Қизларнинг космик тадқиқотларга қизиқишини оширишга қаратилган ушбу дастур UNICEFнинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги ваколатхоналари томонидан қўллаб-қувватланади.
«Дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам турли сабабларга кўра ўғил болалар ва қизлар ўртасида компьютер саводхонлиги, техник таълим ва касб-ҳунар бўйича сезиларли фарқ сақланиб қоляпти. UniSat таълим дастури бу тафовутни қисқартиришга, қизларни тегишли фан ва технологияларга рағбатлантириб, тегишли кўникмаларига эга бўлишларига ёрдам беради», — деди UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. «UniSat Ўзбекистон ёшлари ўртасида технологик соҳаларда гендер масаласига кенг жамоатчилик эътиборини қаратишга ёрдам беради», — дея таъкидлади у.

Дастур давомида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан танловдан ўтган 15-24 ёшли қизлар дастурлаш ва муҳандислик бўйича билимларини ошириш, шунингдек, жамоада ишлаш ва лойиҳаларни бошқариш кўникмаларини яхшилаш имкониятларига эга бўладилар. Иштирокчилар нано сунъий йўлдошни лойиҳалаштириб уни йиғадилар ҳамда стратосферага учирадилар. Бунда қизларга профессионал муҳандислар ва дастурчилар жамоаси ёрдам беради, деб хабар беради UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.