Мустақиллик байрами яқинлашавергани сайин ўтган йилларда эришган ютуқларимиз ҳақида ўйлаймиз. Кечаги ва бугунги ҳаётимизни таҳлил ва таққос нуқтаи назаридан баҳолаймиз. Бу анъана кейинги йилларда, айниқса, шукуҳли тус олди. Боиси, янги Ўзбекистон ислоҳотлари замирида, аввало, халқ манфаатлари биринчи ўринга қўйилмоқда, одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча имкониятлар сафарбар этилмоқда. Пировардида бугун ҳаётимизнинг ҳамма жабҳасида катта-катта янгиликлар бўй кўрсатиб, ҳаётимиз мазмун-моҳиятини тубдан ўзгартириб юборди.
Булар ҳақида жуда кўп ва хўп гапириш мумкин. “Янги Ўзбекистон” газетасининг жорий йил 3 август сонида тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Мавруловнинг “Бўлар экан-ку ёхуд бугуннинг кечадан фарқи нимада?” сарлавҳали таҳлилий-таққосий мақоласи чоп этилди. Биргина мана шу мақолани ўқиган киши кўз олдида кечанинг бугундан фарқли жиҳатлари аниқ-тиниқ намоён бўлиши шубҳасиз.
Шу мақоладан руҳланган ҳолда бугун биз янги Ўзбекистонда амалга оширилган яна бир катта ислоҳот – хориждаги ватандошларимиз билан тикланган алоқалар ҳақида ёзишга жазм этдик.
Бу ҳақда сўз юритишдан олдин эса Президентимизнинг 2023 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига тўхталишни лозим топдик.
Қарорда ўтган тарихан қисқа вақт давомида элимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти билан миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тиклангани, давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари ўзгариб, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида муносиб ўрнига эга бўлгани таъкидланган. Шу билан бирга, мустақил тараққиёт йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттириш, барча соҳа ва тармоқлар ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этилаётгани қайд этилган.
Халқимиз янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган бу каби ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Айниқса, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва тадбиркорликка кенг йўл очиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, тиббий хизматлар ва таълим сифатини жаҳон стандартларига мослаштириш, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, юртимизнинг халқаро обрў-эътиборини юксалтириш йўлида эришилаётган натижаларни ҳар бир ватандошимиз ўз ҳаётида сезиб, теран ҳис этаётир.
Президент қарорида бугунги кунда дунёдаги мураккаб сиёсий-иқтисодий вазиятга қарамай, ислоҳотларимизни изчил давом эттириб, янги босқичга олиб чиқишда барча ютуқларимиз омили, куч-ғайрат, ғурур ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётган Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллигини юртимизнинг бугунги тараққиёт даражаси, шону шуҳратига мос ҳолда муносиб кутиб олиш ва юксак савияда ўтказиш мақсадида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш асосий вазифа этиб белгиланди. Шу ўринда ўтган давр мобайнида одамлар ҳаётини тубдан ислоҳ қилиш ва инсон манфаатларини таъминлаш, улар қадрини улуғлаш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга ошириб келинаётганини яна бир бор эътироф этиш жоиз.
Биз бугунги ҳаётимизнинг кечаги кунлардан фарқли жиҳатлари ҳақида сўз бошлаб, хориждаги ватандошлар билан мустаҳкамланиб бораётган алоқаларни Президентимизнинг давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир қарори мазмун-моҳиятига бежиз боғламадик.
Чунки қарорда янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида кенг кўламли тарғибот ишларини олиб бориш вазифаси қўйилган. Конституциямизда ҳам, айни кунларда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида ҳам хориждаги ватандошларимиз билан боғлиқ қатор муҳим ҳуқуқий асослар ўрин олган.
Аввало, Конституциямизни олайлик. Унда Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши белгиланди, давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилиши мамлакатимиз тарихида илк бор мустаҳкамланди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда яна бир эътиборли норма бор. Бу қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эгалигидир. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари ўз юртига тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эгалиги ҳам муҳим жиҳат.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида эса хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этишга эътибор қаратилиб, шу мақсадда, биринчидан, ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш ва уларнинг сонини 300 тага етказиш кўзда тутилган. Иккинчидан, ўзбек тили ва адабиёти, тарих, маданият, санъат ва ҳунармандлик йўналишидаги олийгоҳларда хориждаги ватандошлар учун 200 та грант ажратиш мақсад қилинган. Учинчидан, ватандошлар иштирокида тиббиёт, таълим ва илм-фан соҳаларида 100 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Тўртинчидан, ватандошлар жамоат бирлашмаларига етказиб бериладиган бадиий адабиётлар сонини 100 мингтага ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш, хорижда меҳнат фаолиятини юритаётган фуқароларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш ҳам “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадлари қаторидан ўрин олган. Унга кўра, ишга жойлаштириш бўйича хорижий томон билан келишувлар сонини 30 тага ошириш, фуқароларни хорижий ҳамкорлар билан биргаликда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида касб-ҳунарга ва чет тилларга ўқитиш доирасида 2 мингта хорижий компания билан касбга ўқитиш ва иш билан таъминлаш тизимини ташкил этиш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, шу жумладан, уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, ноқонуний ташқи меҳнат миграцияси ва одам савдосига қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш кўзда тутилган.
Шу ўринда саволлар туғилади: хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида янги Ўзбекистонда қандай ислоҳотлар амалга оширилди? Ватандошларимиз билан тикланган алоқалар мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги имижига қандай таъсир кўрсатади? Юртимиздаги фаровонлик муҳитига-чи?
Бу саволларга навбати билан жавоб берадиган бўлсак, кўз олдимизда янги бир сиёсий эврилишлар, иқтисодий юксалишлар ҳосиласи пайдо бўлади.
Тарихий умид ва орзулар рўёби
Биз узоқ йиллар хориждаги ватандошларимиз гапини эшитмадик. Улар билан мулоқот қилмадик, ўй-ниятлари, режалари, мақсадлари билан қизиқмадик. Бизга талпинса, юз бурдик. Негадир уларни ўзимизга, Ватанга бегона билдик.
Бу бизга, Ўзбекистонга нима берди? Эсласак, фақат салбий оқибатларни кўрамиз. Биринчидан, Ўзбекистон хориждаги ўз фуқароларини ҳимоя қилмаслиги, ҳаёти билан қизиқмаслиги мамлакатимизнинг халқаро сиёсий имижига салбий таъсир кўрсатди, давлатнинг нуфузи тушиб кетди. Иккинчидан, бундай вазиятни кўрган чет элликларнинг Ўзбекистонга қарашлари ёмонлашди, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий муҳитга ишончи сўнди. Оқибатда бу иқтисодий таназзулга олиб келди. Чунки ватандошларга нисбатан бу каби муомала ва Ўзбекистондаги “ётсираш” муҳити чет эллик инвесторлар ўртасида шубҳа, ишончсиз кайфият уйғотганди. Учинчидан, мамлакат илғор ғоялар ва инновацияларсиз яшаб келди. Бунга асосий сабаб ривожланган давлатларда тажриба тўплаган, инсон қадри юксак даражага кўтарилган ижтимоий-сиёсий тутумларни тарғиб қилиш истагида бўлган ватандошларимиз фикри, ҳаётни ўзгартириш борасидаги ташаббуслари билан қизиқилмагани бўлди.
Биз бугун “Янги Ўзбекистон руҳи” дея таъриф бераётган ички ва ташқи сиёсатимиздаги катта ислоҳотлар билан хориждаги ватандошларимизга нисбатан муносабат ҳам тубдан ўзгарди.
Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 25 октябрдаги қарорига биноан, Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси қабул қилинди.
