Париждаги Aраб дунёси институтида «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўжизалари» кўргазмасига бағишланган маданий-маърифий дастур доирасида Ўзбекистонда суратга  олинган «Мохов» (1928) ва «Бурилиш: унинг ҳуқуқи» (1931) номли овозсиз фильмлар намойиши ҳамда концер дастури бўлиб ўтди.

Фильмлар намойишини Республика кинофонди директори Элжон Aббосов ва киношунос, Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институтининг «Кино ва телевидения» бўлими мудири, санъатшунослик фанлари доктори Нигора Каримова тақдим этди.

Маданий-маърифий кечада Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти доценти Aброр Зуфаров раҳбарлигидаги мусиқий жамоа ўз  дастури билан чиқиш қилди.

100 дан зиёд Франциянинг таниқли киношунос ва мусиқа санъати ихлосмандлари  иштирок этган тадбир  француз жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Ушбу маданий дастур Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси кўмагида ўтказилди.

Тадбир қатнашувчилари Ўзбекистонда кинематография соҳаси бой тарихга эгалиги ҳамда унинг жахон киноиндустрияси ривожига катта ҳисса қўшганини эътироф этишди.

Хусусан, Анник Рафинон намойиш этилган икки фильм унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.

«1928 – 1931 йилларда суратга олинганлигига қарамасдан ушбу фильмлардаги актёрлар ўз ролларини юксак маҳорат билан ижро этгани мени ҳайратга солди», деди у.

Тадбир  иштирокчиларидан яна бири Ламия Мерабет ўзбек маданияти, санъатига қизиқиши юқорилиги ва ушбу тадбир француз кино ихлосмандларига учун ўзгача кайфият тақдим этганини билдирди.

«Бугун тақдим этилган фильмларни кўриб ўша давр ҳаёти, инсонларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдим ва ўзбек киносанъати тарихига қизиқишим янада ортди», деди у.