Мазкур бозор мамлакатимиз иқтисодий ривожи, саноат тармоқларидаги ишлаб чиқариш қувватининг каррасига ошиши ҳамда экспорт ҳажми ўсишида муҳим омилдир. Яъни ўз маҳсулотларимизни дунёнинг деярли барча мамлакатига сотиш имкониятига эга бўламиз.

Фақат бунинг учун маҳсулотлар сифати, етказиб бериш тартиб-қоидалари ҳам халқаро талаблар, стандартларга мос келиши керак. Айниқса, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазият, жаҳон бозоридаги рақобат муҳити, нарх-наво тебранишлари шароитида халқа­ро сифат ва стандарт кўрсаткичларига талаб янада ортмоқда. Экспорт ҳажмини ошириш­ни истаган давлатнинг эса ана шу талабларга мослашишига тўғри келади.

Кейинги саккиз йил таҳлил қилинса, мам­лакатимиздаги барча соҳада ишлаб чиқариш қуввати ҳам, экспорт ҳажми ҳам кескин ошиб бораётгани яққол кўзга ташланади. Биргина озиқ-овқат экспорти жорий йилнинг ярим йиллигида 44 фоиз ўсиб, 1 миллиард 326 миллион доллар бўлгани фикримиз исботи­дир. Саноат тармоқларида экспорт кўрсатки­чи юқорилаб, географияси кенгайиб боряпти. Бу юртимизда экспортни ривожлантириш ҳаракати ибтидоси сифатида тадбиркор ва ишлаб чиқарувчилар фаолиятини халқаро стандартларга мослаштириш, маҳаллий ва жаҳон бозори талабларини ўзаро уйғунлаш­тириш, халқаро сифат тизимларини жорий этишга катта эътибор қаратилаётгани билан ҳам боғлиқ.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ўнлаб халқаро стандартлар жорий этилди. Хорижий стандартлаштириш ташкилотлари билан мун­тазам лицензия шартномалари имзоланяпти. Уларнинг 30 дан ортиқ (ISO, IEC ва МГС) техник қўмитасига аъзо бўлинди. Европанинг GSP+ дастурига ҳам қўшилдик. Бу саъй-ҳа­ракатлар, биринчи навбатда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини халқаро, ху­сусан, Европа стандартларига мослаштириш орқали экспорт ҳажмини ошириш, ўзбек брен­дининг дунё бозорида муносиб ўрин эгалла­шини таъминлашга қаратилган.

Бу жараёнларда, хусусан, янги Ўзбекис­тоннинг иқтисодий, ижтимоий ривожлани­шида бошқа соҳалар қатори техник жиҳат­дан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳалари муҳим ўрин тута бошлади. Кейинги йиллар­да мазкур соҳаларда изчил ислоҳотлар олиб борилаётгани боиси шунда. Жумладан, Ўзбе­кистон Миллий метрология институти фао­лиятида экспортбоп маҳсулотларни жаҳон стандартларига мувофиқ текшириш, метро­логик жиҳатдан ва халқаро даражада эътироф этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида институт томонидан миллий эталонлар база­сини ривожлантириш, лабораторияларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мамлакат бўйлаб сифатли метрология хиз­матларини кўрсатиш сингари қатор муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Мазкур даврда 6 та янги эталон харид қилиниб, инс­титутдаги эталонлар сони 35 тага етказилди. Йил охирига қадар умумий қиймати 70,7 миллиард сўмга тенг 9 та янги эталон харид қилиниши режалаштирилган. Бу эталонлар­дан нафақат юртимиз, балки минтақавий миқёсда ҳам кенг фойдаланилади.

Европа ташкилотига аъзолик

Бу ўринда саноат тармоқларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини ўрганиш, халқаро меъёрларга мослаштириш, ўлчаш воситаларидаги аниқликни таъмин­лаш ҳақида гап боряпти. Масалан, стандарт бу — ҳар бир маҳсулотга қўйиладиган меъ­ёрий сифат талаби. Стандартлаштириш эса барча маҳсулот тури, русумлари, параметрла­ри, ўлчамлари ва сифати бўйича ҳамда ишлаб чиқариш технологияси, синаш ва назорат қи­лиш услуби, маҳсулотни жойлаш, русумлаш, сақлаш ва бошқаларга меъёрий бирлик ўрна­тишни англатади.

