Шоли етиштириш қишлоқ хўжалиги тармоғининг муҳим йўналиши, дунё аҳолисининг учдан бир қисми учун эса асосий озиқа манбаи ҳисобланади. ФАО маълумотларига кўра, 2020 йилда сайёрамизда 158,8 миллион гектар майдонга шоли экилиб, 742,5 миллион тонна дон ҳосили етиштирилгани бунинг исботи. Бу йўналишда, айниқса, Хитой, Ҳиндистон, Индонезия давлатлари етакчилик қилмоқда.

Ҳосилдорликни ошириш кўп жиҳатдан замонавий инновациялар ва илм-фан ривожига боғлиқ. Ўзбекистонда ана шу икки жиҳатни бирлаштириб, шоличиликда янги лойиҳаларни ишлаб чиқишга киришилгани боиси ҳам шунда. Бу борада халқаро олимлар, дунёнинг илғор мамлакатлари билан ҳамкорликда ишлар олиб бориляпти.

Бугун Шоличилик илмий-тадқиқот институтида ўз ишини бошлаган “Шоли ва дуккакли экинларни етиштиришнинг замонавий усуллари ва ресурс тежовчи технологиялардан фойдаланиш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конфренция ана шундай бир гуруҳ хорижлик ва маҳаллий олимлар, соҳа вакилларини бир нуқтага жамлади. Анжуманда Ҳиндистон, Россия, Хитой, Корея, Қирғизистон давлатлари ҳамда Халқаро шоличилик илмий маркази ходимлари иштирок этмоқда. Мутахассислар 17-18 август кунлари давом этадиган илмий анжуманда шоличиликдаги янги ва илғор технологиялар борасида тажриба алмашиб, турли тақдимотларни намойиш этади.  

Халқаро илмий-амалий анжуманни Шоличилик илмий-тадқиқот институти директори Масъуджон Сатторов очиб бергач, меҳмонлар бирин-кетин ўз маърузаларини тақдим этди. Хорижлик мутахассислар эса Ўзбекистон билан ҳамкорликдаги лойиҳалари истиқболларига тўхталди.

— Биз Ўзбекистондаги Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан 7 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келяпмиз, — деди Хитой миллий шоличилик илмий-тадқиқот институти мутахассиси Доктор Жан. — Институт қошида Хитой—Ўзбекистон шоличилик тадқиқотлар лабораториясини ташкил этганмиз. Бу ерда икки давлат ҳамкорлигидаги қўшма лойиҳа амалга ошириляпти. Лабораториянинг асосий мақсади қурғоқчилик, ётиб қолишга чидамли, паст ҳароратда униб чиқадиган янги шоли навларини яратишдан иборат. Лойиҳа жорий йилда икки томондан молиялаштирилган бўлиб, 2 йил давом этиши режалаштирилган.

Халқаро анжуман доирасида ана шундай долзарб мавзулар ўртага ташланмоқда. Тадбирлар 18 август куни ҳам давом этади ва меҳмонлар Шоличилик илмий-тадқиқот институтининг тажриба майдонлари билан танишишади.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири