Журналнинг ёзишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшлар сиёсати давлат даражасига кўтарилиб, ҳукумат томонидан ёшлар масаласига жиддий эътибор қратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев байрамга янги чоралар билан келганини таъкидлаб, ёшлар учун яратилажак қўшимча имкониятларни эълон қилди.
Хусусан, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб мақом хонандалиги, мақом чолғу ижрочилиги, бахшичилик ва фортепиано йўналишларига янги қабул қилинган талабаларнинг шартнома тўловлари тўлиқ давлат томонидан тўлаб берилади.
Техникумларга қабул йилда 2 марта ташкил этилиб, талабалар учун давлат гранти сони 2 баробарга оширилади. Улар учун ҳам таълим кредити жорий қилинади. Хусусий таълим муассасаларида дастурлаш, веб-дизайн, анимация каби касбларни ўрганиш истагидаги ёшларга ҳам 20 миллион сўмгача миқдорда 4 йиллик имтиёзли кредит тақдим этилади.
Хорижий тилларни яхши ўзлаштирган ўқувчиларни рағбатлантириш мақсадида 70 нафар ўқувчи ва уларнинг устозлари давлат ҳисобидан Буюк Британияга сафарга юборилади.
Президент ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Тадбиркорлик дастурларига 220 минг нафар, касб-ҳунар ўрганишга 130 минг нафар, давлат корхоналари ва хусусий сектордаги бўш иш ўринларига 110 мингдан зиёд ўғил-қизлар жалб этилиши таъкидланди, деб ёзади «The Korea Post» журнали.