Маҳсулот ёки хизмат кўрсатиш сифатини таъминлашда ўлчаш қурилмалари созлиги назорати ҳам муҳим ўрин тутади. Масалан, тарозини олайлик. Ишлаб чиқарувчининг заводда нотўғри ишлайдиган тарозидан фой­даланиши нафақат маҳсулот ҳажми, балки сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Иш­лаб чиқариш жараёнида тарозидаги хатолик сабаб кўпроқ хомашё қўшилиб, кам маҳсулот тайёрланса, бундан тадбиркор жиддий зарар кўради. Ёки аксинча, кам хомашё ишлатиб, кўп маҳсулот чиқарилса, сифат бузилади ва истеъмолчига зарар бўлади.

Шу боис, стандарт талабларида ўлчаш қу­рилмаларининг тўғри ишлашига оид мезон­лар бор. Бундай қурилмаларнинг аниқлиги халқаро бозорга чиқишда ҳам муҳим. Экс­портёр жўнатаётган маҳсулот ҳажми импор­тёрники билан мос келиши керак. Акс ҳол­да, жиддий муаммолар юзага келади. Оддий мисол, маҳаллий бозорда ҳам бузуқ тарози тадбиркорга ёки харидорга зарар келтири­шини яхши биламиз. Одатда истеъмолчилар тарозиларнинг тўғри ўлчашига шубҳа қила­ди. Буни назорат қилиш имкони бор-йўқлиги билан қизиқади. Албатта, бунинг назорати тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгила­ниб, ўлчаш қурилмаларини текширувдан ўт­казиш тартиби белгиланган.

Юртимизда метрологик хизмат кўрсатиш даражаси сон ва сифат жиҳатидан ошиб боряпти. Метрология илмий тилда “ўлчашлар ҳақидаги фан” маъносини англатади. Оддий қилиб тушунтирганда, у ҳаётимизда учрай­диган барча ўлчаш ускуналарининг аниқ­лигини ўлчовлар орқали назорат қилади. Булар биз кундалик ҳаётда фойдаланадиган маиший ҳисоблагичлардан тортиб, бозорда­ги тарозилар, об-ҳавони ўлчаш ускуналари, саноатда қўлланадиган жуда мураккаб ўлчов воситалари ва бошқаларни қамраб олади. Метрология соҳаси эса ўлчаш билан боғлиқ барча жараённи қонуний ва илмий жиҳатдан амалиётда қўлланишини таъминлайди.

Бугун Миллий метрология институти шу йўналишдаги вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Айни пайтда метрологик хизмат­ларни кўрсатиш бўйича юртимиздаги асосий ташкилот саналади. Жорий йилнинг биринчи ярмида институт томонидан 471,9 минг дол­ларлик метрология хизмати кўрсатилди. Бу режадан 6,5 фоиз ортиқ натижа бўлиб, мил­лий хизматлар халқаро бозорда ҳам талабга эга эканини кўрсатмоқда. Йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 761 минг долларга етка­зиш режалаштирилган.

Хизматларни халқаро талаблар даража­сида кўрсатиш мақсадида лабораториялар инфратузилмаси босқичма-босқич модерни­зация қилиняпти. Жумладан, мамлакатимиз ҳудудидаги филиалларда қиёслаш ва калибр­лаш лабораториялари аккредитация доираси­да кенгайтирилди. Шунингдек, “ISO 17034” халқаро стандартига мувофиқ стандарт наму­наларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилди.

Бу борада халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиняпти. Хусусан, Ев­роосиё давлат метрология муассасалари ҳамкорлик ташкилоти (COOMET) доираси­да 3 та янги солиштириш лойиҳасига қўши­лиш, Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси (BIPM) базасидаги СМС қаторлар сонини 8 тага етказиш ишлари бажарилди. Қолавер­са, жорий йил июнда COOMET ташкилоти­нинг президентлар кенгаши йиғилиши илк бор Ўзбекистонда ўтказилди. 2024 йилдан бошлаб COOMETга Ўзбекистон вакили пре­зидент сифатида раҳбарлик қилиб келяпти ҳамда ташкилот котибияти мамлакатимиз миллий метрология институти ҳузурида фаолият юритмоқда.

