Давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” маркази, Марказий Осиё халқаро институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон ахборот-таҳлилий тузилмалари, Стратегик ривожланиш маркази, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари, шунингдек Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда экспертлар томонидан Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт, гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон олиб бораётган фаол ташқи сиёсат ҳамда мазкур йўналишда Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар эътироф этилди.

Таъкидланганидек, сўнгги беш йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида барча даражалардаги алоқалар жадаллаштирилгани туфайли ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашнинг янги сиёсий муҳити шаклланди. Бу эса, аввало савдо, саноат, инвестиция, энергетика, транспорт ва транзит, сувдан фойдаланиш, таълим, хавфсизлик, экология, минтақа аҳолисининг ижтимоий муҳити ва турмуш шароити сифатини яхшилаш борасида умумҳудудий ривожланишнинг долзарб масалаларини самарали, биргаликда ҳал этиш имконини берди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Жанубий Осиё минтақасида жойлашган Ҳиндистон ва Покистон каби қатор давлатлар билан фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда. Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқалари ўсиб, 2020 йил якунлари бўйича ташқи савдо ҳажми 1,38 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди. Бу Ўзбекистоннинг жами ташқи савдо ҳажмининг 3,8 фоизини ташкил қилади.

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт, гуманитар, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон Президенти томонидан бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Ушбу ташббуслар ва амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий-сиёсий аҳамияти билан ҳам долзарб аҳамият касб, минтақада тинчликни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Қолаверса, йирик инфратузилмавий ҳамда маданий-гуманитар лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларида барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади.

Жумладан, глобал пандемия даврида Марказий Осиё ва Жанубий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги минтақавий муносабатларни чуқурлаштириш – барқарор, жадал ривожланаётган минтақани шакллантиришга ёрдам берадиган талаб юқори бўлган жараён эканлигини кўрсатди. Шу боис, давра суҳбатида Марказий Осиё давлатлари томонидан нафақат иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш, балки янги минтақалараро даражадаги ўзаро муносабатларни йўлга қўйиш бўйича сиёсий мувофиқлаштирилган ҳаракатларни таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Элдор Туляков “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори:

Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида, минтақа ва глобал даражада фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни тобора ривожлантирмоқда.

Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сувдан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, давлат чегараларини кесиб ўтиш каби мураккаб масалаларга ечим топилди ва бундай саъй-харакатлар изчил давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон ташқи сиёсатида нафақат қўшни давлатлар, балки қўшни минтақалар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш устувор аҳамиятга эга. Хусусан, Жанубий Осиё минтақаси давлатлари билан ҳамкорлик, айниқса, аҳамиятли бўлиб, мазкур минтақа ўзига хос салоҳият ва имкониятларга эга.

Иштирокчилар Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Афғонистонда тинч саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва мустаҳкам сиёсий тартибни йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида БМТнинг Афғонистон бўйича Доимий қўмитасини ташкил этиш бўйича ташаббусини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтишди.

Шунингдек, экспертлар томонидан икки минтақанинг географик яқинлиги, глобал иқлим ўзгариши экологик офат ва фалокатларга олиб келишини таъкидлаб, ҳудудлардаги мамлакатларнинг таҳдидларга жавоб бериш ва иқлим ўзгаришининг оқибатларини бартараф этиш бўйича позицияларини мустаҳкамлаш бўйича биргаликда ечимлар ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Давра суҳбати якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Марказий ва Жанубий Осиё — минтақавий алоқадорлик. Таклиф ва имкониятлар” мавзусида июль ойида ўтказилиши режалаштирилган конференцияни ташкил этиш борасидаги ташаббуснинг долзарблиги эътироф этилди ва ушбу нуфузли тадбирни ўтказиш юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди, дея хабар беради “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати.