Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ва Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном вилояти ҳукумати раиси Эркин Тунияз «Ўзбекистон фуқароларига Хитой олий таълим муассасаларида ўқиш учун стипендиялар тақдим этиш тўғрисида»ги келишувни имзоладилар.

Шартномага кўра, Хитой томони ҳар йили ноябрь ойининг охиригача Ўзбекистон фуқаролари таҳсил олиши мумкин бўлган олий ўқув юртлари рўйхатини, стипендия дастурлари шартлари ва талаблари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса Шинжон-Уйғур автоном туманидаги университетларда ўқиш учун тавсия этилган талабалар рўйхатини тақдим этади.

Хитойда ўқиш учун номзодлар маълум даражадаги хитой тилини билиши талаб этилади. Зарур ҳолларда стипендияга тавсия этилган талабалар учун тил курслари ташкил қилиниши мумкин.

Бирламчи келишувга кўра, стипендиялар ўқиш, тўловлар ҳамда турар жой, суғурта мукофотлари (шу жумладан, тиббий суғурта) ва яшаш харажатларининг бир қисмини қоплаши назарда тутилган.