Умуман, институтнинг кейинги йиллар­даги фаолияти халқаро майдонда алоҳида эътироф этилмоқда. Жорий йил июнида яна бир қувончли хабар эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Миллий метрология институтининг Европа ассоциацияси мил­лий метрология ташкилоти (EURAMET)га қўшилиш ташаббуси тўлиқ маъқулланди. Хушхабар ташкилотнинг Берлинда ўтка­зилган 19-бош ассамблеясида эълон қили­ниб, барча аъзолар томонидан бир овоздан қабул қилинди. Қолаверса, институт фао­лиятининг минтақадаги етакчи ўрни ҳамда халқаро метрология майдонидаги фаоллиги алоҳида таъкидланди.

Энди Ўзбекистон Миллий метрология институти яна бир халқаро ташкилот аъзоси бўлди ва EURAMET фаолиятида Марказий Осиёдаги ягона ҳамкор ташкилот — аъзо си­фатида иштирок этмоқда.

EURAMET ташкилоти метрология соҳа­сидаги илмий тадқиқот дастурларини амалга оширишда катта нуфузга эга бўлиб, Европа­нинг ягона метрология майдонини шакллан­тиради. Мазкур ташкилотга қўшилиш бизга миллий эталонларни солиштириш лойиҳала­рида тўғридан тўғри иштирок этиш, Европа минтақасида илмий тадқиқот ҳамда ходим­ларнинг техник салоҳиятини ошириш дас­турларида иштирок этиш имконини беради.

Бу йўналишдаги ишларимиз миллий қо­нунчилик билан ҳам мустаҳкамлаб борил­моқда. Жумладан, шу йил 10 июлда Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабат­лар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўми­таси мажлисида “Халқаро метрик конвен­цияга (1875 йил 20 майда Парижда қабул қилинган, кейинги йиллардаги ўзгартириш ва қўшимчалар билан) Ўзбекистон Рес­публикасининг қўшилиши тўғрисида”ги қонун лойиҳаси дастлабки муҳокамадан ўтказилди. Мазкур конвенциянинг асосий мақсади барча давлатлар учун ўлчов бир­лигини таъминловчи умумий ва ишончли эталонлар тизимини яратиш, уларни халқа­ро прототиплар билан қиёслаш ва тан олиш механизмларини шакллантириш орқали давлатлар ўртасидаги техник ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Қонун қабул қилинса, Ўзбекистон Халқа­ро тарозилар ва ўлчовлар бюроси фаолиятида тўлиқ иштирок этиш, овоз бериш, номзодлар­ни сайловга тақдим этиш, лабораториялардан фойдаланиш ва мутахассисларни тайёрлашда янги имкониятларга эга бўлади. Шунингдек, эталонларни бюро лабораторияларида навбат асосида ва қўшимча харажатларсиз калибр­лаш ҳам мумкин. Мазкур аъзолик мамлакати­мизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бў­лиш жараёнида техник тўсиқларни бартараф этиш, ташқи савдо алоқаларини ривожланти­риш ва инвестициявий жозибадорликни оши­ришга хизмат қилади.

Шу каби халқаро ҳаракатлар Ўзбекистон Миллий метрология институтининг илмий фаолияти учун ҳам муҳим. Боиси, илмий муассаса метрологик хизматлар кўрсатиш, уларни халқаро стандартлар талабларига мос­лаштириш билан бирга ўлчаш йўналишида илмий тадқиқот билан шуғулланади. Бунинг учун институт илмий тадқиқот салоҳияти доимий ошириб борилмоқда. Ҳозир фалса­фа доктори (PhD) даражасидаги 38 мустақил тадқиқотчи фаолият юритмоқда. Шунингдек, докторантура ва таянч докторантура тизими йўлга қўйилган. Хорижий мамлакатларда ўқиш ва малака ошириш ишлари ҳам изчил­лик билан давом эттирилмоқда.

