Миллий ПР-маркази ва Ўзбекистон шахмат федерацияси ўртасидаги келишув доирасида шахмат бўйича халқаро миқёсда Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва спорт салоҳиятини ривожлантириш учун икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш бўйича иш режаси ҳамда шахмат бўйича 30-35 дақиқали ҳужжатли видеофильмни яратиш, уни мамлакатимизда ва хорижда оммалаштириш, шахмат спортини янада ривожлантириш бўйича вазифалар режаси тасдиқланди.

Фильмда Ўзбекистонда шахматнинг ажойиб тарихи, унинг жаҳон шахмат спорти ривожига таъсири, буюк ўзбек гроссмейстерларининг жаҳон шахмат майдонидаги ўрни ҳақида ҳикоя қилинади.

Таъкидлаш керак, шахмат спортининг тарихи бир ярим минг йилни ташкил этади ва бугунги кунга қадар кўплаб ўзгариш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистонда 1972 йилда Далварзинтепада (Сурхондарё) ўтказилган археологик қазишмаларда Кушон ҳоқонлиги даврига (I-II асрлар) оид шахмат доналари топилган, 1977 йилда эса Афросиёб (Самарқанд) харобаларида ўтказилган тадқиқотлар натижасида VII-VIII асрларга мансуб 7 та шахмат доналари топилган. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мамлакатимизда шахмат спорти тарихи жуда чуқур илдизларга эга. Мамлакатимиз ўзининг энг қадимги шахмат мактаби билан фахрланишга ҳақли.

1984 йилда Георгий Агзамов Ўзбекистоннинг биринчи халқаро гроссмейстери бўлди. 1992 йили Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси жаҳон шахмат олимпиадасида 2-ўринни, 1999 йили эса Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритди.

1998 йилда Иброҳим Ҳамроқулов ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиблигини қўлга киритди. Рустам Қосимжонов 1998 йилда Осиё чемпиони, 2004 йилда эса 17-жаҳон чемпионига айланди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.