Шу тариқа хориждаги ватандошлар билан алоқаларни яхшилашга доир асосий вазифалар белгилаб олинди. Унга кўра, Ўзбекистон энди хорижда яшаётган ватандошларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга киришди. Бунда, албатта, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари, ватандошларимиз истиқомат қилаётган мамлакат қонунлари, халқаро шартномалар асосида ишлаш амалиёти татбиқ этила бошланди.
Халқимизнинг маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, уни дунёда ўрганиш ва оммалаштириш, чет элларда ҳам ўзбек тилини ривожлантириш истагида ва ҳаракатида бўлган ватандошларимиз фаолиятини қўллаб-қувватлаш вазифаси қўйилди.
Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётига, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишни истаган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳам эътибордан четда қолмади.
Хориждаги ватандошларимиз, уларнинг фарзандлари учун Ўзбекистонда таълим олиш имкониятлари кенгайтирилди. Юртимизда касбий, шу жумладан, тадбиркорлик, сармоядорлик, илмий, маърифий ва маданий фаолиятни амалга ошириши учун қулай ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитлар яратилди.
Ўзбекистондаги кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, юртимизнинг халқаро обрў-эътибори ва нуфузини янада мустаҳкамлашда ватандошлар салоҳиятидан фойдаланиш ҳам яхши самара бера бошлади.
Яна бир янгилик. Президентимиз ташаббуси билан “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилди. Бу тарихий ташаббус хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизни она Ватани атрофида жипслаштириш, улар салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтириш, қалбида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, хорижда тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлашга хизмат қила бошлади.
Бугунги кунда мазкур фонд фаолияти хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган юртдошларимизни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга ҳам йўналтирилган. Бундан ташқари, чет элларда юртимизнинг бой илмий, маданий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, турли тадбирларни, ўзбек миллий маданий марказларини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатади.
Биз юқорида ҳам қисман айтганимиздек, бир вақтлар хориждаги олим ва ижодкор ватандошларимиз фаолияти Ўзбекистон томонидан эътиборсиз қолдирилган эди. Янги эврилишлар самарасида бундай ватандошларимизнинг юртимиз нуфузини оширишга қаратилган илмий, ижодий изланишлари қўллаб-қувватлана бошлади. Жумладан, улар ташкил этадиган нуфузли тадбирларда мамлакатимизнинг таниқли ёзувчи-шоирлари, фан арбоблари, уламолар, маданият ва санъат вакиллари, спортчилар иштирокини таъминлаш “Ватандошлар” жамоат фондининг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Қолаверса, хориждаги ватандошларимизнинг юртимиз тараққиётига доир ғоялари, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари жойлашган мамлакатларда ва уларнинг консуллик округига кирувчи давлатларда фаолият юритаётган 150 дан ортиқ диаспора ташкилоти, миллий маданий марказ билан самарали ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
Ватандошлар билан алоқалар мустаҳкамлангани ўзбек тилининг чет элларда нуфузини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. “Ватандошлар” жамоат фонди ўзбек тилини ўрганиш, уни асраб-авайлаш ва ёш авлодларга етказишда ватандошлар ва уларнинг ташкилотларига кенг кўламли ёрдам кўрсатиб келаётгани эътиборлидир.
Бугун хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимиз ҳам эътиборда бўлиб турибди. Бир вақтлар биз уларга ўгай назар билан беписанд қарар эдик.
Президентимиз Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг XI съездидаги нутқида “Бугунги кунда 2 миллион атрофидаги аҳолимиз рўзғорини тебратиш учун, оиласи, ота-онаси ва фарзандларидан узоқда – чет мамлакатларда меҳнат қилмоқда. Мусофир юртда, турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб нон топиш – албатта осон эмас. Биз чет элларда даромад билан бирга тажриба ва малака ҳам орттираётган ана шундай юртдошларимизга раҳмат айтишимиз керак. Улар бизнинг фарзандларимиз, ака-ука, жигарларимиздир”, деди.
