Туризм азалдан сайёрамиз халқлари ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилган. Одамлар зиёрат қилиш ва дунёвий билимларни ўзлаштириш, савдо-сотиқни ривожлантириш, маданий ва дипломатик алоқалар ўрнатиш мақсадида саёҳатга чиққан. Шарқ Ренессанси даврида Марказий Осиё олимлари жаҳоннинг энг илғор, тараққий этган халқлари зиёлилари қаторида бўлгани ва уларнинг илм-фан равнақи йўлида хорижий мамлакатларга қилган сафарлари натижасида зиёрат ва илмий туризм турларига асос солинганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, миллий туризм хизматлар бозори шакллана бошлади. Айнан шу даврда мамлакатимиз иқтисодий эркинлигини ҳамда мустақил равишда ташқи дунё бозорига чиқишини маълум қилди. Бу даврда қабул қилинган ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонун туристик хизматлар кўрсатувчи корхоналар учун янги имкониятлар эшигини очди.
Натижада тармоқда янги бошқарув тизимини шакллантириш, туристик бизнесни юритишга ёрдамлашадиган қўшимча бизнес турларини яратиш, соҳага хизмат қиладиган банк, аудит, маслаҳат хизматларини ташкил этиш, вилоятларда туризм тармоғининг ҳудудий бўлимларини очиш, халқаро миқёсда туризм салоҳиятини реклама қилиш, хусусийлаштирилган туристик корхоналарни лицензиялаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор берилди.
Мустақилликка эришилгандан кейин мамлакатимизда туризм соҳасида бир вақтнинг ўзида учта муҳим жараён амалга оширилди: биринчиси, эски тизимдаги таназзулга учраган корхона ва ташкилотлар (экскурсия, саёҳат бюролари) ўрнига хизмат кўрсатиш талабига жавоб берадиган туроператор ва турагент сифатидаги янги ташкилотлар тузилди; иккинчиси, эски туристик корхоналарни қайта тиклаш йўли билан маҳаллий ва хорижий истеъмолчилар талабига мос туристик хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилди; учинчиси, 1992 йили мамлакатда “Ўзбектуризм” миллий компанияси ташкил этилди ва туризм соҳасида бу компания барча ташкилий, бошқарув ҳамда мувофиқлаштириш функцияларини амалга ошира бошлади.
“Ўзбектуризм” миллий компанияси 1993 йили Жаҳон туризм ташкилотига (ЖТТ) ҳақиқий аъзо бўлиб қўшилди. Бу жараён, ўз навбатида, халқаро туризмни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. 1994 йилда БМТнинг ЮНЕСКО ташкилоти ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида Буюк ипак йўлидаги шаҳарларда халқаро туризмни ривожлантириш бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди.
2014 йилда Жаҳон туризм ташкилоти ижроия кенгаши 99-сессиясининг айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилгани ҳам бежиз эмас. Бунга барча асослар мавжуд бўлиб, бу пайтда бутун дунёда Самарқанд шаҳри бир овоздан “Ипак йўлининг юраги” деб эътироф этилган эди. Бу кўҳна шаҳар ўша йили АҚШнинг машҳур “The Huffington Post” интернет нашри эълон қилган рейтингга мувофиқ, сайёрамизнинг туристлар бориб кўриши зарур бўлган 50 та энг гўзал шаҳри қаторидан ўрин олган.
Эътиборлиси, ушбу рўйхатга МДҲ давлатларидаги шаҳарлардан фақат Самарқанд киритилган. Мамлакатимиз туризм салоҳиятининг ошишига туртки берувчи инқилобий ўзгаришга Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий фармони сабаб бўлди.
Иқтисодиётда илк маротаба туризм соҳасига стратегик сектор мақоми берилди. Натижада юртимизда миллий туризм соҳасининг янги даври бошланди. Миллий иқтисодиётдаги стратегик сектор, яъни драйвер сифатида тан олингани туризм жабҳасини жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, иқтисодиётнинг унга ёндош тармоқларини кластер усулида ривожлантириш, миллий туризм брендини яратиш ва уни жаҳон бозорида тарғиб қилиш имконини вужудга келтирди.
Тадқиқотларга кўра, туристик салоҳиятни шакллантиришда асосий сарф-харажатнинг 77,6 фоизи сайёҳликка ёндош хизмат кўрсатувчи тармоқ ва ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса туризмнинг мультипликатив самарасини аниқлашда иқтисодиётдаги бошқа тармоқларнинг салмоқли ўрни борлигидан далолат беради. Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида белгиланиши натижасида ҳукумат томонидан кейинги 7 йилда соҳани жадал ривожлантиришга қаратилган 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасида 2022–2026 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Соҳадаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, юртимизга киришда фуқаролардан виза талаб этилмайдиган мамлакатлар сони 9 тадан 93 тага етказилди, 77 давлат учун электрон виза тизими жорий этилди. 109 давлат фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш ҳуқуқи берилди. Жорий йилда туризм соҳасидаги субъектлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Уларга субсидия ва ссудалар ажратиляпти.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили 19 сентябрда мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида туризм учун пандемиядан кейин қайта тикланиш даври бошланганини таъкидлади. Дарҳақиқат, 2022 йилда юртимизга келган хорижий сайёҳлар сони олдинги йилга нисбатан 3 баробар ошиб, 5,2 миллион нафарни ташкил этди.
