жумладан, мамлакат аэропортларини ва транспорт инфратузилмасини қайта тиклаш мақсадида 1992 йили “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ташкил этилди.
Кейинчалик эса “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси дирекцияси”, шунингдек, “Учувчилар мажмуаси”, “Ҳаво алоқалари бош агентлиги” ва “Ўзавиатехтаъминот” моддий-техник таъминот мажмуаси” давлат унитар корхоналари негизида “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти ташкил этилган ва ҳозир шу номда фаолият юритиб келади.
Ҳар қандай соҳада дастлабки қадамлар осон бўлмайди. Миллий авиакомпания фаолиятининг бошланғич босқичида фуқаро авиациясини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди ва ўтган давр мобайнида муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда. Шундай вазифалардан бири фуқаро авиациясида парвозлар бўйича янги йўналишларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди ва бу жадаллик билан давом этмоқда.
2018 йил 27 ноябрида мамлакатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган. Унда соҳадаги бошқарувнинг замонавий шакл ва усулларини жадал жорий этиш, тармоқдаги корхоналарни жаҳон тенденциялари, стандартларига мувофиқ таркибий ўзгартириш, авиаташувлар бозорида рақобатни ривожлантириш, инвестиция жалб этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида қатор вазифалар белгилаб берилган.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида мамлакатимизнинг глобал транспорт-логистика тармоқларига интеграциясини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизими салоҳиятини ошириш белгиланган. Ушбу мақсад доирасида миллий транспорт тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш, шу жумладан, авиақатновлар сонини 15 фоиз оширишни назарда тутиш вазифаси қўйилган, йўловчи ва юк ташиш хизматлари ҳажмини 10 фоиз ошириш назарда тутилган.
Авиақатновлар сонини 4 баробар ошириш, самарадорлиги паст бўлган ҳудудий аэропортларни давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва ишончли бошқарувга бериш кўрсатиб ўтилган. Республиканинг 6 та йирик аэропортини, жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва хусусий авиакомпаниялар сонини 10 тага етказиш режаси қайд этилган. Мамнуният билан айтиш мумкинки, бу режаларни амалга ошириш қоғоздагина қолиб кетмаяпти.
Ўтган йиллар давомида юртимиз ҳудудидаги аэропортларни модернизация қилиш бўйича ишлар анча жадаллашиб кетди. Аниқ рақам ва фактлар билан айтадиган бўлсак, Самарқанд, Термиз, Урганч, Шаҳрисабз, Мўйноқ, Қўқон, Зомин ва Сариосиё аэропортлари янгиланди. Қатор шаҳарларимизда ҳам модернизация жараёнлари давом этяпти.
* * *
2025 йилнинг 15-16 апрель кунлари Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи доирасида қатор инфратузилмавий, саноат, транспорт ва ижтимоий лойиҳалар тақдимот қилиниб, ҳудуд тараққиётини белгилаб беришга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинди. Андижон халқаро аэропорти қайта ишга туширилгани эса муҳим янгилик деб баҳоландики, бу “фалон объект қурилди” қабилидаги оддий маълумот эмас.
Аслида, бу аэропорт 1978 йилда қурилган бўлиб, тезкор замон талабларига мос келмай қолганди. Учиш-қўниш йўлагининг юк кўтариш қобилияти пастлиги, замонавий ёритиш тизими йўқлиги сабабли қатновларни қабул қилиш имкониятлари чекланган. Бугунги кунда реконструкция ишларининг биринчи босқичи битказилди. Узунлиги 3300 метр, кенглиги 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаги ва самолётлар тўхташ жойи қурилди. Дренаж тизими янгиланиб, ер ости суви қочирилди. Шунингдек, бу ерда иккинчи юриш йўлаги қурилиши давом эттирилиб, IKAО CАТ-II тоифасидаги радар, метеорология ва ёритиш ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Натижада “Boeing”, “Airbus” русумидаги йирик самолётларни ноқулай об-ҳаво шароити ва тунги вақтларда ҳам қабул қилиш мумкин бўлади. Бу кунлик парвозлар сонини 10 баробаргача ошириш имконини беради. Ҳозир иккинчи босқичда йўловчи терминалини янгидан қуриш назарда тутилган. Чунки шу орқали йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига аввалги 300 тадан 1000 тага, парвозлар сони йилига 584 тадан 3700 тага ортади. Хусусан, Андижон шаҳри ва Фарғона водийсига қатновлар сонини сезиларли даражада кўпайтириш мумкин бўлади.