Янги Ўзбекистон бугун ана шундай фарзандлари учун катта имкониятлар яратиб бермоқда. Бу уларни касб-ҳунарга ўқитиш, тил ўргатиш, хорижга бориш-келиш масаласидаги моддий кўмак, кредит олиш, уй-жой билан таъминлаш, меҳнат стажини юритиш каби қатор жиҳатларда кўзга ташланади.
Натижа кўз ўнгимизда
Бугун мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида хориждаги ватандошлар ҳақида ҳам туркум телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар тайёрланмоқда, интернет сайтларда, газеталарда қизиқарли мақолалар бериб борилмоқда. Бу ҳам ўз соҳасининг устаси, тадбиркор, илмли ватандошларимиз билан доимий алоқа ўрнатишда муҳим аҳамият касб этади.
Умуман олганда, хориж мамлакатларида истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг юртимиздаги ислоҳотлардаги иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли, ҳар томонлама ҳимоя қилишга кўмак бериш борасида жуда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, хорижда яшаётган ватандошларимиз билан тизимли асосда ишлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Пировардида Ўзбекистон ёпиқ мамлакатдан жозибадор ўлкага айланди. Президентимиз таъбири билан айтганда, дунё бизга очилди ва биз дунёга очилдик. Кўплаб дўстлар орттирдик.
Натижа кўз ўнгимизда. Келинг, уларнинг айримларига тўхталамиз.
Биринчидан, мамлакатимизга кириб келаётган хорижий сармоя кўлами сезиларли ошди. Чунки ватандошларимиз билан бегоналашув оқибатида юзага келган, биз юқорида ҳам таъкидлаган салбий оқибатлар буткул ижобий томонга ўзгарди. Энди ўз тарихий ватани ҳимояси ва ғамхўрлиги остида бўлган хориждаги ватандошларимиз янги Ўзбекистон билан фахрлана бошлади. Мамлакатимизга инвестиция киритиш ҳаракатига тушди ва бу ўз натижасини кўрсатди.
Иккинчидан, юртимизга илғор ғоя ва инновациялар кириб кела бошлади. Чунки биз ривожланган давлатларда тажриба орттирган, илғор ғоялар ва замонавий тенденциялар билан “қуролланган” ватандошларимиз фикри билан қизиқиб, улар тажрибасидан фойдаланишга ўтдик.
Бунинг учун уларга барча зарур шарт-шароитларни яратиб бердик, ғоя ва ташаббусларни рағбатлантириш тизимини жорий этдик.
Учинчидан, янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузи юксалиб, мамлакатимизда туризм ривожлана бошлади.
Бунинг асосий омили чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз ислоҳотларни кенг тарғиб этишга киришгани бўлди.
Тўртинчидан, ватандошлар билан алоқалар яхшилангани мамлакатимиз аҳолиси янги ва даромадли иш ўринлари билан таъминланишига ҳам катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Боиси, хориждаги ватандошларимиз ва уларнинг бизнес ҳамкорлари киритган инвестициялар эвазига кўплаб янги қўшма корхоналар ишга тушди. Чет эллик сайёҳлар оқими кўпайиши билан сервис соҳаси ривожланди. Пировардида минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлди ва давлат бюджетига тушумлар кўлами сезиларли ошди.
Биз мақолада янги Ўзбекистон ислоҳотларининг битта йўналиши – хориждаги ватандошларимиз билан тикланган алоқалар ва бунинг самарасида халқимиз ҳаётида кузатилаётган ўзгаришларни тилга олдик.
Албатта, чет элларда яшаётган, илм ўрганиб, тажриба орттираётган ватандошлар ва уларнинг юксак салоҳияти ҳақида яна кўп гапириш мумкин.
Кўп миллатли халқимиз руҳиятида кечаётган янги ҳаёт шукуҳи бугун ҳар биримизни, хориждаги ватандошларимизни ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ. Сабаби, бу ўзгаришлар ҳаётимизга янгилик олиб кирди. Пировардида ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор эканига ишондик. Шу ишонч бизни янги марралар сари чорлаб туради.
Мансур МУСАЕВ,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи,
сиёсий фанлар доктори