Йил бошидан туризм экспорти ҳажми 926 миллион доллар бўлди (2019 йили даромад 951 миллион доллар бўлган). Ўзбекистонга келган меҳмонларнинг саёҳати ўртача 4-5 кунгача, сарфлаган маблағи 305 долларгача кўпайгани (бу 2019 йилда ўртача 3 кунни ташкил этиб, сайёҳлар 195 доллар сарфлаган) пандемиядан кейин қайта тикланиш ҳолати бошланганидан далолат беради. Ҳозирги пайтда миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишдаги асосий мақсадлардан бири устувор стратегик йўналишларни танлаб олишдан иборат.
Шу туфайли бугун дунё назари Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ижросига қаратилган. Мазкур ҳужжатнинг миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлашга бағишланган йўналишида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 миллион нафардан ошириш ҳамда мамлакатга келадиган хорижий сайёҳлар сонини 9 миллион нафарга етказиш вазифаси қўйилган.
Ушбу вазифанинг бажарилиши макро даражада туризм соҳасини ривожлантириш, ЯИМдаги улушини ошириш, аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлаш, туризм ва меҳмонхона хўжалиги хизматларини рақамлаштириш, ички туризмга инвестицияларни жалб қилиш ҳамда туризмнинг иқтисодиётдаги мультипликатив самарасини аниқлаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришни талаб этмоқда.
Янги Ўзбекистонда туризм соҳасини иқтисодиётнинг етакчи стратегик секторига айлантириш асосий ишлардан бири сифатида белгилангани туфайли туристик-рекреацион хизматлар самарадорлигини ошириш зарурати рақамли иқтисодиёт шароитида давлат аҳамиятига молик вазифага айланмоқда. Шу туфайли ҳозир Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросга, ноёб табиий салоҳиятга эга ҳудудлари учун зарурий рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда туристик-рекреацион объектлар бўйича маълумотларни ҳамда туристик фирма ва меҳмонхона хизматларини рақамлаштириш зарур бўлмоқда.
Иқтисодиётни рақамлаштириш хилма-хил маълумотлар, таълим, илмий, кўнгилочар контентни тақдим этади, уни тезроқ, яхшироқ ва қулайроқ шаклга ўтказади. Бу, ўз навбатида, тўлов қийматини пасайтиради ва янги даромад манбаларини очади. Онлайн муҳитда туристик хизматларнинг нархи анъанавий иқтисодиётга қараганда анча пасаяди. Давлат ва тижорат хизматларидан фойдаланиш осонлашади. Бундан ташқари, рақамли дунёда товар ва хизматлар жаҳон бозорига тез чиқиши, дунёнинг исталган нуқтасида мавжуд бўлиши мумкин.
Муҳими, таклиф этилаётган туристик хизмат истеъмолчиларнинг янги талабларини қондириш учун бир зумда ўзгартирилиши, қайта кўрилиши имконияти юзага келади. Пандемиядан кейинги даврда туризм соҳасини тиклаш ва янада ривожлантиришда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ШҲТ давлатларининг ягона туризм брендини шакллантириш ва уни илгари суриш, шунингдек, янги туристик маршрутларни яратиш, мавжуд йўналишларни хавфсиз туризм нуқтаи назаридан оптималлаштириш, туризм соҳасида сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тажриба алмашишга келишиб олинди.
Ҳақиқатан, ШҲТ давлатлари билан туризм алоқаларини янада ривожлантириш муҳим йўналиш бўлиб, сайёрамиз аҳолисининг 44 фоизини қамраб олган ташкилот ҳудуди салоҳияти тўлиқ ишга солинмаган улкан туризм бозоридир. Ушбу маконда бир йилда ШҲТ давлатларидан жами 250 миллионга яқин сайёҳ хорижда дам олиш учун кетишини ҳисобга олсак, ушбу оқимнинг атиги 5 фоизи Ўзбекистонга жалб қилинса ҳам, бир йилда қўшимча 12,5 миллион хорижлик сайёҳнинг ташрифини таъминлаш имкониятига эга бўламиз.
Коронавирус пандемиясидан кейинги даврда сайёҳларнинг саъйҳаракатларидаги туб ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, ички туризмни жадаллаштириш зарурати алоҳида аҳамият касб этмоқда. Зотан, мамлакатимизда туризм хизматини тиклаш ва янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар самараси соҳа ёки тармоқ билан бирга, маҳаллалар, оилалар ҳаётида ҳам яққол сезилаётир. Шу боис, туризм соҳасини Ўзбекистон иқтисодиётининг кучли драйверига айлантириш мақсадида халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш марралари белгиланган.
Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши юртимизда туризм соҳасидаги ислоҳотларнинг халқаро эътирофи бўлди. UNWTO Бош ассамблеяси ҳар 2 йилда бир марта ўтказиладиган муҳим туристик форум бўлиб, бундай нуфузли тадбир, яъни БМТ таркибига кирувчи ташкилотларнинг Бош ассамблеяси биринчи марта Ўзбекистонда ўтказилади.
Мазкур муҳим туристик форум ўтказилиши натижасида 2023 йилда Самарқанд шаҳри Жаҳон туризм пойтахтига айланади. Бу, ўз навбатида, “Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” концепциясини амалга ошириш ва юртимиз туризмида пандемиядан кейин қайта тикланиш даври бошланганидан далолат беради.