Транспорт, айниқса, фуқаро авиациясига мунтазам эътибор қаратилаётганига яна бир далил сифатида қуйидаги воқеликни келтириб ўтсак.
Жорий йилнинг 1 май куни давлатимиз раҳбарининг ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш, янги истиқболли режаларни белгилаш мақсадидаги Хоразм вилоятига ташрифи доирасида ҳам Урганч аэропорти модернизацияси лойиҳаси борасида ҳисобот берилгани бежиз эмас. Чунки Хоразм қадим тарихи ва обидалари, маданияти билан келаётган маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни, ишбилармонлар сонини кўпайтириб, туризм жозибадорлигини ошириб келаётган ҳудуд. Лекин бу борадаги муаммолар ҳам йўқ эмас. Жумладан, соатига 400 йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга Урганч халқаро аэропорти модернизация ва бошқарув шаклини ўзгартиришни талаб этмоқда.
Жанубий Кореянинг Инчон аэропорти билан шерикликда
Бу борадаги лойиҳа ижроси юзасидан давлатимиз раҳбарига берилган ахборотга кўра, 2024 йил август ойида эълон қилинган очиқ тендер икки босқичда ўтказилган ва унда Франция, Жанубий Корея, Туркия, Қатар каби давлатлардан саккизта компания иштирок этган. Идоралараро тендер комиссияси қарори билан Корея Республикасининг “Incheon International Airport Corporation” компанияси ғолиб топилган. Ушбу компания президенти Инчон халқаро аэропорти сиғими бўйича дунёда учинчи ўринда туриши ва сервис хизмат кўрсатиш борасида ҳам етакчилардан эканини билдирди.
223 миллион доллар қийматидаги ушбу лойиҳани амалга ошириш давомида янги учиш-қўниш йўлаги, йўловчи ва юк терминалларини қуриш, ICAO талабларига жавоб берувчи ёритиш-сигнал қурилмаларини ўрнатиш, махсус техника харид қилиш каби чора-тадбирлар режалаштирилган.
“Хоразмда кўплаб замонавий меҳмонхоналар, дам олиш ва савдо марказлари барпо этяпмиз. Келажакда сайёҳлар оқимини 5 миллионга етказишни мақсад қилганмиз. Буни аэропорт билан ҳамоҳанг қилсак, ўзаро манфаатли бўлади, даромад кўпаяди”, дея таъкидлади мамлакатимиз раҳбари.
* * *
Ҳар қандай корхона, ташкилот ёки муассасанинг имконияти, моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти унинг ривожидаги асосий омиллар сирасига киради. Шу маънода, “Uzbekistan Airways” доимий ривожланишда бўлиб келаётганини қуйидаги маълумотлар ҳам тасдиқлайди.
Миллий авиакомпания парвозлари учун ҳозир “Airbus A320-200”, “Airbus A320neo”, “Airbus A321neo”, “Boeing 767-300ER”, “Boeing 767-300BCF”, “Boeing 787-8”, “ATR-72”, “ L-410”, “Airbus A330”, “Pilatus PC-24” русумларидаги ўнлаб самолётлар хизмат кўрсатади.
Фуқаро авиациясида энг аввало, парвозларнинг хавфсиз, ишончли, қулай бўлишига асосий эътибор қаратилади. Бугунги кунда миллий авиакомпаниямиз ҳаво лайнерлари дунёнинг деярли барча қитъаларига парвозларни йўлга қўйган.
2024 йилда 6 миллиондан ортиқ йўловчи ташилган, рейслар сони 40 мингдан ошган. Бу 2023 йилдагидан 25 фоиз кўп демакдир. Мунтазам ва чартер рейслар орқали 60 минг тоннадан ортиқ юк ташилган. Ўтган йили авиакомпания парки яна бешта самолётга кўпайди.
