Президентнинг «Аҳолига наркологик ва психиатрик хизмат кўрсатиш тизимини трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасига кўра, мазкур марказ Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар психиатрия хизмати бўйича филиали негизида ташкил этилади.

Шунингдек, марказ ҳузурида Тошкент шаҳар болалар психоневрология маркази Республика болалар руҳий саломатлик маркази этиб қайта ташкил этилиши кўзда тутилган.

У болалар психиатрия хизмати бўйича бош муассаса ҳисобланади ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларининг тегишли кафедралари учун асосий клиник база вазифасини бажаради. Шу билан бирга, у республика, жумладан, Тошкент шаҳри аҳолисига хизмат кўрсатади.

Лойиҳага кўра, кўп тармоқли марказий поликлиникалар ва маслаҳат-диагностика бўлимларида катталар психиатри, болалар психоневрологи (болалар психиатри), нарколог, тиббий психолог ва ҳамширалардан иборат бирламчи руҳий саломатлик бўлинмалари ташкил этилади.

Бундан ташқари, Республика руҳий касалликлар клиник шифохонаси тугатилиб, унинг негизида Марказ клиникаси очилади. Тошкент шаҳар руҳий-асаб касалликлари диспансери негизида эса Марказнинг Тошкент шаҳар филиали фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2-сонли Тошкент шаҳар руҳий-асаб диспансери, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг наркология хизмати бўйича Тошкент шаҳар филиали ҳамда Тошкент шаҳар наркология мажбурий даволаш шифохонаси тугатилиб, Марказнинг Тошкент шаҳар филиали таркибий бўлинмалари сифатида қайта ташкил этилади.