Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маблағлар қаерга йўналтирилиши, улар амалда қандай натижа бераётгани бўйича фактлар ва иқтисодий мантиққа таяниб батафсил изоҳ берди.

Вазирлик изоҳида ёзилишича, инвестициялар ва ресурсларни жалб этишдан кўзланган мақсад — аҳолининг турмуш даражасини оширишдир. Агар мамлакат ресурсларни жалб этишни тўхтатса, ўсиш секинлашади: камроқ иш ўринлари яратилади, йўллар ва ижтимоий инфратузилмани янгилаш, сув таъминотини кенгайтириш ва арзон энергияни таъминлаш қийинлашади.

Шу боис Ўзбекистон иқтисодиётни жадал ривожлантириш, ЯИМ ўсишини таъминлаш ва якуний натижада аҳолининг ҳаёт сифати ҳамда умр давомийлигини яхшилаш мақсадида инвестицияларни изчил равишда жалб этиб келмоқда. Эътиборга молик жиҳати шундаки, 2020 йилдан буён умр кўриш давомийлиги изчил ўсиб, 2024 йилда 73,4 ёшдан 75,1 ёшга етди.

2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 75,4 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Шундан 37,4 млрд доллар давлат ташқи қарзига тўғри келади. Қолган 38 млрд долларга яқини эса давлат кафолатисиз хусусий ва давлат корхоналарининг қарз мажбуриятлари (корпоратив қарз) ҳисобланади.

Халқаро таснифга кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи даражаси мўътадил ва бошқариладиган ҳисобланади.

37,6 млрд доллар миқдоридаги давлат ташқи қарзи тахминан ЯИМнинг 26 фоизига тенг. Бу кўрсаткич жаҳон амалиётида макроиқтисодий барқарорлик учун потенциал хавфли деб баҳоланадиган чегаравий даражалардан анча пастдир.

Давлат қарзлари ҳисобидан амалга оширилган ишлар (2017–2025 йиллар):

  • 1 564 км автомобиль йўллари реконструкция қилинди;
  • 470 км темир йўл линиялари электрлаштирилди;
  • 6 793 км ичимлик суви тармоқлари ва 664 км оқова сув тармоқлари қурилди;
  • 96 км иссиқлик қувурлари, 1 286 та индивидуал иссиқлик пунктлари, 166 та сув тақсимлаш иншоотлари ва 31 та оқова сув насос станцияси барпо этилди;
  • 2 737 МВт қўшимча электр қувватлари яратилди, 1 106 км юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари тортилди;
  • қўшимча 2 084 МВт, 16 423 млн кВт·соат электр энергияси ва 551,8 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Транспорт ва шаҳар хизматларини модернизация қилиш:

  • 4 та Boeing 787-8 самолёти;
  • 2 та Талго-250 юқори тезликдаги йўловчи поездлари;
  • 30 та электровоз;
  • метрополитен учун 70 та вагон ва 29 та ҳаракат таркиби;
  • 1 900 та автобус;
  • 1 000 та тез тиббий ёрдам автомобили;
  • маиший чиқиндиларни йиғувчи 541 та техника;
  • 13 та иссиқлик қозони харид қилинди.

Таълим ва ижтимоий соҳа:

  • 60 та олий таълим муассасасида 119 та ўқув ва илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этилди;
  • 6 213 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари мебель ва ўқув материаллари, 4940 офис техникаси билан жиҳозланди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги:

  • 1 593,1 км каналлар қайта тикланди;
  • 3 396 та гидроиншоот модернизация қилинди;
  • 423 та тик қудуқ қурилди;
  • 2,2 минг гектарда замонавий иссиқхоналар ва 12,6 минг гектарда интенсив боғлар барпо этилди;
  • сиғими 334,9 минг тонна бўлган музлатгич омборлари қурилди;
  • 258,2 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга корхоналари ишга туширилди;
  • паррандачиликда 12,3 млн бош, қўйчиликда 5 752 бош ва чорвачиликда 26,3 минг бошга мўлжалланган хўжаликлар, шунингдек, 90,2 млн дона тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди.

Бу маълумотлар шу пайтгача лойиҳаларни амалга ошириш учун ўзлаштирилган қарз маблағларига тааллуқлидир.

Инфратузилма ва ижтимоий соҳани модернизация қилиш бўйича кўплаб лойиҳалар ҳозир ҳам давом этмоқда ва ишлар якунлангани сари қўшимча самаралар беради.

Умуман олганда, 2017–2025 йилларда амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 2 миллиондан ортиқ иш ўринлари яратилди, экспорт ҳажми 270 фоизга ошди, жон бошига ЯИМ эса 418 фоизга кўпайди.

Бироқ энг муҳим жиҳат шундаки, ресурсларни жалб этиш фақат қатъий қоидалар, шаффофлик ва самарали назорат асосида амалга оширилиши лозим. Давлат раҳбари ўз Мурожаатида алоҳида таъкидлаганидек, парламент депутатлари лойиҳаларнинг бутун ҳаётий циклини — танлов ва конкурслардан тортиб, уларни амалга ошириш ҳамда якуний натижаларгача — кузатиб боради. Лойиҳаларнинг ҳолати, босқичлари ва жараёнлари реал вақт режимида эълон қилиб борилади, бу эса танлов ва тендерлар қандай ўтаётгани ҳамда мажбуриятлар қандай бажарилаётганини аниқ кўриш имконини беради.

Ўзбекистоннинг инвестицияларга ёндашуви ниҳоятда аниқ: мамлакатнинг ўсиши учун ресурслар зарур, шу билан бирга аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган қатъий назорат, шаффофлик ва ўлчанадиган натижалар таъминланиши лозим. Барча жараёнлар айнан шу тамойиллар асосида — очиқ, босқичма-босқич ва аниқ масъулият доирасида олиб борилмоқда.