— Бу йил компаниямиз фаолиятини бошлаганига ўттиз уч йил тўлди ва бу кичик давр эмас, — дейди “Uzbekistan Airways” АЖ Бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқулов. — Ҳозир яқин истиқболга белгиланган режалар бўйича барча вазифаларни уддалаб бўлдик, дея олмайман. Фаолиятимизни янада сифатли даражага олиб чиқиш бўйича ишларимиз кўп. “Uzbekistan Airways” дунё бўйича 100 га яқин йўналиш орқали парвозларни амалга ошириб келади. Ўтган йили 6 миллиондан ортиқ фуқарони тегишли манзилларига етказдик. Катта имконият ва 37 миллиондан ортиқ фуқарога эга юртимиз учун бу оз. Техник жиҳатдан яхши таъминланган авиакомпаниямизда малакали мутахассисларимиз етарли. Миллий авиакомпаниямиз нуфузини белгилаб берадиган биринчи галдаги устувор жиҳатлар фуқаролар учун парвоз хавфсиз, имкон қадар қулай ва шинам шарт-шароит деб биламиз. Зеро, йўловчи манфаати ҳаммасидан устун туради.
“Менга автомобилдан кўра, самолётни бошқариш осонроқ...”
Болалигимизда “Менинг орзуим” ёки “Ким бўлсам экан?” мавзуларида иншо ёздиришганда ўша давр ўқувчилари негадир учувчи бўлишга қизиқишини баён қиларди. Бу балки учувчиликнинг ёш авлодда осмон қадар баланд туйғу, ҳавас ва ёрқин таассурот уйғотганидадир. Гарчи у пайтлар авиация, учувчилик борасидаги тушунчаларимиз анчайин содда ва тор бўлса ҳам. Соҳанинг вазифасини эса одамларни бир манзилдан бошқасига тез етказиш деб билганмиз, холос.
Фуқаро авиациясида ҳар бир ходимнинг ўз ўрни ва вазифаси муҳим ўрин тутади. Шундай бўлса-да, улар фаолиятини учувчиларсиз тасаввур этиш қийин, албатта. Лекин биргина орзу-ҳавас билан бу касбга эришиб бўлмайди.
— Учувчиликни танлашимга сабаб, аввало, ота касб, — дейди ҳаво кемасининг малакали командири Аҳмаджон Ғуломов. — Ёшлигимдан шу касбга қизиқишим бўлган. Тегишли олий ўқув юртини битириб келгач, 2015 йилдан иш бошлаганман. Тўғри, дастлаб кичик самолётларни бошқарганмиз, икки йилдан сўнг “Аirbus-320” самолётини бошқаришга ўтдим. Ҳозир эса “Аirbus-321” ҳаво кемаси сардори бўлиб ишлайман. Бизнинг касбимизда биринчи галдаги вазифа йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Биринчи парвозимдаги ҳамма жараён... Ўрганмаган одам учун бу тушунарсиз ҳолат... Кўп парвозлар тегишли руҳий кўникма ва тажриба билан пайдо бўлади. Очиғи, менга автомобилдан кўра, самолёт бошқариш осонроқ, десам тўғри тушунинг. Бу кўп жиҳатдан ерда, парвоз давомидаги ўзига хос тайёргарликка боғлиқ. Шу сабабли биринчи марта парвоз қилинадиган йўналиш бўлса, бунга алоҳида ва жиддий тайёргарлик кўрилади. Бир ойда ўртача 10-15 та парвоз бўлади ва манзиллар оралиғидаги масофасига кўра, бу рақам кўпроқ ёки камроқ бўлиши ҳам мумкин. Баъзи пайтларда 5-6 кунлаб бошқа мамлакатда туриб қоламиз ва ой давомидаги парвозлар сони камайиши мумкин. Учувчиликка қизиққан ёшларга эса ҳар томонлама — руҳий ва жисмоний тайёргарлик, талаб даражасида билим олишларига қаттиқ ҳаракат қилишни маслаҳат берган бўлардим. Энг муҳими, эл-юртимизнинг бизга бўлган юксак ишончини қозониш.
Талаблар ҳам ундан кам эмас
Кўпчилик тегишли олий ўқув юртини тамомлагач, бирданига самолётни бошқарадиган жамоа сафига қўшилади деб ўйлашади. Аммо ҳар бир парвозда юзлаб йўловчилар хавфсизлигини зиммасига оладиган бу касбга амалий жиҳатдан киришиб кетиш тез фурсатда рўй бермайди.
Мутахассислар таъкидича, учувчи бўлиш учун “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясига қарашли Ўқув-машғулот марказида бошланғич курсларда ўқиб-ўрганиш икки йил давом этади. Асосий талаблар эса техник университетни тамомлаган бўлишингиз, IELTS тестида камида 6 балл олишингиз ва албатта, соғлиғингизда муаммо бўлмаслиги керак.
Юртимиз фуқаро авиацияси хизмати сифати халқаро миқёсда эътироф этилмоқдаки, бу нафақат соҳада хизмат кўрсатаётганлар, шу заминда истиқомат қилаётган ватандошлар қалбида фахр ҳиссини уйғотиши табиий. Жумладан, Бухоро аэропорти бир неча марта “МДҲ мамлакатларидаги энг яхши аэропорт”, “Динамик ривожланаётган аэропорт” сифатида баҳолангани, шунингдек, миллий авиакомпаниямиз самолётлари парвозлар хавфсизлигини таъминлашдаги ютуқлари, белгиланган жадвалдан оғишмай ишлаши, пунктуаллиги билан ҳам хорижлик ҳамкасблар томонидан муносиб эътироф этиб келинади. Бу каби ютуқлар ҳисобот ёки ортиқча мақтов эмас, балки фуқаро авиациямиз замон билан қадам-бақадам ижобий ўзгаришларга юз тутганидан дарак беради.
Президентимизнинг 2023 йил 16 октябрдаги “Авиация фаолиятини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Silk Avia авиакомпанияси “Uzbekistan Airways” АЖ таркибий бўлинмаси ҳисобланган “Uzbekistan Helicopters” МЧЖ таркибига ўтказилди.
Шунингдек, мазкур қарорда “Uzbekistan Helicopters” МЧЖ зиммасига маҳаллий авиақатновларнинг сонини ошириш, парвозлар географиясини кенгайтириш, янги йўналишларни йўлга қўйиш ҳамда “АТR72-600” русумли ҳаво кемалари паркини ривожлантириш вазифалари ҳам белгилаб берилди.
Бугунги кунда Silk Avia мамлакатимизнинг деярли барча аэропортларини қамраб олди, десак адашмаган бўламиз. Тошкентдан Самарқанд, Қарши, Термиз, Бухоро, Навоий, Урганч, Фарғона, Наманган, Андижон, Зомин, Қўқон, Шаҳрисабз, шунингдек, Нукус — Мўйноқ йўналишида парвозлар амалга ошириб келинмоқда. Яқин кунларда Тошкент — Сариосиё — Тошкент йўналишида ҳам авиақатновлар ташкил этилади.
* * *
Миллий авиакомпаниянинг Парвозларни бошқариш маркази тўлиқ такомиллаштирилгани фуқаро авиациямизга бўлган ишончни янада оширади. Марказ ҳозир илғор мамлакатлар авиакомпанияларида фойдаланиладиган энг сўнгги техник жиҳозлар билан таъминланган. Жумладан, катта экранда қайси самолёт қайси манзилдан қайси шаҳарга, қандай баландликда учаётгани, йўловчилар ва бошқа энг керакли маълумотлар онлайн шаклда, ўзига хос йўналишли харита билан монитор орқали намойиш этиб турилади. Бу эса парвоз хавфсизлигини таъминлаш даражасини янада оширади.
Шубҳасизки, ушбу соҳадаги ислоҳотлар мамлакатимиз иқтисодий юксалиши, авиакомпания фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг рақобатбардошлигини, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ўта муҳим аҳамиятга эга. Демак, тинчлик мақсадларига хизмат қилаётган фуқаро авиациясини ривожланишнинг янги босқичлари кутмоқда.
Рустам БОЙТЎРА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири