Беруний тумани ҳокими Отабек Сапарбоев билан бўлиб ўтган учрашувда соғлиқни сақлаш, енгил саноат ва меҳнат миграцияси соҳаларида лойиҳалар амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, 750 минг долларлик “Кўз касалликлари бўйича инновацион клиникани кенгайтириш, асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш” инвестиция лойиҳаси кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасида қўшимча клиника биноси қурилиб, инновацион жиҳозлар келтирилади. Уни 2023 йилнинг биринчи чорагида якунланиши кутилмоқда. Шунингдек, 2022 йилда «Allians Textile» тўқимачилик кластери томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Польшага экспорт қилишни ташкил этиш масаласи ҳам ўрганилди.

Беруний тумани ҳокимлигидан маълум қилишларича, туманда 7 минг нафаргача ишсизлар рўйхатга олинган. Шу муносабат билан 2022 йилда туман аҳолисини Польша корхоналарида иш билан таъминлашни ташкил этиш масаласига эътибор қаратилди. Элчихона билан ҳамкорликда иш берувчиларни топиш, меҳнат шартномалари имзолаш ва бошқа ташкилий масалаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Абу Райҳон Беруний номидаги 35-умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, ўқувчилар, ўқитувчилар ва таълим муассасаси раҳбарияти билан суҳбатлар ўтказилди.

"Дунё" АА мухбирининг таъкидлашича, мулоқотлар натижалари ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.