Делегация Россия Федерацияси Шимолий пойтахтининг ижро ҳокимияти, савдо-иқтисодий, маданий ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат.

Меҳмонларнинг куни тадбирларга бой бўлди ва улардан биринчиси – минтақалараро ҳамкорлик бизнес-форуми.

Ундан сўнг Санкт-Петербурглик меҳмонлар Волгоград қабристонидаги Жанговар шон-шараф мемориалига, Ленинградни уруш йилларида ҳимоя қилган ўзбекистонлик аскарлар хотирасига қўйилган хотира плитаси ҳамда «Матонат қасидаси» мемориалига гул қўйиш маросимида иштирок этди.

Сўнгра меҳмонлар «Рақамли Тошкент» платформасида яратилган Вазиятлар марказида бўлиб, шаҳар хўжалиги хизматларини оператив бошқариш имкониятлари ва прогнозлаш учун таҳлилий материаллар олиш методологияси билан яқиндан танишдилар.

Пойтахтимиздаги Ғалаба Боғида «Ленинград монументи» ҳайкалига тамал тошини қўйиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ушбу ҳайкал қамалдаги Ленинграддан эвакуация қилинганларни қабул қилган ўзбек халқига миннатдорлик тимсоли бўлади. Мемориал мажмуа бўйлаб сайрдан сўнг меҳмонлар Шон-шараф музейида ҳозирда Тошкентда истиқомат қилаётган Ленинград аҳли билан учрашдилар, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.