Учрашувда гилос экспорти бўйича Ўзбекистоннинг салоҳияти, асосий параметрлари, таъм сифати, режалаштирилган экспорт ҳажмлари ва логистика йўналишларининг батафсил тавсифи тақдим этилди.
Ўз навбатида, Хитойнинг «Guangdong Electric Shore SCM Texnoloji» компанияси раиси Ван Вейхан жорий мавсумда ўзбек гилосини Хитойга олиб киришга катта қизиқиш билдирди. Бунинг натижасида томонлар Фарғона водийсидан Гуанчжоу шаҳригача ҳаво йўли орқали синов партияси етказиб берилишига келишиб олишди.
2019 йилда ташкил этилган «Guangdong Electric Shore SCM Texnoloji» компанияси экзотик мевалар, музлатилган сабзавотлар, барра мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти, денгиз маҳсулотлари импорти билан шуғулланади. Мазкур компания Хитойнинг йирик улгуржи бозорлари, супермаркетлари, электрон тижорат сайтлари, муассасалари, йирик меҳмонхоналари, давлат корхоналарини юқори сифатли хориж маҳсулотлари билан таъминлайди.