«17 май куни Ўзбекистон ва Жаҳон банки «Ўзбекистонда сув таъминоти хизматлари секторини ривожлантириш ва уни институционал қўллаб-қувватлаш» ва «Миллий инновацион тизимни модернизация қилиш» лойиҳалари бўйича келишувга эришди. Ҳамкорлик битимлари Молия вазирлигида, Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб биринчи иш сафари доирасида Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бёрде билан бўлиб ўтган учрашувда имзоланди.
Лойиҳани амалга ошириш учун ЖБ томонидан 239 млн АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит, шунингдек, Швейцария давлат котибиятининг иқтисодий масалалар бўйича 7,8 млн АҚШ доллари миқдоридаги гранти ажратилади.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг учта ҳудудида 500 мингдан ортиқ ахоли сув таъминоти ва канализация хизматларидан янада сифатли фойдалана олади. Қорақалпоғистон Республикасида Нукус, Тахиатош ва Хўжайли шаҳарларида канализация-тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Сирдарё вилояти ва Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида сув таъминоти ва канализация тармоқлари кенгайтирилиб, реконструкция қилинади».