Дунё олимларининг хулосаларига кўра, шоли етиштиришда мақбул сув тизимини яратиш, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олишда глобал иқлим ўзгаришлари деҳқончилик учун катта қийинчиликлар туғдирмоқда. Йиллик обиҳаёт ҳажмлари аввалгидек етарли даражада эмаслиги, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида шолига катта меҳнат ва сув ресурслари талаб қилиниб, аҳолини гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш тоборо мураккаблашиб, ўта долзарб вазифага айланиб боряпти.
Коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз асоратларини юмшатиш, мамлакатимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, уларни кафолатланган захирасини яратишда қишлоқ хўжалигида ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланишни тақозо этади. Бунда ҳозирги замон агробиология илми, деҳқончиликда эришилган ютуқлар асосида шоли навларининг сифатини яхшилаш, ҳосилдорлигини оширишда инновацион технологияларни қўллаш асқотади.
Гуручга талаб нега катта?
Шоли сифати ва ҳосилдорлик бўйича бошқа бошоқли дон экинларига нисбатан анча юқори ҳосил беради. Ҳозирги вақтда Япония, Жанубий Корея, Вьетнам каби давлатларда шолидан олинадиган ҳосил хар гектар ердан 80-90, Хитойда эса илмий асосланган инновацион технологияларни қўллаш асосида 150 центнердан ортиқ ҳосил олинмоқда.
Гуручдан тайёрланадиган таомлар тез ҳазм бўлиши ва тўлиқ ўзлаштирилиши билан ажралиб туради. Унинг ўзлаштириш коэффициенти 90 фоиз бўлиб, калорияси 35,9 га тенг. Гуруч ошқозон, асаб тизими, юрак-қон томири, саратон касалликларини даволашда дунё бўйича энг кўп фойдаланиладиган парҳез таомлардан бири саналади. Бу, энг аввало, унинг таркибида туз йўқлиги билан боғлиқ. Қолаверса, озиқ-овқатларда крахмал ва унинг формалари кўп бўлса, инсон организимининг иммунитет даражаси пасайиб турли касалликларга, айниқса юқумли, вирусли хасталикларга тез чалинадиган бўлиб қолади. Бу ҳолат, айниқса, ёш болалар ва қарияларда кўпроқ учрайди. Шунинг учун етиштирилаётган, айниқса, импорт қилинаётган гуруч маҳсулотларини сифатига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Бу борада Вьетнамда илмий асосланган ишлар йўлга қўйилган. Гуручларининг биохимик классификациясига кўра, эндосфермасида амилозалар (крахмал формалари) кам бўлганлиги боис дунё бозорида ҳам талаб катта.
Айни пайтда аҳолиси кўп бўлган Хитой, Ҳиндистон, Индонезия каби Осиё мамлакатларида гуруч асосий озуқа хисобланиб, улар ҳам ўз эҳтиёжларини қондира олмай келяпти. Мамлакатимизда ҳам гуруч маҳсулоти энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари сирасига киради. 2019 йилда 200 минг тонна гуруч етиштирилган бўлишига қарамай, ички эҳтиёж тўлиқ қопланмаганлиги сабабли 13,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги 114,14 минг тонна маҳсулот Қозоғистон, Покистон ва Россиядан импорт қилинган.
Марказий Осиёда фақат Ўзбекистонда тупроқ иқлим шароитларига мос шолининг юқори ҳосил берадиган навлари яратилган. Ушбу навлар гуручининг таркибида оқсил, глюкоза, бошқа тўйимли озиқ моддалар ва витаминларга бойлиги сабабли бошқалардан сифат жиҳатдан ажралиб туради. Улар Қозоғистон, Кирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг тупроқ-иқлим шароитига мос келганлиги сабабли бизда яратилган шоли навларига кенг майдонларда экиш учун қизиқиш катта ва улар экспортини йўлга қўйиш мумкин.
Вьетнамлик олимлар билан ҳамкорликда
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 мартдаги Вьетнам Республикаси билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қарорига асосан, бугунги кунда мазкур мамлакат илмий ва технологик муассасаларининг энг йирик тармоғи сифатида 500 га яқин йўналишда фаолият юритадиган, таркибида илмий ва технологик институтлар бўлган “VUSTA” (Вьетнам илмий ва технологик ассоциацияси иттифоқи) билан Сув хўжалиги вазирлиги, Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти (ИСМИТИ) ва унинг Қорақалпоғистон филиали ўртасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, шолипояларда балиқ етиштириш, шўрланган, кучли шўрланган, фойдаланишдан чиққан ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаб, қайта экин экишга киритиш каби муҳим масалалар бўйича икки томонлама ҳамкорлик ўрнатилган.