Юқори аниқликда ўлчаш ускунаси

Ўлчов воситаларидан ҳамма жойда фой­даланилади. Ўзбекистон Миллий метрология институтида ана шу ўлчаш ускуналарининг аниқлигини текшириб бериш хизмати кўрса­тилади. Бу вазифа юқори аниқликдаги ўлчаш лабораторияларида калибрлаш ёки қиёслаш усуллари ёрдамида амалга оширилади. Қону­ности ҳужжатлар билан бу жараённинг барча­си тартибга солинган. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан метрология хизматларини кўр­сатишнинг қиёслашлараро интервали белги­ланган бўлиб, одатда ўлчаш воситаларини текширувдан ўтказиш муддати ускуна турига қараб амалга оширилади. Аксарият ўлчаш во­ситалари учун бу муддат бир йилда бир марта этиб кўрсатилган. Лекин зарарли шароитлар, ноқулай об-ҳавода ишлатиладиган ўлчаш во­ситалари ярим йилда бир марта текширувдан ўтказилиши керак. Фаолиятида ўлчаш уску­наларидан фойдаланадиган ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчилар қурилманинг аниқ­лигини мунтазам таъминлаши лозим. Боиси, бу истеъмолчи ҳуқуқи, маҳсулот сифати, ҳатто инсон саломатлиги билан боғлиқ масаладир. Мисол учун, тиббиётдаги бирор ўлчаш уску­наси ишдан чиқиши беморга нотўғри ташхис қўйилишига олиб келиши мумкин. Шу боис, ўлчаш қурилмаларининг тўғри ишлашидан, аввало, тадбиркорнинг ўзи манфаатдор. Ҳатто айрим фаолият турларини лицензиялашда ўл­чаш талаблари белгиланган.

Институт асосан саноат тармоқларидаги ўлчаш воситаларини назорат қилади. Ўлчаш ускуналарининг аниқлигини текшириш учун эса лабораторияларда эталонлардан фойда­ланилади. Аслида, эталон ҳам ўлчаш қурил­маси. Фақат у маиший ва саноат ўлчаш во­ситасига нисбатан 3, 6, 9-10 баробар аниқроқ бўлган ускунадир. Илмий таърифига кўра эса эталон технологик жиҳатдан мураккаб, фи­зик катталикни ўзида ҳосил қилиб, сақлаб, узатадиган восита. Агар саноат корхонаси­даги ўлчаш қурилмаси эталон кўрсаткичлари билан тўғри келмаса, имкони бўлса, тузати­лади, бўлмаса, муомаладан чиқарилади.

Ўлчаш ускуналари турлича бўлгани каби уларнинг аниқлигини таъминлайдиган эта­лонлар ҳам ҳар хил бўлади. Мамлакатда са­ноат ривожлангани сари эталонларнинг ту­рига ҳам эҳтиёж ошиб бораверади. Масалан, иссиқликдан электр ишлаб чиқариш учун тур­бина доим айланади, унинг тўғри айланиши учун эса тебранишни ўлчайдиган эталон за­рур. Ёки электротехника воситаларини ишлаб чиқаришда акустик ускуналар бўлиши лозим. Шунга яраша акустика эталони керак ва ҳока­зо. Агар бундай эталонлар ўзимизда бўлмаса, ишлаб чиқарувчи хорижий метрология хиз­матларига мурожаат қилади. Бу анча кўп вақт, катта маблағ талаб қилади. Бошқа жиҳатдан саноатда бирор ўлчаш турига эҳтиёж бўлмаса, нархи жуда қиммат турадиган эталонни чет­дан олиб келишга зарурат ҳам қолмайди.

Мамлакатимиз саноати кейинги йиллар­да кескин ривожланиб, кўп тармоқли йўна­лишга айлангани сир эмас. Тўқимачиликдан тортиб, электротехника, металлургия, теле­коммуникация каби қатор соҳаларда маҳал­лийлаштириш кўрсаткичи ҳам ошиб боряпти. Демак, саноатимизда эталонлар сони ва турини кўпайтиришга зарурат бор. Шу боис, юртимизда эталонлар сонини ошириш вазифаси белгиланиб, 2030 йилгача бўлган давр учун тегишли дастур тузилган. Ҳозир Миллий метрология институтида 35 та эта­лон мавжуд бўлиб, 29 таси рўйхатдан ўтган. Йил охиригача 40 га яқин эталон рўйхатдан ўтказилади. Эталонларнинг кўплиги, замона­вийлиги бошқа давлатларга ҳам хизмат кўр­сатиш имконини беради. Ҳозир Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистонга ҳарорат, босим, кучни ўлчаш бўйича хизматлар кўрсата бош­ладик. Бу қўшимча даромад келтиради.

Институт лабораториясидаги эталонлар, асосан, Европа мамлакатлари, қисман Рос­сия, Осиё давлатлари, АҚШдан олиб келин­ган. Мазкур эталонлардан саноат тармоқла­ри, турли соҳалардаги ўлчаш ускуналарининг аниқлигини текширишда фойдаланиб келин­моқда. Масалан, вақтни аниқлайдиган этало­нимиздан олинган маълумотларни интернет провайдер, мобил оператор, телевидение ва бошқаларга узатамиз. Жараёнда эталон­ларнинг ҳам аниқлигини таъминлаб бориш талаб этилади ва бу қурилмаларни хорижий давлатларники билан солиштириб борамиз.

