Пискент тумани «Кўлота» маҳалласидаги “MGA STAR GOLD” МЧЖ фаолияти айнан темир чиқиндиларини замонавий технологиялар асосида қайта ишлаб, таркибида темир оксиди бўлган пигмент ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
Айни вақтда корхонада ишлаб чиқаришни бошлаш учун тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Бу ерда темир оксидидан бўёқ пигменти, лок, керамика, тўқимачилик ва темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Келгусида МДҲ мамлакатларига экспорт қилиниши режалаштирилган ушбу маҳсулотлар сифати жиҳатидан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.
Корхонага 2,3 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш белгиланганди, лекин амалда 40 млрд сўм маблағ сарфланди. Айни вақтда 60 нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланган. Корхона тўлиқ қувват билан фаолият бошлагач, 200 та иш ўрни яратилади. Бир кеча-кундузда 20 тонна, йилига 7200 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.
– Иш уч сменада ташкил этилади. Шу боис, ишчилар ойлик маошдан ташқари, транспорт, озиқ-овқат билан ҳам таъминланади. Жамоага маҳаллий аҳоли вакиллари жалб этилади, – дейди корхона бош муҳандиси Олим Сулаймонов.
Эътиборлиси, хомашёси металл чиқиндилардан иборат бўлган корхонада аҳолининг темир-терсак ва қора металлар чиқиндиларини топширишдан моддий манфаатдорлигини ошириш ҳам йўлга қўйилади.