Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон мултимодал йўлагини ривожлантириш мақсадида Қашғар-Ўш-Андижон-Ғалаба-Ҳайратон янги транзит йўналиши бўйлаб юк поездини синовдан ўтказиш йўлга қўйилди.
Кеча, 19-сентябр куни ушбу йўналиш бўйича 12 дона 40 футлик контейнердан иборат биринчи поезд мамлакатимиз ҳудуди орқали йўлга чиқди. Унда озиқ-овқат юклари, жумладан, маиший техника ва халқ хўжалиги эҳтиёжлари учун мўлжалланган маҳсулотлар бор.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳудудида юк ташишда 70 фоизлик, мултимодал йўлакнинг бошқа мамлакатлари ҳудудида эса 50 фоизгача бўлган тариф имтиёзлари тақдим этилди.
Товарлар Хитой томони томонидан контейнерларга шакллантирилган ва Ўш вокзалида (Қирғизистон) бу контейнерлар Ўзбекистонга тегишли фиттинг платформаларига ортилган.
Поезд манзилга 2 кунда етиб боради. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, ушбу мултимодал йўналиш бўйича пилот лойиҳанинг барча нюанслари ишлаб чиқилгандан сўнг, биргина Афғонистон йўналишидаги юк айланмаси йилига 4000 дан ортиқ контейнерни ташкил қилади.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Афғонистон” янги мултимодал йўлаги бўйлаб юк ташиш Қашғар темир йўл вокзалидан (Хитой) Ўш темир йўл вокзалига (Қирғизистон) автомобил йўли орқали, сўнгра Мозори Шариф вокзалига қадар амалга оширилади.