Бундай лойиҳага тарихда илк бор маблағ ажратилди

2018 йилда Миллий метрология институ­ти ташкил этилгунига қадар эталонлар сони атиги 9 та бўлган. Метрология хизматларини ҳам тарқоқ ҳолда 3 та ташкилот кўрсатган. Эталонлар сонини кўпайтириш, илмий жи­ҳатдан асослаш, саноатга боғлаш, халқаро даражада солиштириш ишлари бажарилма­ган. Миллий метрология институти ташкил этилиб, барча метрологик хизматлар бир нуқ­тада бирлаштирилгач, илмий тадқиқотларга ҳам кенг йўл очилаётгани ушбу йўналишда юртимиздаги катта ислоҳотлардан биридир.

Институт олимлари бу борада доимий из­ланишда. Тадқиқотлар орқали эталонларга қўшимчалар киритиш, фойдаланишда янги усулларни яратиш мумкин. Қолаверса, юрти­мизда биринчи марта эталонларни маҳаллий­лаштириш, яъни ўзимизда ишлаб чиқариш ус­тида ишланяпти. Тарихда илк бор 7 та эталон яратиш бўйича давлат бюджетидан катта маб­лағ ажратилди. Инновацион ривожлантириш агентлиги томонидан илмий лойиҳа сифатида эълон қилиниб, шундан 2 тасини институти­миз олимлари қўлга киритди. Айни пайтда олимларимиз ана шу илмий лойиҳа устида ишлаяпти. Унга кўра, икки йилда 2 та миллий эталон яратишимиз керак. Ишлар Россия, Тур­кия, Италия олимлари билан ҳамкорликда ба­жарилади. Бу билан мамлакатимизда миллий эталонни яратиш тажрибаси йўлга қўйилади. Саноқли давлатлардагина ишлаб чиқарилади­ган мазкур қурилмани яратиш орқали қўшни давлатларга экспортини амалга ошириш, мет­рологик хизматлар кўрсатиш кўламини кен­гайтириш мумкин.

Умуман, метрологик хизмат кўрсатиш со­ҳаси янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар, мақсад ва вазифаларга мос тарзда кенгайиб бормоқда. Буларни тизимлаштириш, хизматлар сифати­ни янада ошириш мақсадида жараённи тўлиқ рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш устида ишланяпти. Энди ташкилот тизими­даги кирувчи ҳужжатдан чиқувчи ҳужжатгача бўлган оралиқдаги барча жараённи тадбир­корлар кузатиб бориши мумкин. Бунинг учун йил бошида “E-metrologiya” платформаси жорий қилинди. Айни пайтда платформа ти­зимдаги бошқа корхона-ташкилотлар билан интеграция қилиниб, портал сифатида тако­миллаштириш ишлари давом эттириляпти. Йил охиригача тўлиқ ишга тушади.

Рақамлаштиришнинг яна бир афзаллиги, тизимдаги барча маълумот бир жойда жам­ланади. Юртимиздаги ўлчаш воситалари, уларнинг тури, ҳолати, ишлаб чиқарилган давлати, юртимизнинг қайси ҳудудида кўпроқ фойдаланилаётгани бўйича маълумотлар ба­заси шакллантирилади. Авваллари буларнинг ҳаммаси қоғозда бўларди. Уларни ҳисоблаб, таҳлил қилишга анча вақт кетарди. Рақамлаш­тириш эса бу ишларни тўлиқ енгиллаштиради.

Ушбу вазифаларнинг барчаси метрологик хизматлар сифатини оширишга қаратилган. Олдимизга қўйилган бошқа вазифалар ҳам кўп. Хусусан, жорий йил якунига қадар за­монавий махсус мобил лаборатория харид қилиш, институтнинг Чирчиқ филиалида газ қоришмаларини ишлаб чиқариш бўйича ин­новацион лаборатория ташкил этиш, Чехия­дан юқори аниқликдаги 14 та ўлчаш восита­сини олиб келиш режалаштирилган.

Лазизбек САИДОРИПОВ,

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги

Ўзбекистон Миллий метрология институти директори