Шу билан бирга, ИСМИТИ томонидан қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, суғориш усулларини инобатга олган ҳолда, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш меъёрлари бўйича нормативларни 2021 йил февраль ойигача ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.
Томчилатиб суғориш
технологиясини жорий қилиш
Мамлакатимизнинг географик жойлашуви, тупроқ иқлим шароити шоли етиштиришга қулай зонада жойлашганлигини ҳисобга олиб ер, сувдан фойдаланишда, ишчи кучи, меҳнатини сарфлашда илмий асосланган сувни, ресурсларни тежайдиган томчилатиб суғориш технологиясини тезкор жорий этиб, аҳолини гуручга бўлган талабини тўла қондириш мумкин.
Республикамизда шолини ананавий усулда, яъни, уруғ ерга қадалган кундан бошлаб, то пишиб етилгунга қадар 3-4 ой давомида шолипояларда сув сатҳини 25 сантиметр (ерларнинг нотекислиги ҳисобига баъзи жойларда 30-35 сантиметр ) гача қалинликда суғорган ҳолда ҳосил етиштирилади.
Ҳозирги вақтда 20 дан ортиқ районлаштирилган ва барча вилоятиларда экилаётган шоли навларининг характеристикаси, патентида ҳар гектар ердан 60-70 центнердан ортиқ ҳосил бериши баён этилган. Лекин 2019-2021 йилларда анъанавий усулда парваришланган экинларнинг ўртача ҳосилдорлиги 33-35 центенерни ташкил этди ва гуручни импорт қилиш даражаси ўсиб боряпти.
Талдқиқотлар бизнинг тупроқ-иқлим шароитида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш орқали ҳосилдорликни 60-70 центнердан ҳосил олиш имконияти мавжудлигини кўрсатяпти. Бунда бир гектар ерга сарфланадиган бевосита харажатлар 15-18 миллион сўмни ташкил этади ва ҳозиргига қараганда, 20-25 фоизга пасаяди. Сув миқдори гектар бошига 70-80, уруғлик сарфи 30-40 фоизга камайиб, шолини униб чиқиш даражаси 2 баробарга ортади, кимёвий гербицид ва минерал ўғитлар солиш эса 15-20 фоизга камаяди. Шоли экиш учун ариқ ва зовурлар кавланмайди, катта хажмдаги электр насосларда сув чиқариш учун электр энергиясидан умуман фойдаланилмайди. Шу билан бирга, ҳозирги вақтда районлаштирилган ва экилаётган шоли навларининг ҳосил бериш даражаси ҳам амалда исбот қилинади.
Бугунги кунда шолидан олинаётган ўртача ҳосилдорлик шолига сарфланаётган харажатларни чиқариб ташланса гуручга бўлган эҳтиёжларни қопламаяпти. Экиладиган уруғлик сарфи гектарига 200 килограмдан ортиқ бўлиб, униб чиқиш даражаси 36-38 фоиз атрофида бўляптии. Хитой, Жанубий Корея, Япония, Индонезия, Вьетнам каби мамлакатларда уруғлик миқдори гектарига 80-120 килограмм бўлиб, униб чиқиш даражаси 70-80 фоизни ташкил қилади.
Шолини томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш натижасида ҳосилдорлик ортиб, сифат ҳам бир вақтнинг ўзида яхшиланади. Меҳнат унумдорлиги тез суръатларда ошади ва ишчи кучига бўлган талаб сезиларли даражада камаяди. Қурғоқчил жойларда сув катта миқдорда тежалади. Қолаверса, текис бўлмаган, қия жойларда ҳам шоли етиштириш мумкин. Айниқса, экин экишдан то пишиб етилгунича шолипояларда сувни беҳуда ушлаб туришнинг олди олинади. Ўрим-йиғимдан 15-20 кун аввал зах қочириш юмушларига ҳожат қолмайди.
Кимёвий гербицидлар, ва минерал ўғитларни ўсимликнинг ўсиш даврида далага умумий тарзда сочиб берилмайди. Эритма ҳолида талаб қилинган вақтда томчилаб суғлооиш орқали берилиши натижасида уларнинг миқдори 15-20 фоизга тежалади. Шу тарзда уларнингбехуда сарфланиб, ариқлар орқали сувда ювилиб кетишнинг олди олинади. Аҳоли яқин жойларда атроф-муҳитни, ичимлик суви чиқадиган тик қудуқларнинг ифлосланиши камайиб, экологик ҳолат яхшиланади. Бегона ўтлар камайиб, ўсиш даврида кўп қўл меҳнати талаб қиладиган ўтоқ қилинмайди. Асосий иш техника ва механизмлар орқали бажарилади.
Бу усулни қўллаш даврида тавсия қилинган барча агротехнологиялар 100 фоиз бажарилса, шолининг юқори ҳосил бериши тўлиқ таъминланади. Ҳозирги пайтда ушбу технология Хитойнинг сув тақчил бўлган ҳудудларда кенг жорий қилинмоқда. Япония ва бошқа давлатларда ҳам шолини “томчилатиб суғориш” технологиясини қўллаш ишлари йўлга қўйилган.
Яна бир жиҳат, шоли ўсимлигининг илдизи мавсум давомида бизнинг тупроқ-иқлим шароитида 30-40 сантиметргача етади. Унинг асосий қисми ернинг 20-25 сантиметр чуқурлигига тарқалади. Шу боис томчилатиб суғориш технологиясини дорий этишда бу борада илмий тадқиқотлар ўтказиб, кейин кенг жорий қилиш мақсадга мувофиқдир.
Кўп йиллик олиб борилган тадқиқотлар натижаларига кўра, шолининг районлаштирилган навлари уруғларининг барчаси ҳам томчилатиб суғориш технологияси бўйича экиш талабларига мослашмаганлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун ушбу технологияни қўллашда қурғоқчиликга чидамли, юқори ҳосил берадиган навларини тўғри танлаб олиш, умуман олганда, биринчи навбатда, скрининг синовларини ўтказиш бўйича илмий тадқиқот ишларини йўлга қўйиш талаб этилади.
Шолини томчилатиб суғориш технологиясининг ихтирочиси бўлганХитой Халқ Республикаси Урумчи иқтисодиёт ва техникаларни ривожлантириш профессори Рейви Вангнинг бизга йўллаган хатида Ўзбекистонда шоличиликни ривожлантиришда сувни тежайдиган технологиялардан ўз худудларида шоли етиштириш жараёнларида эришилган тажрибалари асосид амалий ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.
Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалик экинларини томчилатиб суғоришни кенг жорий қилишда фойдаланиладиган полиэтилен насос ва трубалар, томчилатиш ленталари, фитинг, турли ҳажмдаги жўмраклар ва бошқа эҳтиёт қисимлар республикамиз корхоналарида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Уларни четдан валюта маблағлари сарфлаб, олиб келишга зарурият йўқ.
Шолини томчилатиб суғориш технологияси лойиҳаси бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ва тезкор жорий қилиш учун ер майдонлари ажратиш, техника-жиҳозларни жойлаштириш, экишга тайёрлаш, кимёвий ўғитлар, ишчи кучи каби барча зарур ресурслар билан ўз вақтида таъминлаш ишларига Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги “Юлдуз Ситорахон Агро” фирмаси ҳозирлигини билдирмоқда. Ҳиссадор корхона сифатида 200 миллион сўмга тенг миқдорда амалий ёрдам беришниҳам кафолатлаяптии.
2021 йилдан Тошкент давлат аграр университети ва Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтиолим ва мутахассислари томонидан Тошкент, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси тупроқ иқлим шароитида шоличиликда томчилатиб суғориш тизимини яратиш ва тезкор жорий қилиш мавзуси бўйича илмий-амалий лойиҳани йўлга қўйишни режалаштирган.
Сув хўжалиги вазирлиги ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаб, уни молиялаштирилишни мақсадга мувофиқ деб топган ҳолда, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув муаммолари илмий-тадқиқот Марказига тақдим этишни таклиф қилган.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида сувдан тежаб фойдаланиш, озиқ овқат хафсизлигини таъминлаш энг муҳим масалалардан биридир. Ҳукуматимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар олим ва мутахассисларимиз зиммасига катта маъсулият юклайди.Уларнинг ўз вақтида бажарилиши, биринчи навбатда, илмий-тадқиқот ишларининг жадал ташкил этилиши Ўзбекистоннинг гуруч брендини яратишга йўл очади.
Ғиёсжон РАҲИМОВ,
Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби
Абдувоҳид ЎРОЗКЕЛДИЕВ,
Ирригация ва сув муаммолари илмий
тадқиқот институти директори ўринбосари,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди