Бу ҳақда АОКАда «Ўзагроиснпекция» мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди:

«Электрон база бугунги кунда 301 минг донадан зиёд техника, жумладан 14 минг дона ҳайдов, 50 мингдан ортиқ чопиқ, 71 мингга яқин транспорт тракторлари, 6 минг яқин ғалла ўриш комбайни, 31 мингдан ортиқ мелиорация ва йўл қурилиши техникалари, 1000 ортиқ замонавий юқори унумли пахта териш машиналаси ва бошқа техникалар тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни жамлаган.

Электрон база ишга туширилиши натижасида техникаларни рўйхатга олиш, рўйхатдан чиқариш, уларнинг аниқ хисоби ва техника ҳолатини ҳамда тракторчи-машинист гувоҳномасини беришни онлайн назорат қилиш йўлга қўйилди.

Техникаларнинг электрон рақамли ҳисоби юритилиши натижасида, электрон база Давлат хизматлари агентлиги ва Мажбурий ижро бюроси билан интеграция қилиш ишлари якунланди.

Бунинг натижасида, шу кунгача Давлат хизматлари агентлигининг 1 млн 217 минг 280 та ҳамда Мажбурий ижро бюросининг 2 минг 355 та сўровига электрон шаклда тўғридан-тўғри, инсон фактори аралашмаган ҳолда маълумот алмашиниши таъминланди.

Шунингдек, электрон базани Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан интеграция қилиш ишлари якуний босқичда амалга оширилмоқда».