Адолатли жазо тайинланиши жазодан кўзланган мақсадга эришиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Маълумки, жиноят учун жазо тайинлаш фақат суднинг ваколатига тегишли. Шунга кўра жазо тайинлаш суд фаолиятининг масъулиятли қисми ҳисобланади. Айнан ана шу жазо тайинлаш босқичида жиддий масала ҳал этилади. Чунки шу вақтда жиноят қонунининг адолатлилик принципи амалда намоён бўлади, одил судловнинг қай даражада амалга оширилганлигининг бош мезони ҳисобланади. Жиноят содир этган шахсга нисбатан унинг шахсини, содир этилган жиноятининг ижтимоий хавфлилигини, жиноят туфайли келтирилган зарарнинг миқдорини ва ишнинг бошқа ҳолатларини эътиборга олган ҳолда адолатли жазо тайинлаш, жиноят содир қилган шахснинг ўз қилмишига яраша жазосини олганлик ҳиссини ҳам уйғотади. Ана шундай ҳиснинг пайдо бўлиши жазо мақсадининг дастлабки, аммо энг муҳим ютуғи ҳисобланади.
ЖК 54-моддасининг 1-қисмида судга қонун томонидан у ёки бу турдаги жазо чорасини ва унинг ҳажмини белгилаш доираси аниқ тарзда кўрсатилган, яъни суд жиноят содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган моддада белгиланган доирада жазо тайинлайди.
Жиноят қонуни қабул қилинганидан бери ЖКнинг 167-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан 2001 йил 29 августда киритилди. Жумладан,
167-модданинг 1-қисми санкциясидан муддати уч йилгача белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси чиқариб ташланди, ўрнига олти ой қамоқ жазоси киритилди. ЖКнинг 167-модда биринчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ–586-сонли Қонуни билан яна янгиланиб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолананиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари ушбу модданинг 2-қисмида мулкни анча миқдорда талон-торож қилиш учун жавобгарлик назарда тутилган бўлса, 2001 йил 29 август қонуни билан ушбу модда янги таҳрирда қабул қилиниб, анча миқдордаги мулк талон-торож қилинса, 167-модданинг 1-қисми билан жавобгар қилинадиган бўлди ва кўп миқдордаги мулк талон-торож қилинса, шу модданинг 2-қисми “а” банди билан жавобгар қилинадиган бўлди. Шунингдек, ушбу модданинг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган таҳририда мазкур жиноятни такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилганлиги, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этганлик учун шу модданинг 3-қисмидан 2-қисмига ўтказилди. Агарда олдин шундай жиноятлар учун мазкур модданинг 3-қисмида энг оғир жазо сифатида беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қонунда назарда тутилган бўлса (оғир жиноят), юқорида айтилган қонун билан энг оғир жазо сифатида беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилди (унча оғир бўлмаган жиноят). Натижада бу жиноятлар учун ҳам қонунда назарда тутилган жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш қоидаларини татбиқ этиш мумкин бўлиб қолди. ЖКнинг 167-модда иккинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ–586-сонли Қонуни билан базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоси киритилди.
Жиноят кодекси 167-моддасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган таҳрирининг 4-қисмида энг оғир жазо сифатида саккиз йилдан ўн беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган бўлса, 2001 йил 29 август қонуни билан қабул қилинган янги таҳрирдаги энг оғир жазо сифатида беш йилдан ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Бунинг натижасида Жиноят кодекси 167-моддасининг 3-қисмида жавобгарлик белгиланган жиноятлар ўта оғир жиноятлар туркумидан оғир жиноятлар туркумига ўтказилди. Ана шундай ўзгариш туфайли 167-модданинг 3-қисмида кўрсатилган жиноятлар учун ҳам шартли ҳукм (ЖК 72-моддаси)ни қўллаш имконияти туғилди.
Бундан ташқари, 167-модданинг 4-қисми санкциясида фақат саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлса, 2001 йил 29 август қонуни билан қабул қилинган таҳрирда 167-модда уч қисмдан иборат тарзда қабул қилиниб, унинг санкциясида энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди. ЖКнинг
167-модда учинчи қисмининг санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ–586-сонли Қонуни билан базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоси киритилди. 2001 йил 29 август қонуни билан мол-мулкни мусодара қилиш жазоси нафақат моддадан, балки жиноят қонунидан ҳам чиқариб ташланди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддасига “етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди” деган мазмунда, ЖКнинг 167-модда тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги ЎРҚ–389-сонли Қонуни билан “Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди” деган мазмундаги рағбатлантирувчи норма билан тўлдирилиши туфайли озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш жазосининг салбий таъсири ва оқибатларидан халос бўлишга имкон яратилди.
Ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш (ЖК 661-моддаси)нинг киритилиши муносабати билан жиноят қонунида жуда катта ўзгариш юз берди. Агар Жиноят кодекси 167-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс, ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, у Жиноят кодекси 661-моддаси бўйича жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги белгиланди. Жиноятчиликка қарши курашда, муҳими жазонинг қаттиқлиги эмас, балки битта ҳам жиноят содир қилган шахс жавобгарликка тортилмай қолмаслигидир. Жиноят кодексининг 10-моддасида “Жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи” белгиланган бўлиб, унга кўра қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт.
2018-2020 йилларни таҳлил қилганимизда, (2018 йилда 2817 та, 2019 йилда 2457 та, 2020 йилда 1528 та) ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятларини содир этган шахслар орасидан 2019 йилдан бошлаб жиноий жавобгарликка тортилган ва судланган шахслар сони камайиб борган. Лекин 2021 йилнинг 1-чорагида биргина Хоразм вилоятининг ўзида 25 та ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари содир этилган бўлиб, Хоразм вилоятида 2020 йил мобайнида (22 тагина) ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари содир этилганлигини ҳисобга олсак, ушбу қилмишлар сезиларли даражада ошганлигини гувоҳи бўламиз.
Суд жазо тайинлашда ЖК 54-моддасининг 2-қисмига кўра содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини, айбдорнинг шахсини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни эътиборга олади. Жазо тайинлашда суд томонидан эътиборга олинадиган ҳолатлардан биринчиси содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳисобланади. Ижтимоий хавфлилик даражасига кўра ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш учун жавобгарлик белгиланган ЖК 167-моддасининг асосий таркиби ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят, ЖК 167-моддасининг 2-қисми унча оғир бўлмаган, 3-қисми оғир жиноят саналади.
Жазо тайинлашда суд томонидан эътиборга олиниши керак бўлган ҳолатлардан бири етказилган зарарнинг қопланганлиги ҳисобланади.
2001 йилдан бошлаб етказилган зарар қопланганлиги муносабати билан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 21 майдаги “Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 4-сон қарорининг 9-бандига кўра, 2015 йил 13 ноябрдаги киритилган ўзгартиришларга кўра жиноят оқибатида етказилган моддий зарар озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахс томонидан апелляция, кассация, назорат инстанцияси суди, моддий зарар қайси судлов босқичида қопланганлигидан қатъи назар, қамоқда сақланаётган шахсларга нисбатан эҳтиёт чораси турини, озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазосини ўтаётган шахсларга нисбатан эса, жазо турини ўзгартириш масаласини дарҳол ҳал этиши шарт. Агар моддий зарар қопланган кунга қадар ўталган жазо муддати бошқа жазо тури учун қонунда белгиланган энг кўп миқдордан ошган бўлса, суд жазони ўталган деб ҳисоблайди ҳамда маҳкумни дарҳол озод қилинади.
Моддий зарар қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилиши мумкин эмаслиги хақида Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддаларида кўрсатилган қоида тугалланмаган жиноятга ҳам, башарти зарар билан боғлиқ оқибатлар келиб чиққунига қадар жиноятнинг олди олинган бўлса, татбиқ этилади. Бунда судланувчилардан бири томонидан моддий зарарнинг тўлиқ қопланиши жиноятнинг барча иштирокчиларига нисбатан озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони қўлламаслик учун асос бўлади. Қонунда белгиланган мазкур ҳуқуқий кафолатлар рецидив жиноятга, шу жумладан, муқаддам озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаб чиққан шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.
Етказилган зарар қопланган тақдирда шахсларга нисбатан эҳтиёт чораси турини, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган шахсларга нисбатан эса, жазо турини ўзгартириш масаласини дарҳол ҳал этиши шарт.
Суд томонидан жазо тайинлашда ҳисобга олиниши керак бўлган ҳолатлардан бири айбдорнинг шахси ҳисобланади. Айбдорнинг шахсини ўрганиш ўз навбатида жиноятнинг сабабларини аниқлашга ёрдам беради.
Аёлларга нисбатан жазо тайинлашда эътиборга олиниши лозим бўлган ҳолатлар мавжуд. Жумладан, ҳомиладор аёлнинг жиноят содир этиши жазони енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланади, ахлоқ тузатиш ишлари ҳомиладор, ёш боласини боқиш учун таътилда бўлган аёлларга тайинланмайди, аёлларга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашда ЖК 50-моддасида берилган енгилликлар инобатга олиниши керак.
Тамом бўлмаган жиноятлар учун жазо тайинлашда суд ЖК 58-моддасининг 1-қисмига биноан жазо тайинлашнинг умумий асосларига амал қилган ҳолда жиноятнинг оғир-енгиллигини, жиноий ният амалга оширилишининг даражасини ва жиноятни охирига етказа олмаганлик сабабларини ҳам ҳисобга олади.
Бобур Отабоев,
Тошкент давлат юридик университети Жиноят ҳуқуқи,
криминология ва корруцияга қарши курашиш кафедраси ўқитувчиси