Президентимиз Олий Мажлис сенатидаги мурожаатномасида  “Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, ер майдонлари тўлиқ хусусий кластер ва кооперацияларга берилгани пахтачиликда ҳосилдорликни бир йилда ўртача 10 фоизга ошириш имконини яратди”, дея бежизга қайд этмади. Аслида ҳам юртимизда аграр тармоққа кластерларни кенг татбиқ этиш ўз  самарасини бермоқда.

Бу борада қонуний асосларнинг яратилаётгани эса таҳсинга лойиқ. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январь ва 28 февралдаги тегишли қарорлари бу борада дастуриламал бўлмоқда. Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги “Khantex Group” МЧЖ пахтачилик-тўқимачилик кластери ана шундай тузилмалардан бири.

– 2018 йилда  ташкил этилган кластер 858 гектар пахта майдонига эга, – дейди Андижон вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси Одил Раҳмонов. – Унинг 81,0 гектарига замонавий томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган. Корхонада ерга ишлов беришда янгича ёндашувни татбиқ қилиш мақсадида хориждан қарийб 400 дона  юқори унумли техника сотиб олинди. Улар ғўза  қатор орасига ишлов бериш, культивация килиш, касаллик ва зараркунундаларга карши курашиш каби агротехник тадбирлар тез ва сифатли бажаришда қўл келмоқда. Яъни агротехник тадбирлар тўлиқ механизациялаштирилди.

Мисол учун, чигитни юқори аниқликда экишга эришилиб, одатдаги 70-80 килограмм ўрнига 35-40 килограмм уруғлик чигит сарфланмоқда. Ана шу жараённинг ўзида ҳар гектардан 550-650 минг сўм тежалмоқда. Ёки ҳар гектарга авваллари 700-800 килограммдан минерал ўғит сарфланган бўлса,  эндиликда жаҳон тажрибаси асосида 250 – 300 килограмм сарфланмоқда. Ушбу ўғитлаш усули пахта ҳосилдорлигини гектарига 40 центнергача ҳосил олиб, сарфланадиган маблағлар 30 фоизга қисқармоқда.

Ана шундай замонавий усулларнинг татбиқ этилиши ҳисобига ҳосилдорлик ошмоқда. Мисол учун, ўтган йили ҳар гектардан ўртача 61.2 центнердан ҳосил олинди.

Кластер негизида “Lummus” компаниясининг энг замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган “Khantex Cotton” пахта тозалаш корхонаси ҳам фаолият юритмоқда. Тежамкор, юқори ишлаб чиқариш қувватларига эга дастгоҳлар кўмагида пахта толаси қайта ишланмоқда. Мазкур хом ашёни қайта ишлаш учун текстиль комплекси ҳам қуриб битказилди. Унда ўрнатилган тежамкор, экологик дастгоҳлар кўмагида корхонада йилига 10,4 минг тонна пахта толасини қайта ишлаб, 9,4 минг тонна ип-калава, 2,1 минг тонна трикотаж мато ва 10 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариляпти. Айни вақтда йиллик экспорт 40 миллион доллардан ошган.

 Кластер нафақат пахтачилик, балки ғаллачилик йўналишида ҳам фаолият бошлади ва бунда ҳам ижобий ютуқларга эришилмоқда. 2020 йилда кластерга тегишли  майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 70 центнердан ҳосил олинди.

Бундай ҳосилдорликка эришишда эса уруғлик донни тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани муҳим омил бўлмоқда. Ўтган йили Россиядан қарийб 3 минг тонна юқори авлодли уруғлик дон олиб келинди. Шуни ҳисобидан 2021 йил ҳосили учун  вилоятдаги  барча фермерларга унумдор, олий навли  уруғлик етказиб берилди. Бу каби инновацион ғояларни татбиқ қилишда кластер корхонаси қошида илмий марказ ташкил этилган.  У ерда  пахтачилик, ғаллачилик, мойли ва дуккакли экинларни етиштиришда илғор технологияларни қўллаш мақсадида кенг қамровли изланишлар олиб борилмоқда.